«Олтин кўйлак» синдроми ёки пул топиш учун инсофдан кечиш шартми?
Бир вақтлар ижтимоий тармоқларда ҳиндистонлик магнатлардан бири ўзининг туғилган кунига тўрт килограмм тош босадиган олтин кўйлак тиктиргани ҳақида ўқиб, таажжубга тушгандим. Шу кўйлакнинг пулига юзлаб қашшоқларнинг қорнини тўйдирса бўларди-да. Буни қарангки, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, бизда ҳам пулдан сарупо кийганлар пайдо бўлди - «янги» бойлар янгича удумларни ўйлаб топишмоқда.
Тўғри, бозор иқтисодиёти, пул топиш учун жуда қулай бир даврда яшаяпмиз. Калаванинг учини топганлар оддий нарсалардан ҳам «бизнес» ясаб, тезда бойиб кетяпти. Бу яхши, албатта. Лекин пулнинг ортидан қувиб, виждонни бой бермаяпмизми? Ҳаромни ҳам «бизнес» деяётганимизга қараганда, иймоннида пуллашга тайёрдекмиз.
Узоққа бормаймиз, кўчага чиқинг, ҳар қадамда дорихона. Хўш, вилоятимизда нега дорихоналар бунча кўп, биласизми? Сабаби, дори «бизнес»и ҳозир катта фойда келтиряпти. Бу оддий бизнес эмас, балки инсон саломатлиги, ҳаёти устига қурилган жуда жирканч тижорат. Шифохонага борасиз, шифокор тайинли текширувларсиз "бир дунё" дори ёзади. «Меҳрибон»лик қилиб, бу дориларни қайси дорихонадан топиш мумкинлигини ҳам айтади. Таниш вазият, шундайми? Энг қизиғи, бу дорилар пистончи фирманики бўлиб, шифокор сотилган ҳар бир дори учун «қўшимча ҳақ» олади. Вазият шу даражага етиб бордики, бугун аксарият шифокорлар бу қўшимча «бизнес»ини яширмай қўйди. Халқ эса иложсиз. Иситмаси чиқса, ўзингдан чиққан балога.., деб яна ўша дўхтирга мурожаат қилишга мажбур. Уларнинг ўрнида сиз бўлганингизда, бу имкониятдан фойдаланмаган бўлармидингиз? Ишончим комилки, бу саволга виждони олдида холис жавоб берганларнинг юздан биригина «Йўқ, ойлигимга қаноат қилиб яшардим», дея қатъий жавоб беради. Бошқалар аллақачон хаёлида ҳали қилмаган қилмишини оқлаш йўлларини излай бошлади.
Касалхона қурган беморнинг юзига эмас, чўнтагига қараб муомала қилиши, меҳмонхона қурган унда ишрат учун шароит яратиши, корхона очган ишчиларига меҳнатига яраша ҳақ тўламаслиги, оддий дўкондор ҳам савдо маданиятига амал қилмаслиги нормал ҳолатга айланиб улгурди. Пул топса бўладиган соҳа борки, унда қаллоблик, фирибгарлик муҳити ҳукмрон. Бизнес шунақа бўладими?
Танишим айтиб қолди: «Тадбиркорлик билан шуғулланишга қарор қилдим. Лекин қайси ишни суриштирмай, тизимни, халқни алдамасдан фойда қилиш қийин экан. Дўкон очсанг, солиқдан қочиш учун чек бермаслигинг керак, ошхона очсанг, масаллиқлар сифатига кўз юмасан ё хизмат ҳақини оширасан. Ўйлаб-ўйлаб новвойхона очдим. Фойдаси камроқ бўлса-да, ҳалол пул топяпман».
Ҳиндистонлик олтин кўйлак соҳибига келсак, излаб билдим, у муҳтожларга ёрдам берувчи ҳомий сифатида ҳам таниқли экан. Унинг либосига эмас, яхши амалига тақлид қилинса бўларди. Аслида, бу масалада биз бошқа халқларга ўрнак бўлишимиз керак.
Асқар Баротов.