Олий суд судьялари ва Судьялар олий кенгаши вакиллари фуқароларни тинглади

Республика ишчи гуруҳининг кеча вилоят марказида Самарқанд шаҳри, Самарқанд, Паст Дарғом ва Нуробод туманлари аҳолиси учун ўтказилган оммавий сайёр қабулида суд-ҳуқуқ масалаларига оид мурожаатлар ҳам кўриб чиқилди.
Бу йўналишда Республика Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Р.Маҳмудова, Олий суд судьялари ҳамда Судьялар олий кенгаши вакиллари иштирок этди.
Унда 37 нафар фуқаро қабул қилинди. Мурожаатлардан 14 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 23 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида хал қилиш учун қабул қилинди.
Самарқанд тумани Хўжа Аҳрор Вали маҳалласида яшовчи Интизор Бакаева ЖИБ Самарқанд шаҳар судининг ҳукмидан ва Самарқанд вилоят судининг ажримидан норози бўлиб мурожаат қилди. Унинг мурожаати оғзаки суҳбат ва ҳужжатлар асосида ўрганиб чиқилди ҳамда кассация шикояти Олий судда кўриб чиқиш учун қабул қилинди.
Самарқанд тумани Чордара маҳалласида истиқомат қилувчи Ихтиёр Баратов Навоий вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўрилаётган ўзига оид жиноят иши юзасидан киритилган илтимосномани рад этилганлиги бўйича мурожаат қилди. Унинг ҳам кассация шикояти Олий судда кўриб чиқиш учун қабул қилинди.
Шунингдек, ўзига оид жиноят иши бўйича чиқарилган суд қарорларидан норози бўлган яна 12 нафар фуқаро Р.Маҳмудованинг қабулида бўлиб, мурожаатларини баён қилди. Олий суд раисининг биринчи ўринбосари ҳар бир мурожаатчи билан суҳбатлашиб, айримларига ҳуқуқий тушунча берди. Аксарият мурожаатлар бўйича шикоят ариза ўрганиб чиқиш учун қабул қилинди.
Вилоят суди жамоатчилик ва АОВ билан алоқалар бўлими.