Оддий тадбирга ҳам ўткир сўзи, хулосаси билан “тўн кийдирган” журналист ҳақида сўз
Журналист - ҳаётда рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан, жамиятдаги ўзгаришлардан одамларни хабардор қилувчи касб эгаси. Унинг учун энг зарур мезон холислик ва ҳозиржавобликдир.
Бу иккала сифат касб масъулияти ва билимдонлик билан уйғунлашса, улар қаторига жасорат ва қатъият ҳам қўшилса, журналистнинг том маънодаги фуқаролик позицияси намоён бўлади.
Тойлоқлик журналист Зоҳир Тўрақулов ўзида ана шу фазилатларни мужассам этган мухбир эди. Дастлабки меҳнат фаолиятини Самарқанд туманида чиқадиган «Шарқ тонги» ва «Ленин йўли» (ҳозирги «Зарафшон») газеталарида мухбирликдан бошлаган Зоҳир ака қаерда ишламасин таҳририят томонидан белгиланган фурсат қанчалик тиғиз бўлишидан қатъи назар, мавзуга оид янги мақоласини вақтида ёзиб узатар, ижод қийноқлари, ташвишларини бир зум бўлса-да унутиб, барчага табассум билан муносабатда бўларди. Мақола унинг зийрак кузатувлари, теран таҳлил ҳосиласи бўлиб, бедор юрак дардлари билан қоришиб оқ қоғозга тизилганми, демак, ўқувчини ҳам лоқайд қолдирмай, баҳс-мунозараларга чорларди. Янгиланаётган жамиятнинг ҳар бир инсонга, ҳар бир оилага дахлдор ташвиш, муддаолари ҳақида ўйлашга, фикрлашга ундарди.
- Асли журналистнинг энг катта ютуғи ҳам шунда, яъни ўзи билан сирдош одамларга дардкаш бўла олишида, - деб хотирлайди “Adolat” газетаси бош муҳаррири Ислом Ҳамроев. - Вилоят ташкилотларидан бирининг раҳбари бир гал таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, унинг мақоласи учун миннатдорлик билдирар экан, “Мухбирингиз биз учун кундалик ва оддий бўлган тадбирга ўткир сўзлари, хулосаси билан дўппи ва тўн кийдирибди”, дегани бежиз эмас. Зоҳир ака ўзи иштирок этган ёки гувоҳи бўлган воқеаларга муносабат билдиришни, унинг асл мағзини чақиб кўрсатишни ўрнига қўя оларди.
Дарвоқе, Зоҳир ака 1995 йилдан умрининг охиригача “Adolat” газетасининг Самарқанд вилоятидаги мухбири бўлиб ишлади. Касбига нисбатан мустаҳкам эътиқодга эга бўлган қаламкаш Зоҳир Тўрақулов тўғрисида, унинг ҳаётий позицияси ҳақида кўп ва хўб сўз айтиш мумкин. Зеро, бугун бир таҳририятда йигирма йилдан ошиқ фаолият кўрсатаётган фидойи журналистлар камдан-кам учраши ҳам бор гап. Шунинг учун ҳам “Adolat”чилар у киши ҳақида гап кетганда “Бу бизнинг Зоҳир ака”, дея фахр билан гапиришарди.
Бугун биз бежиз Самарқанд журналистика мактаби вакилларидан бири бўлган Зоҳир Тўрақуловни эсламадик. Бундан роппа-роса икки йил аввал, айни шу кунларда ҳамкасбимиз бу ёруғ оламни тарк этганди. Орадан шунча вақт ўтса-да у кишининг порлоқ хотираси, айтар сўзи, таҳририятга долзарб мақола билан кириб келиши асло кўз олдимиздан кетгани йўқ.
Чунки З.Тўрақулов қаерда бўлмасин вилоятда фаолият кўрсатаётган газеталар таҳририятларида тез-тез бўлиб, ижодий мулоқотлар ўтказар, айниқса ёшларни касб маҳоратини эгаллашда ўзининг қимматли маслаҳатларини бериб келарди. Шунинг учун ҳам соҳадаги хизматлари муносиб баҳоланиб, 2013 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган эди.
Зоҳир ака 62 йил умр кўрди, аммо матбуотдаги 40 йиллик фаолияти уни элга танитди. Долзарб, ҳаётий мавзулардаги ўнлаб таҳлилий мақолалари унга обрў келтирди. Муҳими, оилада бири-биридан ардоқли фарзанду набиралар тарбиялади.