Онлайн назорат-касса машинаси қандай ишлатилади?

- Ташкилотимиз томонидан олинган онлайн назорат-касса машинаси бир ҳафтадан бери ишламаяпти. Онлайн НКМни олган жойимизга бердик. Улар онлайн НКМни қайта дастурлатиш учун Тошкентга юбормоқчи. Ушбу даврда онлайн НКМдан фойдаланмаслигим тўғрими?

Г.Хонназарова.

- Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 ноябрда қабул қилинган қарор билан тасдиқланган “Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида”ги низомига асосан онлайн НКМ ва виртуал кассага кафолатли узлуксиз техник хизмат кўрсатиш техник хизмат кўрсатиш маркази билан тадбиркорлик субъекти ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади.

Онлайн НКМ ёки виртуал касса носоз бўлган тақдирда тадбиркорлик субъекти бу ҳақда техник хизмат кўрсатиш марказининг Саll-марказига қўнғироқ қилиб, хабардор қилиши керак. Шунингдек, буни бевосита ташриф буюриб амалга ошириши ҳам мумкин.

Техник хизмат кўрсатиш маркази маълумотлар тушган вақтдан бошлаб 1 соат ичида турғун савдо (хизмат кўрсатиш) шохобчаси жойлашган манзил бўйича солиқ органини махсус ахборот тизими орқали хабардор қилади.

Техник хизмат кўрсатиш маркази таъмирлаш даврида сизга 1 кун ичида захирадаги онлайн НКМ ёки виртуал кассасини ўрнатиб беради. Бу пайтга қадар тадбиркорлик субъекти харидорлар билан ҳисоб-китобларни давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказилган махсус квитанция дафтари асосида амалга оширади.

Саволга вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Бекзод Салиев жавоб берди.