Одам аъзолари трансплантацияси учун хорижга боришга ҳожат қолмайди
Шундан келиб чиқиб, "Адолат" социал-демократик партияси томонидан аҳоли ўртасида талаб юқори бўлган тиббиёт муолажаларига, жумладан, трансплантология тиббий хизматига рухсат беришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси вилоят кенгаши томонидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Самарқанд давлат тиббиёт институти ҳамкорлигида ўтказилган давра суҳбатида "Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида"ги қонуни лойиҳаси муҳокама этилди.
– Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда партиямиз ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, вазирлик билан ҳамкорликда ишчи гуруҳ тузилди ва қўшма чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди, – дейди партия вилоят кенгаши раиси ўринбосари Азиз Бўрибоев. – Унга кўра, "Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида умумий муҳокамага қўйилди.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси қабул қилинса, ҳамюртларимиз зарурат туғилган пайтда чет элга бормасдан, шу ернинг ўзида инсон органлари ва тўқималарини кўчириб ўтказиш орқали ўз саломатлигини қайта тиклашига шароит яратилади.
Илғор АДИЛОВ.