“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида тадбирлар ўтказилмоқда

Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллик шодиёнаси шукуҳи кезиб юрган шу кунларда вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида кўплаб маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Ана шундай учрашувлардан бири Самарқанд шаҳрида ўтказилди. Унда вилоят ва шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда миллий-маданий марказлар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Б.Қодиров йиғилганларни байрам билан табриклади. Бир пиёла чой устида ўтган суҳбатда вилоятимизда турли миллат ва элат вакиллари ўзаро ҳамжиҳатликда, тинч-тотув ва аҳил яшаб келаётгани, уларнинг ўз миллий қадриятларини асраб-авайлашлари учун давлатимиз томонидан барча шарт-шароитлар яратилганлиги эътироф этилди.

Айни вақтда вилоятда 741 та нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда 11 та миллий маданий марказ фаолият кўрсатиб келаётгани айтиб ўтилди.

Тадбирда бир гуруҳ соҳа вакиллари вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.