ННТлар нега солиққа ҳисобот топшириши керак?
Ахир улар даромад қилмайди-ку!
Қолаверса, ўз вақтида топширилмаган ҳисобот туфайли уларни жаримага тортиш нечоғлик тўғри? 2017 йилда ёпилиб кетган нодавлат ташкилотининг собиқ раҳбарига ҳам ҳисобот топширмагани учун жарима келиб турса, бу қандай гап? Нодавлат нотижорат ташкилотлари грантлар ҳисобига эзгулик қилаётган бир пайтда, ҳисоби ноль бўлиб турган ҳолатдаям улар қўшимча қиймат солиғига тортилиши қанчалик ҳақиқатга яқин?
Вилоят адлия бошқармасида нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институти вакиллари билан вилоят ҳокимлиги, адлия, солиқ ва бошқа ҳамкор идоралар масъуллари билан ўтказилган очиқ мулоқотда шу каби қатор саволлар ўртага ташланди. Мутасаддилар уларнинг аксариятига атрофлича жавоб берди, баъзи таклифлар эътиборга олинди.
-Кейинги йилларда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлайдиган, замонавий демократик талабларга ва халқаро стандартларга жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий база яратилди. Жумладан, ушбу йўналишда 20 дан зиёд қонун ҳамда ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, - деди вилоят ҳокими ўринбосари Баҳодир Қодиров ўз чиқишида. - Айтиб ўтиш керакки, айни пайтда тадбиркорлик ва фермерлик йўналишида 37, спорт йўналишида 148, ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича 73, ёшлар йўналишида 51, ҳуқуқий-демократик институтларни ривожлантириш соҳасида 74, маданият, тарих ва маърифат йўналишида 53 ННТ фаолият юритмоқда.
Шунингдек, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан кейинги тўрт йилда 9 миллиард 400 миллион сўм ажратилди.
Давлат ижтимоий буюртмаси танловларига таълим, тиббиёт, қурилиш ҳамда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, туризм ва спорт, миллатлараро муносабатлар, коррупцияга қарши курашиш, маданият, ОАВ ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мингдан ортиқ лойиҳа келиб тушди. Танловлар якунига кўра, 2021-2024 йиллар давомида 85 давлат ижтимоий лойиҳалар 5 миллиард сўмга молиялаштирилди.
Қабул қилинган қонун ҳужжатлари натижасида ННТлар жамият қурилишида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлиб бормоқда, уларнинг сони йил сайин ўсиб бориши кузатилмоқда.
Жумладан, 2024 йил 1 декабрь ҳолатига Самарқанд вилоят адлия бошқармасидан рўйхатдан ўтган ННТ ва уларнинг алоҳида бўлинмалари сони 818 тани ташкил қилиб, шундан 658 тасида Адлия вазирлигида рўйхатга олинган бош ННТси мавжуд ташкилотлар ҳамда 160 таси мустақил ННТларни ташкил этади.
“Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида ўтказилган анжуман давомида вилоятда фаолият юритаётган бир қатор ННТ вакиллари томонидан фаолияти давомида дуч келаётган муаммолар, айниқса, солиқ, ушбу идорага топширилаётган ҳисоботлар билан боғлиқ масалалар бўйича ўз фикрларини билдиришди.