Одамнинг оласи
"Одамнинг оласи ичида" деганларича бор экан. Инсоннинг табиати қизиқ. Дабдурустдан сен яхши кўрган, танишган, энди муносабатга киришиб, фикр алмашаётган кишинг ҳақида, тўғрироғи, унинг сийрати, кўнгил дунёси, сенга батамом ёт табиати ҳақида фикр билдиришга, уни тўлақонли тавсифлашга қийналасан...
Ўзбекнинг нимаси кўп: тўй-у маъракаси, гап-гаштаги. Ўзбеклар нимадан қолмайди, тўй-у жанозалардан.
Яқинда бандаликни бажо келтирган яқин қариндошимизнинг “йигирма”сида ўтириб, ул-булдан гурунглашаётгандик. Гап мавзуси эшилиб-эшилиб, масжид, одамларнинг тоат-ибодати, ҳалол ва ҳаромга келиб тақалди.
- Одамзот хатокор, билиб-билмай бир ёмон иш қилиб қўяди-да, кейин бир мунча вақт ўтгач, пушаймон бўлади. Бу дам пешонаси деворга урилган бўлади-да, - деди даврада ўтирган ёши улуғлардан бири.
У одам гапини тугатар-тугатмас биздан беш-олти эшик нарида яшайдиган ҳамсоямиз гапга аралашди:
- Ҳа, одамзот хатокор, аммо катта хатолар қиладиганлари ҳам бор... Мана шу хатоларни қилиб туриб, кейин масжидга чиқади. Ўзи гуноҳи мўл одамлар борадида масжидга...
Бирдан ҳамма ялт этиб қаради ҳамсоямизга. Унинг гапхалтаси очилган, энди то уни бўшатмагунича тинчий олмаслиги билиниб турарди. У бир талай маънисиз гапларни айта туриб, бундан беш йил бурун бўлиб ўтган бир воқеани ҳикоя қила кетди.
- Биласизлар. Масжид уйимизга яқин. Азон айтилса, худди қулоғим тагида айтилгандек жаранглаб эшитилади. Бир куни тоза жонимга тегиб кетди. Ўзимни босолмадим. Ғазаб билан масжидга кириб бордим. Ўн чоғли ёш-кекса бобойлар бор экан.
"Микрофонсиз айтишнинг иложи йўқми азонни. Тоза қулоқни қоматга келтирдинглар-ку. Тинчлик берасизларми-йўқми", дедим ғазабдан бўғриқиб.
Бобойлар ажабланиб бир-бирига қаради. Баъзилари ёқасини тутиб, “Ё товба, ё товба”, деди.
"Нима товба, товба, ҳақ гапни айтяпман", дедим. Шунда бобойлардан бири мен томон яқинлашди. Оғзидан тупук сачратиб, жавраб кетди:
"Микрофонда айтиладими, микрофонсиз айтиладими, сизнинг ишингиз бўлмасин. Ўзи сиздақаларни тартибга келтириш керак. Нима гап бу...".
У гапини тугатолмади. Ёқасидан тутиб олдим, сўкиб юбордим. Агар бошқа одамлар орага тушиб, иккимизни ажратмаганида, уни уриб юборишим тайин эди. Жаҳлим ёмон, биров юзимга терс гап айтса, қараб турмайман. Мени ташқарига суриб чиқаришди. Эшикни ёпиб олиб, ибодатга киришди. Мен ҳали ғазаб отидан тушмагандим, аламим босилмаганди. Ногаҳонда кўзларим эшик тагида бир қатор терилган калишларга тушди. “Шошмай туринглар, шундай иш қилайки, бошқа мен билан ҳазиллашмайдиган бўласизлар...”
Шундай қилиб, эшик тагидаги ҳамма калишларни йиғиб, масжиддан сал нарироқда оқиб ўтадиган ариқ олдига келдим-да, бир-бир оёқ кийимларини сувга ташлайвердим. Калишлар "шўлп" этиб сув ичига тушиб, оқиб кетаверди.
“Қани энди нима қиларкансанлар?” деб бир чеккага ўтиб бобойларни пойлаб турдим. Хиёл вақт ўтиб, ибодат тугади шекилли, масжид эшиги шарақлаб очилиб, остонада бобойлар кўринди. Улар пойгакда ўз калишларидан из тополмай, бир-бирларига ҳайрон қараб қолишди. Бир нималар деб минғирлаб, оёқ яланг, бировлари маҳсичан чиқиб кетди масжиддан. Кулгидан ўзимни зўрға тийдим. Бечораларнинг ҳолини кўрганингизда эди...”
Ҳамсоямизнинг сўзлаб берган ҳикояси одамларга маъқул келди чоғи, қаҳ-қаҳлаб кулиб юборишди. Мен кутган ҳол юз бермади.
“Ҳой нодон, масжид Худонинг уйи бўлса?! Худонинг уйига одам ўз гуноҳларига тавба-тазарру қилиш, ундан мағфират тилаш, покланиш учун боради. Бу нима қилиқ. Сенга тўғри йўл кўрсатиб, инсофга чорлаётган кекса одамларга шу тахлит жавоб қайтарасанми?” дейдиган одам топилмади. Ҳеч ким журъат этмади ҳамсоямизга кескир сўз айтишга. Мен эса ич-ичимдан нафратландим. Унга лойиқ гап айтишга эса ботина олмадим.
Одам оласи ичида экан. Рост гап. Шу кунга қадар менга олижаноб, мард, чин инсонпарвар бўлиб туйилган, туйилгангина эмас, дил-дилдан шу ҳақиқатга топиниб келганим - бу ҳамсоянинг асл башарасини кўрдим. Ўз манфурлигидан, дилозорлигидан, нопоклигидан яйраб, фахрланган одамдан ихлосим қайтди. Уни тартибга чақириш, ҳеч бўлмаса, қилмишига яраша лойиқ сўз айтиш ўрнига “жасорати”га қойил қолиб, қўллаб-қувватлаган одамлардан ҳам ранжидим.
Ҳа, азизлар, мол оласи ташида, одамники эса ичида бўлар экан...
Кўп ўтмади. Юқорида ҳикоя қилганимиз – “герой” бу ёруғ дунё билан хайрлашди. Ачинарлиси шундаки, унинг ҳаёти сўнги оғир якун топди. У оилавий келишмовчиликлар, жанжаллар сабаб ўз жонига суиқасд қилди. Ўзини осиб қўйди.
Умид Кўчимов.