Навоийшуносликнинг бахтиёр маликаси, таниқли олима Суйима Ғаниевани йўқлаб

Ўзбек адабиётшунослиги жаҳон адабиётшунослиги фани услубида шаклланиб тараққий топишида юксак илмий аҳамиятга эга асарлари билан хизмат кўрсатган олимлардан бири Суйима опа Ғаниева бўладилар. Опа ҳаётларининг баҳоридаёқ фақат илм йўли у кишининг чексиз маънавий эҳтиёжларини қондиришини ҳис этдилар ва шу йўлдангина юришни ихтиёр этдилар. Бу танлов билан Суйима опа фитратан илмталаб, маърифатталаб, меҳнатталаб инсон эканликларини сўзсиз намоён этдилар.

Илм – Яратган даргоҳидаги энг нодир, танланганларгагина инъом этиладиган хазинадир. Бутун инсоният ичидан танланганлар ҳам олимларни ўзларининг ворислари деб биладилар.  Илм шунчалар олий неъмат, сермашаққат меҳнат, заҳмат ва фидоийликдир. Каттами, кичикми, илмталабми, илм ёйувчими жаҳолат зулматига игнадай нур киритсагина, Ҳазрат Навоий айтганларидай «бу қофила (яъни, аҳли илм) тариқи»га киради.

Суйимахон опа ХХ аср ўзбек адабиётшунослигининг, хусусан, навоийшунослик фанининг «мабдаи нур»ларидан биридир. Опанинг тинимсиз изланишлари ва меҳнатлари туфайли навоийшунослик фани ўзининг тенгсиз захирасига эга бўлди.

Навоий меросини текстологик нуқтаи назардан ўрганиш соҳасида амалга оширилган биринчи ва катта тадқиқотлар Суйимахон опа қаламларига мансуб. Олима яратилаётган тадқиқотнинг катта ёки кичик бўлишидан қатъий назар қўлёзмаларнинг жаҳон китоб хазиналарида сақланаётган турли нусхаларини кўриб чиқиб, улардан муҳим илмий аҳамиятга моликларини тадқиқот учун асос қилиб оладилар. Бундан ташқари, асарлар фотонусхаларини синчиклаб ўрганиш, ўнлаб қўлёзмаларни бир-бирига солиштириш натижасида шоир асарларининг бир нечта редакциялари мавжуд бўлганлиги хусусида ҳам маълумотга эга бўладилар. Хусусан, «Мажолис ун-нафоис» тазкирасининг уч редакцияси ҳақида аниқ илмий маълумотлар бериб, шоир ижодхонасидаги бадиий таҳрир ҳодисасига ҳам муносабат билдирилади.

Олима ўзига хос илмий услубга эга. У матнлар қатидаги кўпчилик эътиборини тортмаган, аммо ўқувчи учун ғоят фойдали, қизиқарли бирор ҳодисага диққатини қаратади. Хусусан, Ҳазрат Навоийнинг Унсиядаги кутубхонаси таркиби, мазмун-мударижаси ҳақидаги қизиқишлар навоийшуносларни кўпдан буён ўйлантириб келади. Опа бу соҳада катта бир ишни амалга оширдилар. «Навоий ёдга олган асарлар» номли китобларида шоирнинг бой ва серқирра адабий, илмий меросида у ўрганган ва истифода қилган асарларнинг тўлиқ рўйхатини ва бу асарлар ҳақида маълумотларни келтирадилар. Шоир ижодига қизиққан ва тасаввуф илмини ўрганмоқчи бўлганлар учун катта қулайлик яратилган бу рисолада Навоий тилга олган асарлар рўйхати алифбе тартибида келтирилиб, уларнинг мазмуни ҳақида ҳам изоҳ ва қайдлар берилади.

Суйимахон опа Навоий даври, унинг иштирокида яратилган адабий муҳит иштирокчилари ва хусусиятларини чуқур ўрганишга интилганлар. Шавкатли шоҳ ва дилбар шоир Ҳусайн Бойқаро асарлари қўлёзмалари ва нашрлари, девони ва рисоласи нашрлари билан ўтган асрнинг олтмишинчи йилларидаёқ, ўша пайтдаги давлат сиёсати Соҳибқирон Амир Темур ва темурийзодаларга нохолис муносабатда бўлган, совет тузумига қадар ўтган ҳамма ҳукмдорлар қораланган бир даврда шуғулланганлар.

«Навоий хонадонига мансуб шоира» (1987), «Табъи хуб, каломи марғуб» (1996), «Етиб эл дардина ортуқ билиги» (1996), «Гавҳаршодбегим», «Сароймулкхоним» (1999), «Мухаммаси Мўмин Мирзо бир ғазали Чомй» (2000), «Бойсунғур Мирзонинг Фирдавсий «Шоҳнома»сига ёзган дебочаси» (1996), «Фахрий Ҳиротийнинг «Жавоҳир ул-ажойиб тазкираси» (1999), «Шоҳ Ғариб Мирзонинг янги топилган ғазали» (1999), «Навоийнинг катта замондоши Меҳри Ҳиротий» (1960) каби мақолалар олима изланишлари диапазонининг кенглиги ва унинг улкан салоҳиятидан далолат беради.

Суйима Ғаниеванинг ўзи ҳам қомусий билимларга эга олима эдилар, десак бағоят тўғри бўлади. Чунки, романтизм руҳи ҳали ҳамон уфуриб турган бир даврда яратилган, айниқса, маркази Ҳирот бўлган темурийлар тамаддуни даврида яратилган бадиий асарлар ўша давр илму фанининг барча ютуқларини ўзида мужассам этиб, бутун бир давр руҳияти ва илмий, маданий тафаккурини ўзида акс эттирган. Шундай экан, бу давр адабиёти билан шуғулланган мутахассис ниҳоятда чуқур билимлар соҳиби бўлиши керак ёки иш жараёнида худди шундай шахсга айланади. Шу боисдан қайси мавзуда бўлмасин, суҳбат қурилмасин, Суйима опадан катта ва бағоят фойдали маънавий мадад олиш мумкин эди.

Давримизнинг юксак маданий ҳодисаси бўлган академик нашр – Алишер Навоий Мукаммал асарлари тўплами 20 жилдлигининг 13-, 14-, 15-, 16-, 17-жилдлари, Ҳазрат Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис», «Маҳбуб ул-қулуб», «Муншаот», «Вақфия», «Хамсат ул-мутаҳаййирин», «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер», «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад», «Назм ул-жавоҳир», «Муҳокамат ул-луғатайн», «Арбаъин», «Сирож ул-муслимийн», «Муножот», «Рисолаи тийр андохтан», «Насойим ул-муҳаббат» (ҳаммуаллифликда) каби ўн тўртта асарлари матнларини изоҳ ва таржималар билан нашрга тайёрлаб берган алломаи даврон Суйимахон опа бўлдилар.

Кўп йиллик ҳаётий тажрибаларидан келиб чиқиб, фойдали маслаҳатлар берар эдилар. “Бир нарсага амин бўлдим, - деган эдилар бир суҳбатда, - улуғ инсонлар номларини тилга олаверсангиз, меросларини ўрганиб, асарларига мурожаат этиб турсангиз, шу ўтган инсонларнинг руҳи поклари доимо Сиз билан бирга бўлар экан. Уларнинг назоратида турар экансиз. Мен буни яққол ҳис этдим”.

Самарқандда кўп меҳмон бўлар эдилар. Таклиф этилсалар, албатта келар эдилар. Шогирдлари билан фахрланиб, уларнинг китоблари тақдимотларида ҳам қатнашар эдилар. Кароматхон Муллахўжаевани, Олимжон Давлатовни, Комилжон Раҳимовни кўп тилга олар, ёшларнинг илм соҳасидаги хизматларини эътироф этишни ёқтирар эдилар.

Самарқандга келган чоғида дўсту ёрлари, биродарларини кўриб, бир неча дақиқа бўлса ҳам суҳбатлашиб кетишни одат қилган эдилар. Дунёдан ўтган таниш-билишларининг уйларига бориб, дуои фотиҳа қилиб, яқинларидан кўнгил сўраб қайтар эдилар.

Дилкаш инсон, дилбар аёл эдилар. Юморга бой эдилар. Юз-кўзлари доимо кулиб турар эди. Бирор марта ғамгин ёки маъюс бўлганларини кўрмаганман. Матонатли эдилар.

Суйимахон опа Ҳазрат Навоий ижодини дилдан севган ва шаҳзода Фарҳодсифат фидоий меҳнат билан бу бетимсол даҳо ижодкорни элга севдирган олима эдилар. Шу боисдан Навоийни севган инсон бевосита Суйимахон опани севиб қолар эди, Суйимахон опани кўрган инсон унинг гўзал юзу кўзларида Навоий маърифати қуёшидан ёққан нурларни кўрар эди. Ҳаётни севар эдилар. Ўзларига “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилган мажлисда, Президент ҳузурида Алишер Навоийнинг: “Хушдурур боғи коинот гули, борчадин хушроқ ҳаёт гули” байтини ўқиган эдилар.

Дилором Салоҳий,

Самарқанд давлат чет тиллар институти профессори, филология фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.