Ўқувчиларни касбга йўналтириш учун USAID томонидан 10 миллион долларлик грант ажратилди

Ёшлар бандлиги ва тадбиркорлигини кенгайтиришга қаратилган 10 млн. долларлик беғараз грант маблағлари доирасида халқаро лойиҳани амалга ошириш жараёни бошланди.

Халқ таълими вазирлиги АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда амалга ошираётган умумтаълим мактаб ўқувчиларининг молиявий саводхонлигини ошириш, тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳа тажриба-синов тариқасида Фарғона вилоятида ўз ишини бошлади.

Лойиҳага кўра, умумтаълим мактабларида ўтиладиган "Иқтисодий билим асослари", "Тадбиркорлик асослари" дарсларининг ўтилиш жараёни таҳлил қилиниб, янги стандарт, ўқув дастур, методик қўлланмалар ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш, ўқувчиларга истиқболли касбларни эгаллаши учун пойдевор бўладиган билим ва кўникмалар бериб бориш каби қатор ишларни амалга ошириш режалаштирилган.

Шу билан бирга 8-11-синф ўқувчиларининг қизиқишлари танлов асосида ўрганилади ва ўтказилган таҳлилларга кўра уларнинг касбий мойиллиги бўйича келгусида касбга йўналтириш ишлари олиб борилади.

Мазкур лойиҳалар орқали ўқувчи-ёшларда молиявий саводхонлик ва тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш ҳамда мактаб давридан касб-ҳунарга бўлган қизиқишларини ошириш учун замин яратилади.a