Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Назоратчиларни уйга киритишим шартми?

- Электр тармоқлари корхонасидан келган назоратчилар уйимдаги ҳисоблагични кўриб, текширишларини айтишмоқда. Мен эса қарзим йўқлигини айтиб, уларни ичкарига қўймадим. Ўзи «ақлли ҳисоблагич» бўлса, унга инсон омили аралашмаслиги керак эмасми?

Назоратчилар “счётчик”ни текшириш учун уйимга кириши шартлигини таъкидлашмоқда. Уларнинг бунга ҳақи борми?

Қобил НАЗАРОВ,
Самарқанд шаҳри.

- Ҳа, бор. Ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг вакили гувоҳномасини кўрсатган тақдирда, хонадондаги электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини соат 8:00 дан 20:00 гача ҳеч қандай қаршиликларсиз кўриш ҳуқуқига эга.

Электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини кўздан кечириш учун назоратчи ходимни қўймаслик далолатнома билан расмийлаштирилади. Истеъмолчи далолатнома билан танишиши шарт. Истеъмолчи далолатномани имзолашни рад этган тақдирда, далолатномада бу ҳақда тегишли ёзув қайд қилинади. Истеъмолчининг далолатномани имзолашни рад этиши уни электр тармоқларидан узиб қўйишга асос бўлади ва бу ҳақда у хабардор этилиши лозим.

***

Штати қисқарганларга ҳам мукофот пули бериладими?

- Корхонамда штат қисқариши муносабати билан менга огоҳлантириш хати берилган эди. Маъмурият шуни баҳона қилиб бизга «премия» бермаяпти. Огоҳлантириш муддати тугагунча мукофот пулларини олишга ҳақлиманми йўқми?

Зокир БЎРИЕВ,
Каттақўрғон шаҳри.

- Ходимларга меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида огоҳлантириш берилиши уларни бирор-бир меҳнат имтиёзлари ва кафолатларидан маҳрум қилишга асос бўлмайди. Огоҳлантириш муддати тугаб, токи меҳнат шартномаси бекор қилингунига қадар ходимнинг меҳнат муносабатлари аввал қандай бўлган бўлса, шу ҳолда қолади. Бирор-бир меҳнат қонунчилик ҳужжатларида огоҳлантириш муддати давомида ходимларни меҳнат имтиёзларидан маҳрум қилиш ёки уларнинг миқдорини камайтириш ҳақида нормалар кўрсатилмаган.
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига кўра, ходимлар огоҳлантириш муддати давомида бошқалар қатори мукофот пулларини олишга ва бошқа меҳнат имтиёзларидан фойдаланишга ҳақли.

Саволларга ҳуқуқшунос Зафар ҚАРШИЕВ жавоб берди.

***

Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.