Ижтимоий хизмат қачон, қандай ривожланади?
Бугун ижтимоий хизмат соҳаси замонавий фуқаролик жамиятининг ўзига хос институтига айланди. Ижтимоий давлат сифатида юртимизда ҳам айни йўналишга эътибор ортиб, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолияти йўлга қўйилди, янги тизим яратилди. Хўш, бу тизимда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни қандай? Улар давлат билан қандай ҳамкорлик қилади?
Маълумотга кўра, шу кунларда вилоятимизда 818 та нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият юритади. Шундан 240 таси ҳисоб рўйхати ва 578 таси давлат рўйхатидан ўтказилган. Уларнинг 311 таси диний ташкилот эканлигини ҳисобга олсак, қолган 507 таси у ёки бу турдаги ижтимоий хизматлар кўрсатиш билан шуғулланади. Аммо соҳада давлат иштирокининг ортиши баробарида вазифалар такрорланиб, умумий самарадорлик пасаймайдими, деган фикр ҳам мавжуд.
Самарқанд шаҳар Кўксарой маҳалласида “SOS Болалар маҳаллалари” нодавлат нотижорат ташкилотининг Ижтимоий етимликнинг олдини олиш хизмати маркази очилишида айни саволни ташкилотнинг вилоят филиали директори Дилрабо Давроновага берган эдик. Маълумот учун: марказ ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёки шундай хавф остидаги, ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар, кўп болали оилаларнинг фарзандлари билан ишлайди. Самарқанд шаҳрининг ўзида филиалнинг бешта шундай маркази бор. Шунда мутахассис ижтимоий хизмат кенг тушунча эканлиги, мазкур жараёнда ёрдам “қўли” қанча кўп бўлса, самарадорлик ҳам шунча яхши бўлишини айтганди. Ташкилот “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда маҳаллалар билан ҳамкорликда ишлаб, жойларда муҳтожларга ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам бериб келмоқда.
— Ижтимоий хизматлар соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар бизнинг фаолиятимизга ҳам ижобий таъсир қилмоқда, - дейди Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази Самарқанд минтақавий филиали директори Отабек Қосимов. – Мисол учун, олдин имконияти чекланган болаларни топиш ва комиссия кўригига жалб қилиш учун маҳалла, мактаб ва тиббиёт муассасаларига хат билан чиқиб, овора бўлар эдик. Ҳозир Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси билан ижтимоий шериклик асосида ишлаяпмиз. Улар нуқсони бор болаларни бизга йўналтиради, биз эса ўз навбатида уларни ижтимоий реабилитация қилиш билан шуғулланамиз. Айтиш мумкинки, бугун вилоятимизда 19 мингга яқин имконияти чекланган болалар бор. Марказимиз эса бир йилда ўртача минг нафар болани қабул қилиши мумкин. Яъни, бу йўналишда ҳали ҳам имкониятларимиз етарли эмас.
“Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунда ижтимоий шериклик давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан, тармоқ, ҳудудий дастурларни, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш борасидаги ҳамкорлиги, дея кўрсатилган. У нафақат ижтимоий хизматлар соҳасида, балки аҳолининг бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерликни ривожлантириш, атроф-муҳитни, аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ҳар томонлама баркамол ва соғлом ёш авлодни шакллантириш, ёшларга билим бериш, оналик ва болаликни, шунингдек хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сингари муҳим йўналишларда ҳам амалга оширилади.
Айтиш жоизки, соҳада фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини ошириш, уларнинг бу борадаги фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи қонунчилик доирасида ҳам мустаҳкамланиб бормоқда. Президентнинг жорий йил 24 августдаги фармони билан эса Олий Мажлис, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда маҳаллий кенгашлар ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлар қўшиб юборилиб, уларнинг негизида Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилди. Ҳужжат билан ижтимоий фойдали дастурлар самарадорлигини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш белгиланган.
Шунингдек, унга кўра, 2024 йилнинг 1 октябридан 2027 йилнинг 1 -октябрига қадар Фонд маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмалари лойиҳалари доирасида тўланадиган лойиҳага меҳнат ва фуқаролик-ҳуқуқий шартномалари асосида жалб қилинган мутахассисларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида олган даромадларидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан меҳнатга ҳақ тўлашга доир харажатлари бўйича тўланадиган ижтимоий солиқ бўйича белгиланган солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилди. 2025 йилнинг 1 январидан бошлаб ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, хотин-қизлар ҳамда болалар жамоат бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун белгиланган давлат божлари миқдори икки бараварга камайтирилган ҳолда ундирилади.
Асқар БАРОТОВ.