Ўзбекистондан чет элга валюта олиб чиқиш ва олиб кириш миқдори оширилади

Жисмоний шахслар томонидан нақд валютани божхонадан декларациясиз олиб ўтиш миқдори оширилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 4 сентябрдаги қарори билан ҳукуматнинг айрим қарорларига буни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Қарорга кўра:

➖Жисмоний шахслар томонидан олиб кирилаётган ва олиб чиқиб кетилаётган 100 миллион сўм эквивалентидан ортиқ миқдордаги Ўзбекистон нақд валютаси ва (ёки) нақд чет эл валютаси йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва божхона органи ходимига тақдим этиш йўли билан божхона назоратидан ўтказилади (аввал бу миқдор 70 миллион сўм эди).

➖Жисмоний шахслар декларация тўлдириш талаб этиладиган белгиланган эквивалентдан ортиқ миқдордаги нақд валюта маблағларини божхона назорати шакллари қўлланмасдан олдин декларацияламаган ҳолда божхона органлари ходимларига маслаҳат олиш мақсадида тақдим этганда, божхона органлари ходимлари томонидан жисмоний шахсларга декларация тўлдириш қоидалари билан боғлиқ умумий тушунтиришлар берилади (илгари бу қоида мавжуд эмас эди).