Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Огоҳ бўлинг, Uzcardнинг сохта веб-сайти аниқланди!

Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази томонидан ўтказилган интернет мониторинги давомида, интернет-фирибгарлари томонидан ўзларининг жиноий мақсадларини амалга оширишлари учун "Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази" (Uzcard)нинг сохта веб-сайти (ҳаволаси: https://uz-investt.space) фаолият кўрсатаётганлиги аниқланди. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар берган.

Мазкур «фейк» веб-сайт орқали “UzCard Investment” лойиҳаси доирасида миллий банк хизматларининг фаол фойдаланувчиларига бир марталик 994 минг 558 сўм миқдорида компенсация тўланиши, бунинг учун фойдаланувчиларнинг шахсига оид ва банк пластик картаси маълумотлари, телефон рақамини ҳамда смс тариқасида келган тасдиқлаш кодини киритишлари талаб этилади.

Натижада, катта маблағга эга бўлиш истагида бўлган фойдаланувчи тасдиқлаш кодини «фейк» ресурсга киритиши билан интернет-фирибгар томонидан банк пластик картасини бошқариш ҳуқуқини қўлга киритилишига ва ундаги маблағларни ноқонуний равишда эгалланишига шарт-шароит яратади.

Шу сабабли, барча интернет фойдаланувчиларини, айниқса Uzcard тўлов тизими мижозларини мазкур «фейк» веб-сайтнинг ноқонуний фаолияти тўғрисида огоҳ бўлишлари, тўлов тизимларидан фойдаланаётганларида эса, уларнинг расмий веб-сайтларида тақдим этилган хизматларга мурожаат этишлари сўралмоқда.