Ота-она – фарзандлар учун бош тарбиячи

Баъзилар болани боқиб улғайтирсам бўлди, дея тарбиясига унча эътибор қаратмай катта хато қилади.

Ўтмишдан бугунгача халқимиз томонидан алломалар, авлод-аждодлардан фахрланиш, улар меросини мукаммал ўрганиш, олға сурилган ҳаётий ғоялардан жамиятимиз гуллаб-яшнаши йўлида фойдаланиш, давлат рамзларининг моҳиятини англаш айнан оилада амалга оширила бошланган.

Соҳибқирон Амир Темур ҳам ўз даврида ўғил уйлантириш, келин танлаш ҳамда фарзанд тарбиясини давлат сиёсати даражасига кўтарганлиги ҳам бежиз эмас. Оиланинг мустаҳкам бўлишидаги асосий масъулият оила бошлиғи зиммасида, деб билган Соҳибқирон: «Ўғилларим, набираларим ва яқинларимни уйлантирмоқ ташвишида келин изламоққа эътибор бердим. Бу ишни давлат юмушлари билан тенг кўрдим. Келин бўлмишнинг насл – насабини, етти пуштини суриштирдим. Одамлар орқали саломатлигини, жисмоний камолотини аниқладим, одоб - ахлоқи, соғлом ва бақувватлиги билан барча қусурлардан холи бўлсагина эл-юртга катта томоша бериб, келин туширдим» - дейди.

Шунингдек, саркарданинг қуйидаги сўзлари янада ибратли: «Ўғилларим, набираларим ва яқинларимга бирон томчи шароб ичиб, хотинларига яқинлашишни ман этдим. Зеро, шаробнинг таъсири бунёдидан келган фарзанд насл-насабнинг бузилишига таъсир этгай, дебон шу покиза йўлни тутдим». Демак, Амир Темур нафосатшуносликни манбаи покизалик, тартиб-интизом оила куч-қудратини юксалтириб, жамиятга пойдевор бўлишини яхши билган.

Давлатимизнинг айниқса, аёлларнинг давлат ва жамият қурилишидаги ролини ошириш, оилани ҳар томонлама мустаҳкамлаш, оилада ва таълим тизимида ёшларни баркамол қилиб тарбиялаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб бораётган сиёсатининг негизида ҳам айнан шу ғоя ётибди.

Оилада фарзанд тарбиясида энг муҳим усул бу шахсий намунадир. Ота-онанинг хатти-ҳаракатлари, юриш-туриши, муомаласи, ўзаро муносабатлари фарзандларга намуна сифатида катта тарбиявий аҳамият касб этади. Эътибор қилганмисиз, ота-онанинг ўзаро жанжаллари, оилага, жамиятга, атроф-муҳитга салбий муносабати, рўзғорни юритишдаги пала-партишлилик шароитида ўсган болалар ҳаётда кўп адашишади. Аксинча, оиладаги юксак аҳлоқий муносабатини кўрган бола келгусида оила қурганда ҳам ўз турмуш ўртоғи билан шундай яшашга тайёр бўлиб боради.

Ота-онанинг, авлод-аждодларнинг ножўя хатти-ҳаракатларидан, нопок ишларидан фарзанд ҳам азият чекади, шундай одамларнинг фарзанди бўлганига руҳан афсусланади. Баъзи ота-оналар фарзандининг келажагини фақатгина моддий таъминлашдан иборат деб билади. Шунинг учун ҳам турли йўллар билан мол-дунё тўплашга ҳаракат қилади, очкўзлик касаллигига мубтало бўлади. Бу алфозда тўпланган бойлик эса фарзандга бахт эмас, бахтсизлик келтиришини ҳаётда афсуски, кўриб турибмиз.

Оилада фарзандни тежамкорликка, тадбиркорликка, ташаббускорликка ўргатиш, диний ва дунёвий илмлар ҳамда ҳаёт илмидан воқиф этиш, касб-ҳунар сирларини қунт билан эгаллашлари учун шарт-шароит яратиб бериш, уларнинг ҳаёт сўқмоқларида адашиб қолмаслиги ва равон йўлдан боришда ёрдам беради. Яшириб нима қиламиз, айрим келинларнинг ношудлиги, рўзғорни эплай олмаслиги айнан онасида шу жиҳатнинг йўқлигидадир.

Оила тарбия маскани бўлиб, шахснинг келажаги шу масканда тарбиянинг қандай амалга оширилишига, тарбиячи ҳисобланган ота-онанинг ўз бурч ва вазифаларига қандай муносабатда бўлишига боғлиқдир. Хўш, сиз отаси сифатида фарзандингиз ўзингиздан қайси яхши фазилатни оляпти деб ўйлайсиз? Умуман бу ҳақда ўйлаб кўрганмисиз?

Л.ХОЛИҚОВА,

 Ш.ЙЎЛДОШЕВ,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти доцентлари.