Ўқувчиларни саводхонликка ким етаклайди?
Бугунги кунда давлатимиз томонидан ўзбек тилининг аҳамиятини ошириш борасида кўплаб ишлар қилинмоқда. Лекин аҳоли ўртасида бунинг самараси кўзга ташланмаяпти. Хусусан, мактабларда она тили ва адабиёт, ўзбек тили фанлари ўргатилишига қарамасдан, ўқувчиларнинг аксариятини саводхон, деб айта олмаймиз. Сабаб нима?
Фикримча, ижтимоий тармоқларда, кўплаб канал ва гуруҳларда, оилада савод масаласига алоҳида аҳамият берилмайди. Қанчалик дарсларни тўғри бажарса ҳам, ёш авлод ҳаётда уни қўлламаса, натижа сезилмаслиги аниқ. Хусусий каналларда журналистлар, айрим жамиятимизнинг фаол аъзолари адабий тил меъёрларига амал қилмаслиги барчага маълум. Натижа эса доимгидек мактабларда етарлича ўргатилмаётганлигига бориб тақаляпти.
Авваллари ота ва ўғил мактабдаги устознинг саводини муҳокама қилмасдан, бадиий асарлар мутолааси билан шуғулланишган, она қизи билан қўшнисининг чиройли кўйлаги, сериал ва бошқа майда–чуйдаларни эмас, балки ғазалхонлик, баҳру-байт мусобақаларига эътибор қилишган.
Ачинарлиси, фарзандингиз олий таълим даргоҳида таҳсил олса-да, “ҳаёт” сўзини ёзиб бер десангиз қаттиқ ““х”ми ёки юмшоқ “ҳ”” дея савол беради. Аслида “х” ҳарфининг қаттиқ юмшоғи йўқлигини ўйлаб ҳам кўрмаган. Чунки бошланғич таълимда биринчи устози унга шундай таълим берган. Бу муаммоларни бартараф этиш учун нималарга эътибор бериш лозим? Уларни фарқлашда нималарга аҳамият бериш керак?
- “х” ва “ҳ” ҳарфларини бир-биридан фарқлаш учун ҳар бир дарсни бошланғич синф ўқитувчилари 5 та сўздан иборат луғат диктант билан бошлаши ( ўқиш, она тили дарсларида);
- Ушбу ҳарфларни ўз номи билан бўғиз ундоши (ҳ), чуқур тил орқа ундоши (х) тарзида ўргатиши;
- Иккала ҳарф билан бошланувчи ва кўпроқ қатнашган сўзли шеърлар ёд олдириши;
- Бу ҳарфлар қайси тил фонетикасида кўпроқ учрашини айтиб ўтиш (ҳ - араб тили, х – форс-тожик тили);
- Чуқур тил орқа ундоши “х” ва бўғиз ундоши “ҳ” ҳарфлари иштирокидаги икки хил сўзни талаффуз қилиш жараёнида бўғиздаги ўзгаришни ушлаб кўриб, қўл сезгилари орқали фарқлашни машқ қилдириши лозим.
Рухсора АСАДОВА,
Самарқанд шаҳридаги 14-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.