Ўзбекистонда жигар трансплантацияси амалга оширилди

Институт илмий ходимлари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этган тадбирда хирургия соҳасидаги янгиликлар, жигар, буйрак, юрак-қон томир тизимида амалга оширилган мураккаб жарроҳлик операциялари борасида сўз юритилди.

- Республикамизда сўнгги йилларда тиббиёт соҳасида катта ютуқларга эришилди, - дейди республика ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт хирургик маркази раҳбари, профессор Феруз Назиров. – Бугун чет элда ўтказилаётган мураккаб операциялар марказимизда амал ошириляпти. Жумладан, марказимиз томонидан жигарда ўсма ривожланиши, катта ҳажмдаги резекцияси, панкреатодуоденал резекция, ўт йўлларида юзага келган ўсма ва заҳарланишдан шикастланиш ҳолатларида қайта тикланиш аралашуви сингари ноёб операциялар, дабба касаллигини йирик операциясидан кейин беморлар учун протез турлари ва лазер технологияларини қўллаб, герниопластикнинг турли шакллари амалиётга жорий этилди. Жигар циррози ва портал гипертензияси асоратларини жарроҳлик йўли билан даволашдаги ўзига хос услублар ишлаб чиқилди.

Жорий йилнинг февраль ойида марказимизда жигар трансплантация жарроҳлик операцияси муваффақиятли ўтказилди. Гепатэктомия касаллиги билан оғриган беморга укаси донорлик қилди. Шунингдек, марказимиз Туркия, Япония, Россия каби қатор давлатларнинг малакали профессорлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Яқин кунларда Самарқандда ҳам худди шундай операциялар амалга оширилади.

Анжуман доирасида марказ профессорлари томонидан маҳорат дарслари ҳамда мураккаб операциялар амалиёти бўлиб ўтади.

Тадбирда шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов иштирок этди.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.