“One Million Uzbek Coders” лойиҳаси Нарпайда жорий этилди

Хабарингиз бор, биринчи маротаба дастурчиларни масофавий ўқитиш лойиҳаси Бирлашган Араб Амирликларида “One Million Arab Coders” номи билан старт олган. Президентимизнинг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи доирасида бир қатор соҳалар каби ахборот технологиялари соҳасида ҳам ҳамкорлик келишувларига эришилганди. Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати лойиҳани Ўзбекистонга экспорт қилиш имкониятларини ўрганиб чиқиб, концепция адаптацияси режасини ишлаб чиқди ва “One Million Uzbek Coders” деб номланган лойиҳани йўлга қўйди.

Ушбу ўқув портали орқали бепул, онлайн ўқув машғулотлари фаолият олиб бормоқда. Лойиҳа доирасида Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали ўқитувчи ва иқтидорли талабалари туманлардаги мактабларни танишиб, амалий ёрдам кўрсатиш устида иш олиб бормоқда. Хусусан, Нарпай туманига қарашли 1, 6, 7, 9, 10, 21-умумий ўрта таълим мактаблари вазият чуқур таҳлил қилинди, мастер-тренинглар ўтказилди ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. 

Мазкур машғулотларда тўртта энг керакли мутахассислик — Маълумотларни таҳлил қилиш (Data Analysis), Андроид иловалар (Android Programming), Веб-иловалар ва Дастурий таъминот ишлаб чиқиш (Frontend and Full-Stack Development) бўйича ўзбек тилидаги субтитрлар билан видео-курслар тақдим этилмоқда. Шунингдек, филиалнинг профессор-ўқитувчилари ҳамда факультет юқори курс талабалари ўқувчилар учун “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига жалб этиш, ўзлаштириш ҳамда битирувчи сертификат олиш бўйича мастер-класс дарслари ўтди. Тарғибот ишлари давомида 1500 га яқин мактаб ўқувчилари “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси бўйича иштирок этди ва дастлабки билим кўникмаларига эга бўлди.