Она тилимизнинг нуфузини кўтариш. Афсуски, бу масала ҳамон, энг оғриқли дардимиз бўлиб қолмоқда

Фото: Daryo.uz

Сайтда “Ўзбек тили ривожи учун қачон қайғурамиз?” мақоласини ўқиб айрим фикрларимни ёзишни маъқул кўрдим.

Бугун аҳоли шошилинч мурожаат этувчи масканлар, аэропорт, вокзал, меҳмонхоналар, хусусий клиникалар, кўплаб корхоналарда ўзбек тилини билмайдиган ходимлар (балки билса ҳам гапирмайдиган) сабаб ноқулай ҳолатларга тушаётганлар, сарсон-саргардонликка маҳкум этилаётганлар борлигини-да инкор этиб бўлмайди. Кўпгина ташкилотларга сим қоқишингиз билан «слушаю» деган жавобни эшитасиз. Майли, бизда тил ва сўзлашув борасида ҳадсиз эркинлик бор, лекин масъул лавозимдаги ходим уйида, кўчада хоҳлаган тилида сўзлашса ҳам, иш жойида мурожаат этувчига, албатта, ўзбек тилида жавоб берсин. Ўзи шундоқ ҳам тил борасида ўта “юмшоқ”лигимиз ва андишалилигимиз сабаб, бугун жуда кўп муассасаларнинг сайтига кирсангиз, ҳали ҳам давлат тилида очилмайди, бир четда турган ўзбекча ҳаволани қидиришга мажбур бўласиз. Қурилиш ташкилотларининг аксариятида иш юритиш, шифокорларнинг ташхис варақалари, аксарият даволаш йўриқномалари рус тилида. Баъзи кафе, ресторанларга борсангиз пештоқида “Добро пожаловать” деган ёзувга дуч келасиз, ичкарига кирсангиз, қоракўз хизматчиси ҳам сизга шу сўзларни такрорлаб, кутиб олади. Балки очилгандаёқ, «Мы открылись» деб нафас ола бошлаган бу каби мажмуалар ўзларига алал-оқибат шу қисматни тақдир этар...

Она тилимиз жонкуярларидан, адабиётшунос Зуҳриддин Исомидинов ёзади: “Ҳар қандай давлатнинг негизида тил туради, ҳар бир тил, каттами-кичикми, қадимийми-ёшми, бойми-камбағалми – бундан қатъи назар, бир давлат тузиш салоҳиятига эга, аммо дунёнинг энг катта, қудратли давлатлари ҳам биронта тилни пайдо қилишдан ожиз. Тил – шундай мўъжиза нарса. Биз, ўзбеклар, бағрикенг, кўнгли очиқ бир эл эканимиз аҳли оламга яхши маълум. Чунки сабр-қаноат, муросаи-мадора деган нарса қонимизга сингиб кетган. Баъзида аллақайси раҳнамоларининг даъватими, рағбатими билан, бир гуруҳ шахслар Ўзбекистонда бошқа тилларни расмий тил даражасига кўтариш, унга ўзбек тили каби ҳуқуқий мақом бериш таклифи билан чиқиб бонг урдилар. Гарчи “ғалчани иззат қилсанг, чориғи билан тўрга чиқади”, каби аччиқ мақолларимиз бўлса-да, бетамизларнинг тўрга чиқиб ёйилиб ўтиришига ҳам мудом чидаб келамиз. Қўрқувни, истиҳолани андиша деб “андава”лаймиз”.

Ростдан ҳам, айниқса, аҳоли билан мудом мулоқотда ишловчи мутахассислар давлат тилини мукаммал билиши шарт. Уларни тил ўрганишга бўлган иштиёқсизлигидан ўзгалар жабр кўрмасин.

Шу ўринда бир ҳаётий воқеа: Бир неча йил олдин шаҳар марказидаги туғруқхоналаридан бирига ҳомиладор аёл шошилинч олиб келинади. Қишлоқ шифокорининг кўрсатмасига биноан юборилган аёлнинг ҳомиласи юраги суст уриб тургани боис, тезлик билан кесарча жарроҳлик амалиёти ўтказишни тақозо этар эди. Навбатчи русийзабон шифокор эса олис қишлоқдан келган ҳомиладор аёл ва унинг қайнонасига русчалаб бир нималар дейди, табиийки, улар буни тушунмайди. Аёл ҳомиласи ҳаракати сустлашганини тушунтиришга ҳаракат қилади, лекин шифокор «не поняла» дейдию, эртага ўзбек шифокори келишини айтиб, кутишини буюради. Афсуски, шу кеча ҳомила нобуд бўлади. Ўша мурғак жон, ўз юртида, ўз она тилида дардини тушунтира олмаганлигидан, шифокорнинг давлат тилини билмаслиги ортидан қурбон бўлади. Минг бир таассуфли бу каби ҳолатлар бошқа вазиятларда ҳам учраб туради. Истардикки, аҳоли билан мулоқотда бўлувчи ҳар бир ташкилот, муассаса вакили давлат тилини мукаммал билсин. Йўқса, биргина «Не поняла» деган жавоби билан бировнинг ҳаётига, тақдирига нуқта қўйиб қўйиши мумкин...

Бугун давлат тилида сўзлашни истамайдиган “эркатойлар” камаймаяпти, аксинча  жим турсак бошқа тилларни ҳам ўзбек тилига тенглаштириш пайида бўлади. Дам-бадам тилимизга - тил текизувчилар, бу соҳада ҳар хил ташаббусларга “бел боғловчилар” ҳам кўпаяверади. Улар учун эса ҳаддини билдириб қўядиган қатъий механизм, тиш тирноқли қонунлар яратилиши шарт.

- Она тилимиз ҳамма замонларда ҳам босим ва тазйиқ остида тараққий этиб келгани кўз олдимдан ўтади,  - дейди профессор Суюн Каримов. - Хайриятки, унинг ўз ҳимоячилари, ўз фидойилари бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Улуғ Алишер Навоийнинг «Муҳакамат ул-луғатайн» асарининг ёзилиш тарихини бир эслайлик. Бу улуғ неъматга тазйиқ ўтказаётганлар ташқаридан бўлганда масаланинг моҳиятини тушуниш осон кечади. Аммо душманлик ичкаридан бўлса-чи? Шундай пайтда менинг кўз олдимга адабий тилимизни бузаётганлар, унга нисбатан менсимасдан муносабатда бўлаётганлар келади. Агар улар бошқа миллат вакиллари бўлса, бу – тушунарли. Аммо шу миллатга мансуб бўлса-чи? Ўзингдан чиққан балога, қайга борасан даъвога!..

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари бўлган радио, телевидение, газета ва журналлар, интернетдаги ижтимоий тармоқлар мамлакатимизда ўзбек тилининг фаол истеъмолчилари ҳисобланади. Унинг адабийлиги ва маданийлигини тарғиб қилувчилар ва намойиш этувчилар ҳам айнан шулар. Газета ва журналларда, давлат радио ва телеканалларида адабий тил меъёрларига амал қилиняпти. Аммо, айрим нодавлат телеканаллари, улардаги айрим кўрсатув ва радиоэшиттириш бошловчилари тилининг бутунлай шевачилик асосига қурилганлигини қандай тушунса бўлади? Бу уларнинг ўзбек адабий тилини билмаслиги дебми ёки она тилига бўлган беписандлик ва ҳурматсизлик, дебми? Ўзларини бошқа ўзбек шевалари вакилларидан устун қўйишми ёки адабий тилда гапириш лаёқати етишмайдими? Ахир оммавий ахборот воситалари халқники-ку, уларнинг шахсий мулки эмас-ку! Оммавий ахборот воситалари эса бундайлар учун минбар вазифасини ўташи халқнинг ҳамиятига тегадиган ишдир.

Бундан ташқари, кўпчилик ёшлар буни “демак, шундай гапириш керак экан”, деб тушунишади. Бу эса, муқаррар равишда адабий тилнинг бузилишига, бинобарин, саводсизликка йўл очади. Бас, шундай экан, бу “ички диверсия”га бундан буёғига йўл қўйиб бўлмайди. Бугун гап ҳамжиҳатлик, бир ёқадан бош чиқариб ишлаш ва яшаш устида кетаётган экан, адабий тил меъёрларига амал қилишда ҳам шу тамойилга суяниш керак. Бу эса, айниқса, эл таниган зиёлилар зиммасига катта масъулият юклайди. Биз бошқа миллатларни ҳам, тилларини ҳам эъзозлаймиз. Мамлакатимизнинг бундан кейинги тараққиётида хорижий мамлакат халқлари билан иззат-ҳурматда бўлиш, керак бўлса, уларнинг тилларини ўрганиш бизга фақат ютуқ келтиради. Аммо бунинг учун хорижий тилларнинг мақомини тафаккур тилимиз, миллий бисотимиз ва ғуруримиз бўлган она тилимизга ҳуқуқий жиҳатдан тенглаштириб ўтиришга асло ҳожат йўқ. Биз эҳтиёжимиздан ва миллий манфаатимиздан келиб чиқиб, уларнинг ҳаммасини ҳам ўрганаверамиз. Ундан кўра ичкаридаги аҳволимизни тузатайлик. Марҳамат қилиб, она тилимизда тўғри ёзишни ва тўғри талаффуз қилишни ўрганайлик. Инсонийлик ғурури билан ёнма-ён миллий ғурур ҳам борлигини унутмайлик.

Ҳа, бугун онгимизда муз каби қотиб қолган - Давлат тилига эътиборсизлик иллатини бартараф этишимиз, Она тилимизни “қутқариш”имиз, жон бериб  ҳимоя қилишимиз  лозим. Анча йиллар руҳий қарамлик исканжасида, қон қонимизга сингиб кетган бефарқлигимиз билан – ўзимиз, ўз тилимизни шу қадар ожиз қилиб қўйдикмикан, деган ўйлар чарх уради баъзан. Қайсидир давраларда, мажлису савол жавобларда русча мурожаатларни ўзбек тилидагисидан устун қўямиз. Русийзабон ҳамсуҳбатга шу тилда ёндашамиз, русча гапирмасак, ўзимизни мулзам ҳис этамиз. Бир қанча  қўшиқчи юлдузларимиз ҳам “тил билмасликда” кимўзарда. Шу тилда қўшиқ айтиб тирикчилик қиладию, ўз тилида гапиришга қийналади.

Шунча кутдик, “Сабрнинг таги – сариқ олтин” дедик, сариқ олтиннинг сароби кўриниб қолди. Энди уйғониш даври келди. Тилимизга бефарқликни санъаткорлар каби баъзи «элита»ларимиздан ўрганаётган авлод ҳам ўзга тилларни «элита»лаштирмасидан, ўз тилимизни ва шу билан қаддимизни тиклайлик.

Шуҳрат Нормуродов.