Оқдарёдаги ўқув спорт техника клуби янги бинога эга бўлди
Ватанпарварлик ойлиги доирасида Оқдарё туманида Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг ўқув спорт-техника клубининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти марказий кенгаши раиси Ҳ.Ботиров, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг биринчи ўринбосари Қ.Ачилов мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини юксалтиришда “Ватанпарвар” ташкилоти тизимидаги спорт-техника клубларининг алоҳида ўрни борлигини таъкидлади.
– Бинода инновацион технологиялар билан жиҳозланган ҳайдовчиликка ўқитиш учун махсус ўқув хоналар, бир вақтнинг ўзида 30 нафар спортчининг ўқ отиш спорти билан шуғулланишига имкон берувчи махсус хона, механик ва тиббиёт хоналари мавжуд, - дейди Оқдарё ўқув спорт-техника клуби бошлиғи Миржалол Норбобоев. – Бу ерда йилига 800 нафар автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш мумкин. Бундан ташқари, туманимиз ёшлари спорт-техника турлари билан шуғулланиш имкониятлари кенгайди.
Тадбир доирасида Оқдарё туманидаги маҳаллаларда ижтимоий дафтарларида рўйхатга олинган эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларига ҳайдовчилик курсларида бепул ўқиш учун сертификатлар топширилди. Спорт техника турлари бўйича муваффақиятларга эришган спортчи ёшларга “Ватанпарвар” ташкилотининг фахрий ёрлиқ ва эсталик совғалари топширилди.
- Ҳарбий хизмат ўтаб қайтганман, - дейди туманнинг Пахтаобод маҳалласида яшовчи Асадбек Хомиджонов. – Бугунги тадбирда спорт- техника клубида имтиёзли ўқиш имконини берувчи сертификат берилди. Шу асосда ҳайдовчиликка ўқиб, келгусида ҳарбий йўналишда ишга киришни мақсад қилганман.
Тадбир доирасида оқдарёлик ёшлар учун Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси ўтказилди.