Оқдарёда 11 нафар маҳкум ўталмай қолган жазодан муддатидан илгари озод қилинди
Оқдарё тумани Халқ қабулхонасида вилоят суди раиси О.Ҳайитов ва вилоят маъмурий суди раиси Б.Диёров томонидан сайёр қабул ўтказилди.
Сайёр қабулда жиноят ишлари бўйича Оқдарё тумани суди, иқтисодий ишлар ва фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро судлари раислари ҳам иштирок этди.
Қабул давомида бир қанча фуқаролар, тадбиркорларнинг мурожаатлари кўриб чиқилди. Айрим масалалар жойида ҳал этилди, қолганлари бўйича мурожаатчиларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, деб хабар бермоқда вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан ишлаш бўлими.
Жумладан, Оқдарё тумани Амир Темур маҳалла фуқаролар йиғини Қарқарали қишлоғида яшовчи С.Мустафоев ўзига тайинланган жарима жазосини камайтириб беришни сўраб мурожаат қилди. Вилоят суди раиси мурожаатчи билан суҳбатлашиб, масаланинг мазмун-моҳияти ва сабабларини ўрганди. Шундан сўнг унга Оқдарё туман ИИБ томонидан тайинланган жарима жазоси қонуний тартибда камайтириб берилди.
Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Оқдарё тумани суди томонидан туман ИИБ пробация гуруҳи ҳисобида турган, тузалиш йўлига кирган маҳкумларга нисбатан тўпланган материаллар сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Қилмишидан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, содир қилган жинояти ва унинг ҳуқуқий оқибатларидан ўзига тегишли хулоса чиқарган, жазони ижро этиш даврида тартиб-интизоми билан ИИБ ходимларининг ишончини оқлаган 11 нафар маҳкум ўталмасдан қолган жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
Яна 18 нафар фуқарога нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар сайёр суд мажлисида кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузарлик ҳаракатлари бартараф этилганлиги сабабли маъмурий ишлар ҳаракатдан тугатилди.