Нусрат Раҳматни йўқлаб
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи, биринчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Нусрат Раҳмат хонадонида бўлдик.
Нусрат ака истиқомат қилаётган Самарқанд туманидаги Қўшмачит қишлоғи шаҳардан унча олис эмас. Очиқ дарвозадан кирар эканмиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Ф.Тошев, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, вилоят “Овози Самарқанд” газетаси бош муҳаррири Б.Раҳмоновни кўрган Нусрат ака суюниб кетди.
- Ҳизрни йўқласам бўларкан, ҳозиргина шогирдларимни эслаб тургандим, сизлар келдинглар, - дея дарвозадан пешвоз чиқди ва "Қани, марҳамат!", дея ўзининг ижод уйига, уй-музейи томон бошлади.
Мўжазгина бўлса-да уй-музейида сақланаётган экспонатларнигина эмас, балки устознинг бир олам меҳрини кўрдик. У ерда бўлсангиз ҳақиқий ижодкорга завқ берадиган оламга тушгандай сезасиз ўзингизни.
Бизнинг устозни йўқлашимизга ҳам сабаб бор эди: янги намунадаги Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолик гувоҳномасини ҳамда кўкрак нишонини Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси О.Ўсаров номидан топширдик. Журналистикага оид китоблар бердик. Бир пиёла чой устида суҳбатлашдик, 1970-80 йиллардаги журналистиканинг оғир меҳнатини, машаққат билан газеталар чоп этилганини эслади. Ф.Тошев бугунги ўзгаришлар, янгиликлар, таҳририятлар, уюшма вилоят бўлимининг фаолияти, моддий-техник базаси яхшиланаётгани ҳақида гапирди.
Қайтар чоғимиз Нусрат Раҳмат бугунги тинч замонда, дориламон кунда яшаётганимиздан, журналистиканинг бугуни ва эртаси ривож топаётганидан мамнунлигини билдирди, эзгу ният ва дуо қилди.
Ҳусан Элтоев.