Бугун жамиятда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни қандай?

27 февраль – Бутунжаҳон нодавлат нотижорат ташкилотлари куни муносабати билан халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича комиссия аъзолари ҳамда вилоятда фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилот вакиллари иштирокида ноанъанавий анжуман ўтказилди.

Иштирокчи ташкилот вакиллари соҳада ўзлари дуч келаётган муаммолар, янгиликлар ҳамда тажрибалари билан бир пиёла чой устида суҳбат қурдилар.

- Нодавлат нотижорат ташкилотлари машварати иштирокчиларнинг расмиятчиликдан холи бўлган, давра қуриб, суҳбатлашиш, фикрлашишдан иборат, - дейди «Имкон» фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон тараққиёти маркази раҳбари Фотеҳ Раҳматов. – Худди шундай суҳбатлар кейинчалик давлат идоралари вакиллари билан нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари ўртасида бўлиб ўтади. Ушбу мунозаралар мазкур ташкилотлар ўртасида ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб беради, деб ўйлайман.

Айтиш керакки, кейинги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз фаолиятини олиб боришда нафақат республикада, балки вилоятда ўтказилаётган грант танловларида ҳам иштирок этиб, қатор ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш имконига эга бўлдилар. ННТлар фаолиятига оид бўлган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш ва ҳуқуқий хулосалар бериш мақсадида Ўзбекистон ННТ миллий ассоциацияси қошида тажрибали мутахассислардан иборат экспертлар гуруҳи ташкил этилган. Улар ННТлар билан бевосита ишлаб, уларнинг ташаббусларини амалга оширишга ёрдам беради.

ННТлар машваратида қайсидир ташкилот яқин мамлакатлар билан алоқаларни йўлга қўйганини айтса, яна бири йирик лойиҳани амалга оширишда кўмак сўради, пенсионерлар учун қонун лойиҳаси таклиф этган ташкилот бу масалада аниқ таклифларини билдирди.

Анжуман давомида тадбир иштирокчилари учун Самарқанд шаҳридаги тарихий обидаларга зиёрат ҳам ташкил этилди.