Отнинг гапирарга тили йўқ, холос

Сизга айтарларимизни оқизмай – томизмай гапириб берган Қодир чавандоз бугун юз ёш билан юзлашиш арафасида. Шу бованинг уйида эсимни билганимдан буён от кишнайди. Йил – ўн икки ой у кишининг от айвонида чироқ ёнади. Чавандознинг отга меҳри тушган. Тушганда ҳам баланд тушган.

Қодир чавандозни Оқтов, Қоратовдан тортиб, Зарафшон бўйи, Қизилқумгача кўп таниган ва унга ҳавас қилган. Эл-улусда орттирган унвони - полвон бўлди. Ишқибозлар сийловининг барини кўрди...

Ҳар замондан бир замон, деганларича бор экан. Ҳозиргилар айтарларимизни “эртак” дейди. Деса дер, уларнинг иши...

Ўтган асрнинг 70-йилларида чавандозларга кўз тийди. Йўқ, аслида қатағонга учради. От ўйинларининг ҳаммасига тақиқ қўйилди. “Ўрта асрдан қолган сарқит”, дея қораланиб, мажлисларда узундан узун қарорлар қабул қилинди. От деганига қирғин бошланди. Не бир номдор улоқчи тулпорлар гўштга топширилди...

Авазсойнинг Оқтепа қишлоғида Султон бобо деган бир дангал, жўмард отбоз ўтган. Кексайганида Дунан лақабли жийрон отга кўнгил қўйиб, сирдош, йўлдош бўлган. Ўзи емаганини шу отга едирган. Гўштга олиш навбати шу отга келиб, “катталар” сомон ташишга мўлжал қилинган машинани нақд дарвозасига тираб, “отни ортасан”, деб туриб олишганида мен ҳам иттифоқо шу ерда эдим.

Султон бобо у деди кўнишмади, бу деди қулоқ солишмади. Ҳар қанча айтган сўзига пинак бузишмади, аксини қилиб, “бир отга шунчами, оқсоқол одамсиз”, деган аврашларга ўтишгач, алами олти бўлиб, “катталар”нинг бирини четроқ тортиб, бир муддат пичирлаб гаплашди. Сўнг бирдан қўлини силтаб, тошиб кетди ва зардаланиб:

- Эй, барингди... Бўлмаса, бўлувсиз қолсин, - деди-да ҳов нарида турган отни синиқ товушда, ҳуштак билан чақирди. От ёлларини силкиллатиб, эркаланиб, кўз очиб юмгунча етиб келди, бошини эгасининг елкасига қўйиб, бир-бир нафас олиб турди.

“Катталар” нўхтасидан олмоқчи бўлди, ушлатмади. Ҳайдамоқчи бўлди, пешлатмади... Икки кўзи эгада. Султон бобо энди бўшашган эди. Ҳеч нарса билмагандай, отга ширин ишора қилиб, деди:

- Чиқ...

От машинага бир ҳамлада чопиб чиқишга чиқди-да, зум ўнғарилиб, Султон бобога кўзи тешгудай тикилди. От ниманидир сезар, безовталанар, эгасидан “сакра” ишорасини кутарди. Буни пайқаганлар дарҳол гажаванинг оғзини беркиттирди. От ҳам, Султон бобо ҳам айрилиқ ишорасини сезиб, тинчлари кетганди.

Султон бобо оғир жуссали эди. Суяниб турган учқат ҳассасига ўмгачини ташлаб, шими чўнтагидан нимадир оларман бўлди. Гавдасини ўнғаролмай, қалқиб кетганида қўлидан бир бўлак оқ қанд ерга тушди. Уни кафти билан пайпаслаб топди-да, отга қараб, тамоғига нимадир тиқилгандай, маҳзунгина:

- Дунан! – деди.

Икки кўзини эгасидан узмай турган от бир сакрашда чамбаракдан ошиб тушди. Султон бобо отни қучоқлади, от Султон бобога суйкалди... Пича туришгач, Султон бобо кўз ёши оқиб тушаётган лаби билан куй чалди... От аввалида дикир-дикир ўйнади, сўнг шашти пасайиб, кўзи ёшга тўлди. Султон бобо лабини ҳуштак қилиб чала-чала йиғлади, от ўйнай-ўйнай йиғлади...

Инсон билан от видолашувини ҳеч ким ҳам кўтаролмади-ёв. Кўзига ёш келган, келмаганни ажратар ҳолда эмасдим, ўзим ҳам беихтиёр қўшилиб йиғлардим.

Аммо “катталар”дан шафқат бўлмади. Шу зайл Дунан гўштга кетди. “Оққан ариқ оқади”, деганлари рост экан. Авазсой отсиз қолмади. Йўли топилиб, от ҳам қилинди, кўпкари ҳам чопилди. Ёшларга кўнгил бериб, тасалли билан от туттирган, чоптирган оқсоқолнинг пеши Қодир чавандоз бўлди, десам ғараз чиқмас-ов. Навбати билан “От ўрнини той босиб”, янги чавандозлар тилга тушди. Бирини ёзсам, қолган бири ўпкалар, алқисса, ёшлар майдонни тўлдирди. Майдон беэга, дашт беот қолмади...

Ана шундай. Отдан эшитса ёки айтса, ошиб-тошиб кетар гурунгларнинг кўпини эшитганман. Анчасини саришталаб ёздим ҳам, газета-журналларда ўқиганингиз бордир. Ҳали бир китоблик эшитганларим, ёзар гапларим бор. Шулардан бир шингилини сизга илиндим.

Фаросат

Колхоз вақти денг, биз ёш бола. Қирқ бешинчи йил, ғалла авж, от авж. Ўн икки-ўн уч ёшли ўсмирмиз. Тенги-тўшимиз билан ёз – олти ой эгардан тушмай, хирмон янчамиз. На тиним бор, на қўним. Йигитларнинг сараси фронтда. Иш ҳам, ташвиш ҳам биз каби ўсмирлар, хотин-халажга қолган. Бошга тушганини кўз кўради, деганларидек, толишга ҳам, чарчашга ҳам ҳаққимиз йўқ даврлар. От устига миниб, ёлини бир силасак ёки бир луккиллатиб суғориб келсак, чиройимиз ҳам, чарчоғимиз ҳам тарқаб кетарди. Одамлару отлар зўр эди. Қўшда ҳам, хирмонда ҳам от. Беминнат жонивор қишлоқ учун бебаҳо неъмат эди.

Хуллас, бир куни чарчагандан чарчадик. Отлар чўзилиб, хўпчилар (хирмон янчувчилар) тим-тик бўлди. Хирмон бегимиз Сафарбой бобо ишораси билан тўхтаб, отларни чорга (буғдой саралангандан кейин қоладиган қолдиқ) қўйдик. Улар лабларини узун чўзиб, сувлиғини шиқиллатиб, емишга тармашди. Мен хирмонга бошимни қўйиб, чалқанча ётганча отларни кузатиб, маза қиламан...

Бир вақт отлар бирин-кетин бошини силтаб кўтариб, қиблага бурилишди. Оғзидагини ҳам чайнамай, не вақт донг қотиб туришди. Ҳушёр тортдим. Савол сўрагандай бўлиб, хирмон бегига қарадим:

- Бобо, нима бўлди?

- Ўтаканг ёрилмасин, биров келаётгандир-да.

- Қани?

- Ҳанов чўп товоқни олда, тескари қўйиб қулоқ тут. Келаётганни қулоғинг “кўрсатади”.

Ишониб-ишонмай, айтганини қилдим. Воқеан, узоқдан чопиб келаётган туёқ товуши равон эшитилиб турарди. Кўп ҳам ўтмай, бир қора кўринди. Танидик. Қаюм мол духтир. Қўлига эшиб ўраган белбоғини боши узра озод айлантириб, овози борича жар солиб келаётир:

- Уруш тугади, оғайин, уруш тугади! Суюнчингни қўйнингдан ол, уруш охир бўлди, оғайин! Уруш тугади!

Дув ўрнимиздан турдик. Ҳамма қотиб қолган. Хурсандчилик ҳам қизиқ бўлар экан. Сафарбой бобо шилқ-шилқ йиғлайди. Кўзидан оқиб, соқолига тушаётган дув-дув ёшларни артмайди ҳам. Отлар бизга тикилади. Биз шодон қийқирамиз:

- Урре, уруш тугади!

Тўриқ ва уч бўри

Авазсойда овозаси кетган Тарлонкўк наслидан бир Тўриқ от ўтди. Таърифида тенги йўқ, минсанг, минги йўқ. Бу жониворда сен билан мен гапирадиган биргина тил йўқ эди. Бошқа ҳамма хислат бор унда.

Шу от Тўриқ номи билан Нурота, Қизилқум, дарёнинг у бети, бу бетида довруғ солди. Гўрўғлининг Ғиркўк отидан, Алпомишнинг Бойчиборидан ўзса ўздики, кам бўлмади. Менман деган йигитлар эгарига бир ўтириб, даврага бир киришни қанчадан-қанча орзу қилмади дейсиз. Бу жониворнинг чини билан дови бор эди, дови...

Биз отбоқар. Тўриқ эса уюрнинг “беги”. Кўнглимиз тинч. Уч-тўрт кун, ҳафта ўтиб, байталларни бир кўздан ўтказиб келамиз. Сабаби, бу чобрада Тўриқнинг зарбини емаган айғиру бўри йўқ.

Бир куни денг, бошлиғимиз Ўроқбой ака билан тонг саҳар узун-калта бўлиб, Расулбердидан йўлга чиқдик. Азон тоғ белидаги яйловга етганимизда отларимиз пишқириб тўхтади. Бундан сергакландик. Бу бир нохушлик белгиси эди.

Уюр нотинч, байталлар тойларини тўшига олиб, ларсиллаб зир айланади, қалтирайди. Ҳай-ҳай қилдик, наф йўқ. Сал кун ёришгач, уюрдаги катта-кичик от оғзидаги кўпикни, танасидаги томчилаб турган терни кўриб, пайқадикки, кечаси билан отлар тин олмай, галаси билан тўп бўлиб, у қирдан бу қирга югуриб чиққан.

Уюрда “бек” - Тўриқ йўқ. Олазарак бўлиб, овоз бердик. Бир пайт гулдиракдай гулдираган овози уч-тўрт қир наридан ҳайқириб келди. От уч бўрини худди кучукдай олдига солиб, қувиб юрибди. Намозшом отларга бўри дориган экан. Лекин Тўриқ уюрдан на бир отни, на бир тойни берибди бўриларга. Ўроқбой ака чопиб келиб, отнинг бўйнига осилди. Қучоқлаб, пешонаси, юз-кўзидан ўпди...

Сойимизда мана шундай баҳоси йўқ Тўриқ ўтган эди. Уни кўп эслайман. Гоҳи-гоҳо тушларимга киради. Орзу қиламан, умид қиламан, шу Тўриқларнинг авлоди яна қайтармикан, деб. Номи зурриёдсиз, бенасл ўчиб кетмасмикан?

Маҳоват эмас

Қадимгиларнинг гурунгида ясамалик бўлмасди. Мардум деганингиз ғийбату олди-қочдиларга қўшилмас, чавандозу отнинг зўри тилдан тушмасди. Орият кучли эди, катталарнинг сўзларини ёшлар ютиниб-ютиниб тинглашарди. Энди у суҳбатлар йўқ, самарилик Холмурод муаллим айтмоқчи: “От минганлар ер бўлди, эшакбозлар зўр бўлди”.

Тўриқ еярда ҳам пеш эди, кучда ҳам. Отбоқарлар кўрик пайтлари уюрни ҳайдаб келиш учун сўзсиз унинг эгарига қўнишарди. Минг бир хислати бор эди унинг. Агар зарб билан кишнаса, э йўқ, бе йўқ, отми, байталми, тойми, олдига тушиб, худди шамолдай шовлаб, эниб келарди, деган сўзларни Мавлон акамиздан кўп эшитганман. Ҳа, рост. Бир учини биз ҳам кўрганмиз...

Мавлон бобо деганимиз Парда бобо деган чавандоз билан отни синамоқ бўлишади. Икковлашиб хирмондан нақд олтмиш кило буғдойни тарозига солиб, ғалвирда элаб, тошини териб, Тўриқнинг охурига солади. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, от бир кунда уни пок-покиза еб, ҳал қилади. Аммо кейинги кўпкарида от ўзини кўрсатиб, афсонавий томоша бергач, ҳар ким саволига яраша жавоб олади.

Тўриқни минган чавандозлар даврани ҳайратга солади. Ҳа-да, отнинг зўри - чавандознинг обрўйи. От икки-уч отни озод судраб, ҳеч нарса кўрмагандай, тўдадан отилиб чиқаверади. Бўлади қийқирув, бўлади қийқирув!

Минглар шоҳид катта бир воқеани айтай, оғайни. Отнинг қаноти борлигига тўпланган халойиқ ҳақрост шоҳид бўлди. Ҳайратга тушмаган қолмади. Кўпнинг ақли шошди.

Авазсойнинг қибла тарафида, бир белдан сўнг Сармиш деган сой бор. Ўша пайтда у ерда халқ кўп, бир жийин кўпкари бўлди. От қайнаб чиқди. Тўриқда Мавлон акамиз. Солимнинг зўрини ҳам, мақтовнинг борини ҳам Тўриқ билан Мавлон акамиз олди.

Ажирим қишлоғида Қувондиқ Эргаш дегич чавандоз бўғич эди. Бўзбола пайтлари унинг ҳар елкасида бир йигит ўтирарди. Мана шу одам юраги тошиб, Мавлон чавандозга тик келиб, бир сўз айтди:

- Мавлон ака, шу отнинг узангисига менинг ҳам оёғим бир тегсин!

- Қувондиқ, мени бахил билма, сабилнинг жилови шах.

- Ака, мен ҳам от кўрганман.

- Оббо, кел, йигитнинг сўзи сингунча, шайтоннинг бели синсин. Ма, ол, омадингни берсин.

Қувондиқ Эргаш отнинг айили, пуштанини қайта тортиб, жугани, сувлиғини ростлаб, белини маҳкам боғлаб, кўпдан фотиҳа олиб, даврага от солди. Шу кетишда бир ҳув билан тўдани тенг иккига ёриб, улоқ олиб кетаётган отга тенглашди. Бир зарб билан чавандоздан улоқни тортиб олди. Бўлди ҳайқириқ, бўлди ҳайқириқ...

От тошдими ёки қайнаб турганиданми, Қувондиқ Эргашни улоқ билан тикка бир катта тепага олиб чиқиб кетди. Чавандоз икки оёғини узангига озод тираб, жони борича жиловни тортди. От темир сувлиқ зарбидан терсига бурилди. Лекин шиддати пасаймай, худди қуюндай пастга энгашди. Тўғри сойдан келган селдай томошабинлар турган айвонга яқинлашди. Эл шошди. Айвон қия жойдан қилинган. Орқаси ер билан тенг, олди беш-олти метрлар чамаси баланд. Супасидан паси нотекис. Гир-атрофи тўла одам. Усти ҳам, ичи ҳам ғиж-ғиж. Ишонинг, ишонманг, Тўриқ мана шу айвондан учиб ўтди. Ё кароматингдан, яна омон-эсон ерга тушиб, ҳеч нарса кўрмагандай чопиб кетди. Неча бирлар ҳай-ҳайлаб, неча бирларнинг ақли шошиб, ҳамма ҳангу-манг қолди. На ўзи, на чавандоз, на томошабин шикастланди. Отни бир амаллаб тўхтатгач, Мавлон ака жиловдан олди. Битта-яримта оқсоқолнинг сўзи билан от кўпнинг кўзидан сал нарига етакланди...

Кўплар Тўриқда қанот бор деса, ишонарди. Кечагидай эсимда, шу кўпкарида урилган қарсакдан қўллар қабарди, бировлар ҳаппойлаб, гаровга ер ўлчади: отнинг сакраган масофаси айвонгача уч-тўрт метр, айвон уч-тўрт метр, айвондан бериси тўрт-беш метр чамаланиб, айримлар бу воқеа бўлган бўлмаганлигига ўша жойнинг ўзида ишониб-ишонмай турибди...

Орадан бироз вақт ўтиб, туман маркази - Нуротада бир кўпкари бўлди. Бу гал от Салом Шовқида эди. У ҳам тутганини қўймайдиганлар хилидан эди.

Кўпкарини шайтон ўйини деганларининг сабаби бор. Тараф-тараф чопилади. Чавандозлар чапанилашиб, ўзини ҳам, кўзини ҳам сезмай қолади. Ўша кўпкарида денг, чавандозлар торта-торт қилиб, худди қуюндай от қўйишиб келяпти. Ўртада Тўриқ. Ўнгу сўли, орқаси тўп-тўп от. Жонивор қандай қилиб бўлмасин, улоқни олиб чиқсам, деган шаштда. Фақат олди очиқ, олдинга интилади. Шу пайт томошабин тўла араваларга яқинлашиб қолди. Кўпчиликнинг капалаги учиб кетди. Атроф ғиж-ғиж одам. Колхозларнинг кутак аравалари девор қилиб терилган. Жонивор тўпдан ўзиб чиқди. Бир чўзилиб, ўзини осмонга отди. Томошабиннинг нафаси ичига тушди. От эса озод сакраб, араванинг устидан ўтиб, уч-тўрт метр нарига тушди. Бир кимса лат емади. Нуротанинг қадимги кўпкари майдони олқишдан ёрилди-ёв...

Тўриқ мана шундай эди. Афсуски, бугун шу отдан зот қолмади, бенасл кетди. Ўша пайтларда туманда отчилик бўйича чечен миллатига мансуб Саржин бобо деган бош зоотехник бўлган. Жуда билимдон эди. Шу одам кўпчилик олдида, Нурота кўпкари майдонида мана шундай деган эди:

- Оғайнилар, бундай от ҳам, бундай зот ҳам бир битган. Мен билган теварак-атрофда бундан ўзгаси йўқ. Шу отнинг наслу насаби бўлган отлар деярли фронтга олинди. Авазсой отларида хислат бор. Буни билиб қўйинглар...

Ҳа, Тарлонкўкнинг авлоди Тўриқнинг насли худди Бойчибардай, худди Ғиркўкдай кўпкари беллашувларда бел бўлди, фронтда ўт, қон кечди. Буни билган билди, билмаган оғзига келганини айтиб юрди.

Озувли байтал

Озувли байталдан Авазсойда иккита ўтди. Улар ҳам колхознинг мулки бўлиб, юқорида таъкидланган Тўриқнинг наслидан эди. От олти ёшига етганида юқори-пастки жағидан якка-якка бўлиб, тўртта мустаҳкам тиш чиқади. Шунинг учун ҳам бу отни озувли, дейишади. Байталда эса бундай тиш бўлмайди. Агар уларнинг мингдан бирида учраб қолса, у байтал назаркарда дейилади. Шундай байталларнинг бирини бизда Умрзоқ Турғунов, бирини Ўроқбой Аҳатов минди.

Ўроқбойнинг байтали ранги кўкиш бўлиб, “Ўроқбойнинг Замбари” номи билан машҳур эди. Уни бир минган киши қайтиб тушмасам, дейди. Кўплар шу байталдан той олишга қизиқди. Лекин у от билан қўшилмади. Ҳатто Саржин бобо ҳам не бир усулларни қўллади, фойдаси бўлмади.

Байтал маҳоватли эди. Саржин бобонинг ўлчамича отнинг узунаси уч метр, баландлиги 1 метр 70 сантиметр, узангидан узангигача бўлган бели чамаси икки метр эди. Бир бўлса, шунчалик бўларли от эди. Юрса, бир тўп отнинг дупурини берар, кўпкарида менман деган отга устунлик қиларди. Пеш ақли ҳам бор эди.

Ўроқбой аканинг Бозор кампир деган қайнонаси бўларди. Отбоқарлар қишлоқдан бир-икки чақирим наридаги Расулбердида яшашарди. Куёви кекса кампирни қишлоққа жўнатмоқ учун Замбарнинг устига миндириб, орқасига ўғлиними, қизиними ўтқазади. Йўлда кампирни йўтал тутиб, бир-икки “эҳе”, “эҳе” дейди. Байтал учун бу “ҳув, ҳув” эшитилиб, кампир ва навара устида чоптириб кетади. Момо йиғлайди, бола йиғлайди, дод солишади. Лекин от улар қайси томонга қийшайса, совриси билан суяб, чопаверади. Тоза дод солиб йиғлагач, пайқагандай бўлиб, таппа-тақ тўхтайди. Устидагилар ўзига келгач, яна йўлга тушади.

Урушдан кейинги йилларнинг бирида Қорақарғани от бўйи қор босади. Ҳозиргидай техника йўқ. Ишонч отларда бўлган даврлар. Не бир мақталган отлар қалин қордан ўмганини кўтаролмай, ботиб қолганида, Замбар иш кўрсатади. Устида одам билан от бўйи қорни тўши билан тилиб, Нуротага йўл очиб беради.

Асл мол эди жонивор. Жилов ҳам, қамчи ҳам керак эмас эди. Қаерга бошини бурсанг, типпа-тик кетар, аёлми, болами, от минганми, от минмаганми, бир илкис бермасди. 1955 йили бир от қувишда бақайидан чиқиб, шу-шу қайта жойидан турмади. Афсона эди чоғи, у ҳам бир келиб, бир кетди.

Хушвахт бахши ҳикояси

Хушвақт деган бахшинамо дўстим бўларди, отбоз эди. Бир умр яхши отдан ажралмади. Отини ўзидан яхши кўрарди. “Ўроқбойнинг байтали” номи билан машҳур бўлган Замбарни ўз кўзи билан кўрган.

- Сойнинг доноси ҳам, мулласи ҳам кўп бўлган, - дейди Хушвақт. - Азал-азалдан марака-мовриди мўл бўлиб, йиғинлари бебахши ўтмаган. Дўмбиралар қозиқ кўрмаган, халқи зерикишдан хаёл сурмаган. Бир зўр бахшиси Мирзо бахши бўлган. Чертиб айтганини, тўқиб битганини биз бажаролмадик, бунинг сабаби кўп.

Бахши синчил отбоз ҳам эди. Йилқининг зўрини туёғидан чиққан чангидан, келбатини шамолда елпинган ёлидан билгич, чаранасидан чиқмаган тойга баҳо бергич эди.

Шу одам нақд элликдан ошиб, бир отга ошиқ бўлади. Бешработда тўрт яшар тойга кўнгил қўяди. Той келинчакдай серчирой, тоза жийрон, оқ ёл эди. Шу сабабдан лақаби ҳам Оқёл бўлди.

Бахши бор пулига шу тойни сотиб олди. Той от бўлиб, овозаси сойни тутди. Шайдоси кўпайиб, довруғи тўрт чобарага кетди. Не бир чавандозлар ҳавасдан нафасини ичига ютди. Бу отни кўриб, кўзи ўйнамаган йигит қолмади. Белига биргина ўтиришдан умидворлар кокилидан мўл бўлди. У эмас, бу эмас, Мирза бахшининг ошиғи олчи туриб, дови келгани рост бўлди.

Сойда Бўрон Вакил деган бир давлатманд ўтган. У ҳам зўр отбоз саналган. Кўзига шу Оқёл ўтдай кўринибди. Яхши-ёмонни ўртага солиб, ҳар на бўлса, бахшини кўндириб, шу отни сотиб олмоқ бўлибди. Бошда бахши кўнмабди, хархашасига қўл силтаб кетаверибди. Аммо иш ўсал бўлибди, бой эл оқсоқолини тўплаб, дардини тўкибди:

- Бахшингиз серулфат одам. Давраси ҳам кенг. Жўжа бирдай жон. Менга Худойим давлат бериб, фарзанддан қисган. Шу жийрон менга овунчоқ бўларми деб оғиз солган эдим, даҳмазаси кўп бўлди. Айтинглар, бахши бир тантилик қилсин.

Оқсоқоллар бу гапларни оқизмай-томизмай бахшига етказибди. Бахши ундай ўйлаб, бундай ўйлаб, оғримаган тишини суғуртиргандай, розилик берибди, аммо устига бир тийин ҳам қўймабди. Нимага олган бўлса, ана ўшанга берибди...

Бўрон Вакил от билан довруғ солиб, яшнаб юрган даврлар ўзгарибди. Юртга Шўро эга чиқиб, давлатмандларнинг қўлидан борини супуриб олаверибди. Йўқ, деганини қулоқ қилиб, қамайверибди. Вакилнинг боши шишиб, охири бахшининг қошига борибди ва ёрилибди:

- Бахши дунёнинг ранги-туси ўзгарди, нима дейсан, отни сотган маъқулми ёки сўйган?

Бахши ғазабдан кўкариб кетиб, қаҳр билан дебди:

- Сен Вакил бой бўлдинг, эт қўйдинг, қорин солдинг. Аммо фаросатда нодонлигингча қолдинг. Бу отни аҳмоқ сотади, бефаҳм сўяди. Кўпга келган тўй, колхоз халқники бўлса, бер халққа, от сойда қолади! Шундай қилиб, Оқёл сойда қолиб, умумнинг мулкига айланибди.

Хуллас, бахши бир булоқ суви, катта чорвоғи билан, бой Оқёл ва бор давлати, бисоти билан колхозга кирибди. Оқёл колхознинг мулки бўлиб, айғир қўйилибди ва неча-неча тойлар олинибди. Битовнинг Самани, Девбаланднинг Жийрони, Самари билан Эскининг Пойгачиси, Оқтепанинг Қашқаси ва Чашманинг Бўзидан кам бўлмайин, минганга ҳам, ўзига ҳам обрў-эътибор келтирибди.

Яхшилар матал қилади, шу отнинг гапирарга тили бўлмаган экан, холос. Одам тушунарман нарсага ақли етар, фаросати кўп экан. Маҳоватми, ҳақиқатми, ҳарқалай, кўрганлар билганлар Қувондиқ Эргаш дегич чавандоз Оқёл билан гаплашарди, дейишади. Чавандоз Оқёлни ўзидан ҳам зиёд кўрган экан. Шу сабабдан Қувондиқ Эргашнинг лақаби ҳам “Оқёл” бўлиб кетган экан.

От бироз кексайгач, дардга чалинади. Авайлабгина Нуротага даволатгани олиб боришди. Йигирма кун деганда соғайиб, қозиғига қайтади. Эй, оғайинлар, ишонинг-ишонманг, “касал кўрди”га қишлоқнинг эркагу аёли келди. Бу воқеа 1946-1947 йилларда эди.

1950 йилларда у от уюрнинг хос айғири эди. Бундай айтилса, Каражат тоғидаги жамики йилқига эга эди. Отбоқардан ўздириб, даштга кўз қулоқ эди: саксон, юз ўртасида байталу тойларни олиб юрарди. Тоғ бўрисиз бўлмайди. Бир намозшом бўри галаси тўрт томондан ҳужум қилади. Оқёлнинг бир ўзи бўрилар тўдасидан зўр келиб, бир той ҳам олдирмай, бурчини аъло даражада ўтайди. Нечовини сиқиб бориб, тепиб-тишлаб қоядан ташлатади. Аммо ёши ўтган эмасми, шу воқеадан кейин яна дардга чалинади. Умри етганлигини англаб, уюр эгасиз қолганлигини билдирмоқ мақсадида бўлса керак, қишлоққа йўл олади. Икки тошлар юриб йиқилади ва Аламли деган жойда жон беради...

- Отга халқнинг меҳри шунчалик бўладики, боши кафанланиб кўмилди. Одамлар жанозага тўплангандек тўпланди...

1949 йилнинг қиши бениҳоя қаттиқ келди. Нақд чиллада ерга икки метрлар чамасида қор тушди. Кўз очирмай бўрон турди. Шунчалик бўлдики, туянинг товони ерда турмай қолди.

Қорамолчилик фермасининг моллари тоғ орасида - Расулбердида қолиб кетди. Масофа олис. Ҳозиргидай техника йўқ. Раҳбарлар маслаҳатлашиб, кенгашиб, жамики яроқли отларни йиғди. Ҳар бирига юз килодан ем орттириб, таваккал деб йўлга солди. Менда уста Эрмуҳаммаднинг пойгачи Бўзи.

Кўзни очиб, йўлни кўриб бўлмайди, фақат чамалаб боряпмиз. На ўрни биламиз, на чуқурни, дала дашт бирдай оппоқ.

Бўз нақд филдай қувватли жонивор эди, тўрт пойигача қорга кириб кетса-да, тўши билан гуртукни ёриб бораётир. Устида айтганимдай, юз кило юк ва яна мен. Бели майишмайди, ўмганлаб, нақд сувдаги кемадай сузиб боради...

Тоғ ошувига келганда отлар толиқди. Бовурда қорнинг қалинлиги эгар бўйигача етган. Орқага қайтиб бўлмайди, бутун бошли ферма, чўпон-чўлиғи билан қор босиб, тоғда қолган. Улар нажот кутиб, йўлга кўз тикиб турибди.

Хуллас, сўнгги чора деб Ўроқбойнинг байтали лақаби билан машҳур бўлган байтални олдинга солдик. Ақлли жонивор эмасми, дардимизни тушунди шекилли, қорни нақд иккига тилиб, йўл очиб кетаверди...

Тоза зот от ҳам ориятчан бўлади, ҳам рашкчи. Айниқса, айғир тизиллайверади. Шундай бўлди. Тўққиз айғир орияти қўзиб, бир биридан ўзиб, байталнинг орқасидан эргашди. Мен бу ҳолни кўриб, Махтумқулидан жўшиб кўйлаб бордим:

Яхшилардан ҳаргиз чиқмас ёмонлик,

Асли ёмон бўлса, чиқмас омонлик.

Аслига тортади чопқир, чаманлик,

Чопқирни чаманга сотқувчи бўлма.

Ўроқбойнинг байтали бедов келбат эди. Кучда ҳам, меҳнатда ҳам бир айғирдан камлиги йўқ эди. Чаман эмас, тоза зот эди. Чаман дегани хирмончи хашаки от бўлади, йўқ, бу чиниминан чопқир эди...

Урушдан кейинги йиллар эди. Қадимги Нурота – Карман йўлини қалин қор босиб, қатнов тўхтаб қолди. Яқин атрофдаги бўз йигитлар довонни қордан тозалашга жалб этилди. Авазсойдан биз йигирма отлиқ бордик. Довонга йўл очиб, биринчи ошиб ўтган шу байтал бўлди. Овозаси ошгандан ошиб, эл назарига тушди.

Шу авлоддан тарқаган Кўкчипор лақабли отнинг ҳам таърифи баланд эди. 1959-1960 йиллар қишида Оқтоғни тўлиқ қор қоплади. Тўшидаги чорва отарларини қор босди. Ёрдамга келган ҳарбий техникалар тўхтаб қолди. Бозор карвон шу от билан йўл очиб, бир шатак туяни юки билан Кўзтошига соғ-саломат элтди. Отарга нажот етиб, қанча жон, мол омон қолди...

Эслайверсак, воқеалар мўл, шуниси ҳам тушунарманга кифоя:

Гўрўғлини Ғиркўк бўлди баноти,

Бойчибордан Алпга етди муроди.

Унутманглар, Хушвақ бахши сўзини

От дегани бу - йигитнинг қаноти.

Суюндик Мустафо НУРОТОИЙ.