Оммавий ахборот воситалари ходимларига!

 

Елкангизда оғир юк бор, икки чандон,

Ва икки йўл: бири Ватан, бири виждон,

Сиз - газетчи, сиз - блогер, сиз - сухандон,

Барчасига садоқатли журналистлар!

 

Азал-азал одил сўзнинг нархи йўқдир,

Адолатнинг, ҳақиқатнинг шарҳи йўқдир,

Танқидмиди, таҳлилмиди, фарқи йўқдир,

Сўзда собит, шижоатли газетчилар!

 

Тиним йўқдир - йигирма тўрт соатдасиз,

Қайда бўлманг, сабру-чидам, тоқатдасиз,

Бўронда сиз, тошқинда сиз, офатда сиз,

Ҳар лаҳзаси матонатли тасвирчилар!

 

Зўр маҳорат сўз битгувчи бармоқларда,

Оқар тошиб, не ўзану, ирмоқларда,

Сўзин айтур ижтимоий тармоқларда,

Жон аямас - жасоратли блогерлар!

 

Ўз қадридан кўра кўпроқ Сиз қадрли,

Сомеъ кўнгил, кўргувчи ҳар кўз қадрли,

Улар учун биттагина сўз қадрли,

Ўз касбига садоқатли сухандонлар!

 

Бу замоннинг шиддатини дарё дерлар,

Қолмас бугун орамизда савол-сирлар,

Шарҳловчилар, муҳаррирлар, дизайнерлар,

Кўз нурини фидо қилган мусаҳҳиҳлар!

 

Қайда бўлманг, фидойилик - меҳнатингиз,

Эл ичинда ардоқдадир заҳматингиз,

Бажо бўлсин Ҳақ йўлинда раҳматингиз,

Икки дунё саодатли журналистлар!

 

Топгани шон-шавкати ҳам фахри қалам,

Олами ҳам, дунёси ҳам, шаҳри қалам,

Байрамингиз қутлуғ бўлсин, аҳли қалам,

Касбига чин садоқатли журналистлар!

 

Ўлмасбек Самарқандий.