Она ҳиди
Тонг саҳар онам билан кўришмоқчи бўлиб, хоналарига кирдим. Саломлашиб, бироз суҳбатлашдик.
Чиқиб кетаётиб, кўзим хонадаги дазмол ва ювилган кўйлакларга тушди. Онамдан сўрадим:
— Нега дазмол бу ерда турибди?
Онам жавоб берди:
— Келиним юмушлари билан банд экан, шунга ўзим дазмолласамми, деб турибман.
Дазмолга қараб, талабалик даврим эсимга тушиб кетди. Ўша пайтларда дазмоллаш ва таом тайёрлаш менга ёқмайдиган машғулотлар эди. Бу хаёллар оғушида оиламга қараб дедим:
— Дазмол қилиб бермайсанми? Қариб қолган ҳолида қандай қилиб дазмоллайди?
Рафиқам:
— Хўп, бўлади, ҳозир қиламан, — деди.
Онам эса кулиб, ҳазиломуз оҳангда:
— Ўзинг қилиб берсанг ҳам бўларди-ку, — деди.
Бу иш менга сира ёқмаётган бўлса-да, 78 ёшга кирган онажонимнинг кўнглини қолдиргим келмай, ноилож бўлса ҳам рози бўлдим:
— Фақат биттасини, қолганини келинингиз қилиб беради, — деб қўйдим ўзимча.
Дазмолни уладим. Онамнинг кўйлагини ёйиб, бурмаларини ростлаб дазмоллашни бошладим. Шу заҳоти қандайдир ёқимли ҳид димоғимга урилди.
— Она, қандай атир сепгансиз? — деб кулиб сўрадим.
Кўйлакни дазмоллар эканман, бу ҳид тобора таниш туюлди. Гўёки бу ҳидни илгари ҳам сезгандек бўлдим. Ёдимга туширишга ҳаракат қилдим. Шунда бирдан миямда болалик хотиралари — 4-5 ёшларим жонланди. Онажоним мени эркалаб, қучоқлаб, қаерга борса кўтариб борарди.
Шунда тушундим: бу ёқимли ҳид онамнинг болалигимдаги ҳиди эди. Ана шундай эсдаликлар оғушида тўрт кўйлакни дазмоллаб қўйганимни билмай ҳам қолибман.
Дазмоллаб бўлгач, онамга юзландим:
— Она, бир илтимосим бор сиздан...
— Қандай илтимос? — дедилар онам.
— Бошқа сафар кўйлагингизни дазмоллаш керак бўлса, албатта менга айтинг, — дедим кўзларимда ёш билан.
Онам менга қараб ҳайрон бўлдилар. Сўнгра кулиб:
— Хўп, болам, — дедилар ва узоқ дуо қилдилар.
Оналаримизни тириклигида қадрига етайлик. Улар вафот этгач, қабрини дур-у жавоҳирлар билан безатиб, дунёга дод-фарёд солишимиздан фойда йўқ.
Элёр Маҳмадалиев.