Навоий асарлари бугунги кунда ҳам бизни маърифатга чорлаб туради
Мир Алишер Навоий туғилган кунида Имом Бухорий номидаги ҳадис мактабида ҳадис илмини ўрганаётган ёшлар, таниқли олимлар, жамоатчилик вакиллари билан бир суҳбатда иштирок этдим. Албатта, тадбирни ташкил қилувчи ака-ука зиёлилар гарчи ота-онаси хотирасига хатм-қуръон қилишган бўлишса-да, давранинг йўриғи ҳазрат Навоий маърифатига бағишланди.
- Алишер Навоий асарларининг кўп нусхалари хориждаги кутубхона ва музейлардан мамлакатимизга келтирилмоқда, - деди ҳадис мактаби раҳбари Олим Юсупов. - Қўлёзмаларнинг ноёблиги шундаки, унда хаттот маҳоратидан ташқари, аждодларимизнинг ҳали бизгача етиб келмаган мерос намуналари мавжуд. Шулардан бири 1500 йилда Султон Ҳусайн топшириғи билан яратилган куллиётдир. Муқоваси теридан қилинган, ёзувларига эса олтин суви югуртирилган. Алишер Навоийнинг бу тўплами ҳозиргача Истамбул кутубхонасида сақланади. Мазкур қўлёзма нусхаси бизга ҳам келтирилди. Бугунги суҳбатимизда ана шу тўплам моҳиятини тушунтириб бериш учун ёш, иқтидорли адабиётшунос, Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети тадқиқотчиси Акрам Малик ташриф буюрган.
Дарвоқе, бу йигит икки ойча илгари ҳам бош кутубхонамизда шу мавзуда чиройли маъруза қилган эди. Меҳмон суҳбатни буюк мутафаккирнинг бугунги кунда ҳаётимизни янада яхши қилиш учун зарур бўлган хулосаларини шарҳлашдан бошлади. Бу аввало, ўзни англаш, бировни тинглай билиш, ўзини дунёнинг бир зарраси деб билиш, эътиқоддан воз кечмаслик, энг муҳими, бошқаларга зиён етказмаслик каби тушунчалар эди.
- Аммо бундай фазилатлар фақат битта ҳолатда инсон вужудида рўёбга чиқади, яъни у маърифатли бўлсагина, - деди Акрам Малик. - Навоий деярли барча асарларида ана шу ғояни илгари суради.
Унинг фикрича, бу тўпламда «Муножот» ўзига хос тарзда ёзилган. «Муножот» - бу Аллоҳга ҳамду сано айтишгина эмас, балки инсон ўз гуноҳларига иқрор бўлиши, камчиликларини тан олиши, тавба-тазарру қилиши ва кейин бундай хатоларга йўл қўймаслик учун ваъда беришининг поэтик ифодаси. Биз эса гоҳида Худони унутганлигимиз туфайли қонунларни ҳам менсимай қўйдик. Хатоларимизни тан олиш ўрнига ўзимизни оқлашга берилиб кетдик.
Яна бир ибратли хулоса. Биз кўп ҳолларда бирор хатога йўл қўйсак, юзаки бўлса-да, кечирим ва узр сўраймиз, «Мени шайтон йўлдан урди» деймиз. Ваҳоланки, Навоий асарларидаги хулосаларни ўқиб, уқиб, англаб етсак, унга кўра, шайтон ҳамиша бизнинг ичимизда ва бу шайтон худди ўзи каби вужудингизда мавжуд нафсингизни қўллаб-қувватлайди. Демак, нафс ҳамиша биз билан бирга, Худо ана шу нафсни тийиш учун бизга ақл, фаросат берган. Инсоннинг қадр-қиммати ҳам умри давомида шайтон ва нафсга қарши курашига қараб белгиланади.
Акрам Малик Алишер Навоий меросининг аҳамияти ҳақида гапирар экан, оилавий тарбия, ота-она ибрати мутафаккир асарлари ғоясининг бош ўзаги эканлигини алоҳида таъкидлади. «Фарҳод ва Ширин» достонида Фарҳоднинг ота таклифига мойиллик билдирмасдан, яъни имтиёздан фойдаланмасдан, китоб ўқишга, фикрлашга, оддий бўлишга интилиши бу ота сўзининг инкори эмас, балки отанинг ибратли тарбияси самарасидир. Алишер Навоий Фарҳод образи орқали инсон умри давомида турфа ҳолларга дуч келиши, фақат онгу шуури етган нарсаларгагина амал қилиши ва ҳар қандай ҳолатда ҳам фақат сабр ва тафаккур билан яшаши зарурлигини таъкидлайди. Фарҳод ўз йўлида дуч келган қийинчиликлар ҳар кимнинг бошида бўлиши мумкин, лекин бу достонда бу вазиятлар турли образлар орқали кўрсатиб берилган.
«Лайли ва Мажнун»даги Лайлининг латофатию Мажнуннинг дарди ҳам файласуфона шарҳланган. Яъни, ишқ бу - лаҳзалик ҳаяжон. Қатъият, вафо, садоқат, юракни англаш каби фазилатларни пайдо қилмаган бу лаҳзалик ҳис муҳаббат бўла олмайди. Муҳаббат синовлари бу - ҳаётнинг синовларидир. Зеро, буюк шоир муҳаббат асносида ёлғиз Худога суянишгина инсоннинг вужудини қувватли қилади, деган хулосага келади. Худога суяниш бу - фақат худодангина ўзига куч-қувват сўраш деганидир. Аллоҳдан бошқага суяниш, боғланиб қолиш ҳамиша ҳаётда инсон олдига жуда катта қийинчиликларни келтириб чиқаради. Негаки, хато қилмайдиган одам йўқ.
Алишер Навоий асарлари бугунги кунда ҳам бизни маърифатга чорлаб турибди. Маърифат эса фикримизни теранлаштиради, дилларимизни яқинлаштиради, эзгу фазилатларни бирга баҳам кўришга имкон яратади. Ўз қадрини, замонаси қадрини, атрофидагиларнинг қадрини англаган инсон худонинг суюкли бандаси, жамиятнинг фаол фуқароси ҳисобланади.
Мен суҳбатдан ана шу таассуротлар билан қайтаётганимда ҳамроҳим, фахрий муаллим Абдумалик Мажидов сўраб қолди:
- Мен ҳам ушбу мулоқотдан кўп нарса олдим. Нега биз маърифий суҳбатлар ўтказмаймиз, ҳаммасини семинар, конференция деб расмийлаштирамиз. Ваҳоланки, оддий аҳоли ўртасида «Навоийхонлик», «Бобурхонлик», «Машрабхонлик» каби машваратлар бўлганку ахир…
Энди бу саволга мутасаддилар жавоб берар.
Фармон Тошев.