Нарх бўйича ёлғон ахборот берган “Қўролос” кўмир омбори мутасаддиларига ҳайфсан берилди

Жорий йилнинг 23 ноябрь куни сайтимизда Қўшработ тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг “Қўшработда кўмирнинг нархи нега икки баробар қиммат?” сарлавҳали мақоласини эълон қилгандик. Мақолада билдирилган танқидий масалаларга “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг Самарқанд бирлашган ёнилғи омбор хўжалигидан жавоб хати олдик:

“Масала 2019 йил 24 ноябрь куни идорамиз ишчи гуруҳи томонидан жойига чиқиб ўрганилди. Ўрганишлар жараёнида аниқландики, Қўшработ туманидаги “Қўролос” кўмир омбори ходимларининг ўз иш вазифалари нималардан иборат эканлигини билмаган ҳолда ёлғон ахборот берган. Яъни, “Қўролос” кўмир омбори тарозибони вазифасида ишлаб келаётган А.Ялғошев асоссиз, оғзаки хабар бергани, омбор мудири бўлиб ишлаб келаётган Ғ.Мираковга эътиборсизлиги учун интизомий чора қўлланилиб, ҳайфсан берилди.

Шуни таъкидлаш жоизки, фуқароларга сотиладиган кўмир нархлари омборнинг ташқи ва ички қисмидаги кўргазмада белгиланиб, кўрсатиб қўйилган.

Бу каби камчиликлар келгусида содир этилмаслиги учун омбор ходимлари билан йиғилиш ўтказилиб, уларга тушунчалар берилди.

Ф.ҲУСАИНОВ,

Самарқанд бирлашган ёнилғи омбор хўжалиги бошлиғи”.