Олий таълим муассасаларига мустақиллик, ходимларга қўшимча моддий рағбатлантириш имконияти берилмоқда
2020 йил 26 августда Вазирлар Маҳкаммасининг “Республика олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифадаги ходимларини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан “Республика олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифадаги ходимларини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.
Ушбу низомда кўзда тутилиши бўйича, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифадаги ходимларини моддий рағбатлантириш пул мукофотлари кўринишида, шунингдек, меҳнат фаолиятида юқори ижодий ва ишлаб чиқаришдаги эришган ютуқлари учун олий таълим муассасаси раҳбарияти томонидан асосий иш ҳақига устама ва қўшимча ҳақлар белгилаш орқали бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига амалга оширилиши кўзда тутилган.
Юқоридаги Нозим бўйича профессор-ўқитувчиларга пул мукофотлари, устамалар ва қўшимча ҳақлар миқдори ҳар бир ходимнинг олий таълим муассасаси фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ҳамда рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга қаратилган нуфузини оширишга қўшган шахсий ҳиссасига қараб белгиланади, дейилган. Бу борада Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг тажрибаси оммалаштиришга лойиқ, деб ҳисоблаймиз. Хусусан, мазкур институтда бир вақтнинг ўзида кекса профессор-ўқитувчилар салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уларнинг саломатлигини асраш мақсадида, пандемия шароитида уйда қолиб ишлайдиган жуда ибратомуз ишлар амалга оширилди.
Биринчидан, уларнинг пандемия шароитида соғлиқларини сақлаш учун уйдан чиқмасдан фаолият кўрсатиш мақсадида юкламаларини аудиторияда эмас, уйда бажариш имкониятлари яратиб берилди. Бунинг учун дарслик, ўқув қўлланмалари, монография каби ўқув ва илмий адабиётларни тайёрлаш бўйича ҳар бир қилинган ишларга соат белгилаб, юкламасини шундай хайрли ишлар билан тўлдирадиган бўлди.
Иккинчидан, етакчи профессорларга “Устоз-шогирд” тамойили асосида фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини ёқлатганлари учун ҳам соат бериладиган бўлди. Бу ҳам ижобий кўрсаткичлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Чунки шу йўл билан институтнинг ҳам, профессор-ўқитувчиларнинг ҳам рейтинги ошади.
Учинчидан, SCOPUSга, нуфузли хорижий ва ОАК эътироф этган журналларга чиқарган илмий мақолалари учун ҳам соат ажратиладиган бўлди. Бу йўл билан ҳам уйдан туриб юкламани бажариш учун ва институт рейтингини ошириш учун катта имконият яратилди.
Тўртинчидан, илмий-тадқиқот ишларини тижоратлаштириш, амалиётдаги хўжалик юритувчи субъектлар билан хўжалик шартномаларни тузиш асосида фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчиларга тузган шартномаси қийматига қараб соат ажратилиши, профессор-ўқитувчиларнинг илмий-назарий ғояларини амалиётга жорий қилиш учун ҳам катта имконият бўлди.
Бешинчидан, патент ва дастурий воситалар яратиш ҳам эътибордан четда қолмади. Ушбу ишлар учун ҳар бирига маълум миқдорда соат белгиланиши уйда туриб кўп қиррали фаолият билан шуғулланиш имкониятининг яратилганлигидан далолат беради.
Олтинчидан, агар ҳар бир тадқиқотчи илмий ишларини ҳимоя қиладиган бўлса ҳам, катта миқдордаги соатга эга бўлади. Бу профессор-ўқитувчилар учун катта имконият. Айримларининг диссертациялари тайёр, аммо у ёки бу сабаблар билан ёқламасдан қолган. Булар ҳам ишини охирига етказиб, бугунги кун талабига мослаштириб, масофадан туриб ёқлаши мумкин. Бунда ҳам диссертацияси ёқланиб, ўзи илмий даражага эга бўлса, яна бир қулайлик - катта соат юкламани бажарган бўлади.
Еттинчидан, уйда туриб тадқиқотчиларни ва магистрлик ишларига раҳбарлик қилиб, уларни ҳам ёқлатиш тегишли тарзда юкламани бажарган ҳисобланади. Бу ишларнинг ҳаммаси мавжуд имкониятдан оқилона фойдаланиш қулайлигини яратади. Тажрибали ўқитувчиларнинг вақтидан самарали фойдаланиш учун айнан шундай йўлни тутиш керак эди.
Яна бир муҳим жиҳат, етакчи профессор-ўқитувчилардан институт қошидаги Тамбов давлат университети билан ҳамкорликда фаолият кўрсатаётган Самарқанд иқтисодиёт илмий мактаби фаолиятидан ҳам самарали фойдаланиш мумкин. Ушбу илмий мактаб ҳузурида “Педагогик маҳорат мактаби” ташкил қилинган. Вақти-вақти билан ёш педагогларга етакчи профессор-ўқитувчилар томонидан қатъий график асосида дарс ўтиш ва илмий ишларни тайёрлаш бўйича суҳбатлар уюштиб, тажриба алмашишларни амалга ошириб бориш ҳам мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, қарор билан кундузги таълим шакли бўйича бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қараб бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони нисбатининг чекланган нормативлари оширилди. Бу қуйидагича белгиланган:
2009/2010 ўқув йилидан бошлаб – 1:10,5;
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб – 1:12,0;
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб – 1:14,0;
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб – 1:16,0 нисбатда белгиланиб, олий таълим муассасаси кенгашларига зарур ҳолларда, мазкур нисбатларни 50 фоизгача ўзгартириш ваколати берилди. Бу ҳам ҳар бир ўқитувчига юкламанинг ошишига олиб келади. Шу туфайли ҳазирги шароитда юкламанинг ҳаммаси аудиторияда амалга ошириладиган бўлса, аудиторияда дарс ўтадиган ўқитувчиларнинг бошқа илмий-тадқиқот ва методик ишлари билан шуғулланишга вақти қолмайди. Шу туфайли, юкламалар таркибига аудитория соатлари билан бирга ҳозирги кекса профессор-ўқитувчиларга берилган соатларни ҳаммага жорий қилиш лзим. Бунда 30-40 фоиз юкламаси ўқув ва илмий адабиётларни ҳамда дарс ўтиш учун услубий ишларни тайёрлашга мўлжалланса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Шунингдек, юқоридаги Низомда тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағларнинг 30 фоиздан кўп бўлмаган қисми таълим муассасасининг профессор-ўқитувчилар таркиби ва бошқа тоифадаги ходимларини моддий рағбатлантиришга сарфланиши мумкинлиги эътироф этилган. Бунда моддий рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлар олий таълим муассасасининг молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, бирламчи харажатларни қоплаганидан сўнг амалга оширилиши кўзда тутилган. Бу ҳам асосий иш бўйича қилиниши лозим бўлган ишларни рағбатлантириш имкониятларини яратади.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар қандай вазиятда, ҳар қандай муаммонинг қулай ва самарали ечимини топиш мумкин. Худди шундай ечим бугунги кунда Самарқанд иқтисодиё ва сервис институтида топилди, деб ўйлаймиз. Чунки институтда қўлланган тадбир бугунги пандемия шароитида кекса профессор-ўқитувчиларни уйдан чиқмасдан тегишли юкламани бажариб, белгиланган иш ҳақини олиш имкониятига эга бўлганлиги ҳам институт учун, ҳам профессор-ўқитувчилар учун қулай вариант деб ўйлаймиз.
Мамаюнус ПАРДАЕВ,
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори.