“Олимпия чўққилари” орқали катта олимпия сари: Спорт коррупциядан холи, шаффоф бўлиши лозим

Мамлакатимиз раҳбари “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” асарида жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш долзарб вазифаларимиз қаторига киришини қайд этиб, спортни жадал ривожлантириш, халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришган спортчиларни қўлаб-қувватлашга бундан буён ҳам катта эътибор берилишини қайд этган.

Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда аҳоли турмуш тарзини янада яхшилаш, таълим, соғлиқни сақлаш борасидаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аҳоли ва айниқса, ёшларни спортга кенг жалб қилиш орқали соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасида олиб борилаётган ишлар кўлами йилдан-йилга кенгаймоқда.

Вилоятимизда ҳам бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда шаҳар ва туманларда 21 та (Самарқанд, Ургут, Паст Дарғом ва Пайариқ туманлари ҳамда Самарқад шаҳрида иккитадан ва бошқа ҳудуларда биттадан) спорт мактаби, тўртта ихтисослаштирилган – сув спорти, якка кураш, ўйин турлари ва енгил атлетика ҳамда гимнастика спорт мактаблари ҳамда Самарқанд, Тойлоқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари фаолият юритмоқда.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари томонидан ташкил этилган ўнлаб спорт иншоотлари ва майдонларда спортсевар ёшлар ўзлари қизиққан спорт турлари билан шуғулланиб келмоқда.

Қувонарлиси шундаки, ушбу мактаб ва муассасаларнинг барчаси замонавий бино ва иншоотларга эга, зарур спорт жиҳозлари билан таъминланган. Ўқитувчи ва мураббийлар тоифаси, малакасини ошириб бориши ҳамда ижтимоий ҳимоясига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Халқимизда “Қарс икки қўлдан чиқади” деган нақл бор, яъни биргалашиб қилинган ҳаракат албатта ўзининг ижобий самарасини беради. Аҳолининг кенг қатламини спортга жалб этиш, оммавий спортни янада ривожлантириш ва тарғиб этиш борасида кўлами катта ишлар амалга оширилди. Бунда маҳалла тизими орқали уюшмаган аҳоли қатлами ва айниқса, ёш авлод вакиллари қамраб олинишига эришилди. Аммо ташкил этилган ушбу мусобақалар орқали, биринчидан, қамров даражаси кутилганидек бўлмади ва иккинчидан, қатнашчиларни профессионал даражага олиб чиқишга эришилмади.

Кейинги йилларда бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, мамлакатимиз спортини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш мақсадида жуда катта қадам ташланди.

2022 йил 9 ноябрь куни давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳри Яшнобод туманида умумий майдони 100 гектар бўлган “Олимпия шаҳарчаси”ни қуришга тамал тошини қўйган эди. Ўтган вақт мобайида бу ерда Хитойнинг “ CAMC Engineering” компанияси ҳамда маҳаллий қурувчи-муҳандисларимиз томонидан халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий иншоотлар – велодром, 12 минг ўринли стадион, сув спорти саройи, жамоавий ва якка кураш мактаблари бунёд этилди. Бундан ташқари, футбол, баскетбол, волейбол, теннис, чим устида хоккей, енгил атлетика спорт турлари учун мўлжалланган 15 та очиқ майдон, 400 ўринли паралимпия ётоқхонаси, спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ва бошқа маъмурий бинолар барпо қилинди.

2025 йил 13 февраль куни давлатимиз раҳбари ҳузурида олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳолининг жисмоний фаоллигини оширишга бағишланган видеоселекторда ҳамда жорий йил 15-16 апрель кунлари Андижон вилоятига ташрифи давомида масъул вазирлик ва идоралар олдига аниқ вазифа ва топшириқлар қўйилган эди. Шундан келиб чиқиб, олимпия спорт турларини янада ривожлантириш, селекция ишларини яхшилаш, спорт мусобақаларини тизимли ва самарали ташкил этиш орқали спортчиларни ҳар тўрт йилликнинг муҳим воқелиги бўлган халқаро Олимпиада ва Паралимпиада мусобақаларига муносиб тайёрлашга жиддий эътибор қаратилди.

Ушбу мақсад йўлида Спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитасининг “Иқтидорли спортчи-ёшларни энг қуйи бўғиндан бошлаб аниқлаш ҳамда селекция қилиш бўйича “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” ва “Президент Олимпиадаси” спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш тизимини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга мувофиқ, олимпия спорт турлари бўйича уч босқичли “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” спорт мусобақаларини юқори даражада ташкил этиш ва ўтказишнинг низоми ишлаб чиқилди.

Қарорда олимпия спорт турлари бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатлари босқичма-босқич “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” спорт мусобақалари шаклида ўтказиб борилиши, мазкур спорт мусобақаларининг республика финал босқичи ҳар йили декабрь ойида Олимпия шаҳарчасида “Президент Олимпиадаси” сифатида ўтказилиши белгиланди.

Вилоятимизда ҳам мазкур мусобақанинг биринчи ва иккинчи босқичлари юқори савияда ташкил этилди. 2008-2010 йилларда туғилган ёшлар (15-17 ёш) ўртасида спортнинг бокс, таэквондо WТ, дзюдо, эркин кураш, юнон-рум кураши, енгил атлетика, стол тенниси, оғир атлетика, бадиий гимнастика ва баскетбол 3х3 турлари бўйича спорт мусобақалари ҳудудий босқичлари ўтказилиб, 15754 нафар ёшлар орасидан маҳоратли 933 нафари саралаб олинди. Сараланган спортчилар мусобақанинг иккинчи, яъни вилоят босқичида беллашди. Ушбу босқичда ғолиб бўлган 226 нафар спортчи 23 ноябрь – 4 декабрь кунлари Тошкент шаҳридаги “Олимпия шаҳарчаси”да ўтказилган республика финал босқичида қатнашди. Илк бор ўтказилган ва қизғин курашларга бой бўлган беллашувларда вакилларимиз 31 та медал (8 та олтин, 6 та кумуш, 17 та бронза)ни қўлга киритди.

Мусобақа натижалари таҳлилига кўра, вилоятимиз спортчилари кўрсатган натижа (умумжамоа ҳисобида еттинчи ўрин) мутлақо қониқарсизлиги қайд этилди. Спорт мактаблари ва марказларда таҳсил олаётган ва спорт билан мунтазам шуғулланиб келаётган ёш спортчилар билан ишлаш талаб даражасида эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, айрим раҳбар ва масъуллар ҳамда мураббийлар мусобақаларни номигагина ташкил этаётганлиги, ота-оналардан турли тўловлар (ваҳоланки, спорт тўгараклари тўловларсиз ташкил этилиши лозим) ундирилаётгани маълум бўлди. Бу эса, пировард натижада нафақат у ёки бу мусобақаларда паст натижалар кўрсатиш, балки спорт жамоатчилиги ўртасида норозилик уйғотмоқда.

Шу сабабли мутасаддилар спорт мактаблари ва муассасаларида яратилаётган шарт-шароитнинг қадрига етиб, улардан унумли фойдаланиб, иқтидорли ёшларни топиши, уларни тарбиялаш ва мусобақаларга тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиши лозимлиги таъкидланди.

2025 йил 8 июлда давлатимиз раҳбарининг “2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (AҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Oлимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарор қабул қилинган. Қарорда спортчиларнинг ижтимоий-маиший ва моддий таъминотини тизимли равишда яхшилаб бориш чораларини кўриш топшириғи ҳам берилган. Бугунги кунда вилоятимизда мазкур Олимпиада ва Паралимпиада ўйинларига тайёргарлик олиб бораётган 61 нафар спортчи ва уларнинг мураббийлари билан тизимли ишлар йўлга қўйилди.

Аммо гап фақат Лос-Анжелес Олимпиадаси ҳақида эмас, балки юқорида қайд этилган “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” ҳамда “Президент Олимпиадаси” дастури доирасидаги ишларимизни ҳам тизимли ва сифатли ташкил этишимиз лозим. Чунки йирик мусобақаларга йўл республика миқиёсидаги ана шу беллашувлардан бошланади. Бу ишларга масъул бўлган барча тоифадаги раҳбар ва мураббийлар ўзларига юклатилган вазифаларни таъмасиз, коррупциясиз ташкил этсалар, албатта, мамлакатимиз спортида Самарқанднинг ўз муносиб ўрни бўлади, терма жамоаларга вилоятимиздан кўплаб маҳоратли спортчилар қабул қилинишига эришамиз.

Қаюм СОБИРОВ,

Миллий олимпия қўмитаси вилоят бўлинмаси ижрочи директори.