Ўттиз йилдан буён ҳал этилмаётган мерос машмашаси
Ҳокимлик томонидан чиқарилган биргина нотўғри қарор, ғайриқонуний фармойиш жабрини оддий одамлар йиллаб тортиши, сарсон бўлиши мумкинлигини нафақат фуқаро, масъулларнинг ўзи ҳам яхши англаса керак. Афсуски, шундай ҳужжатлар ҳали-ҳамон бор.
Мана, мисол. Мустақилликнинг дастлабки йилларида уй-жойга муҳтож бўлган отам Бойназар Ирисов туман марказий шифохонаси тасарруфидаги эски поликлиника биносини таъмирлаб, тураржойга айлантириш мақсадида, туман ҳокимининг 1993 йил 10 мартдаги №46-Қ сонли қарорига биноан сотиб олган ва шахсий мулкига айлантирган. Бироқ ўта абгор ҳолатдаги бинони таъмирлаш учун қўли калталик қилади.
Бу вазиятдан фойдаланган “Пичот” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси А.Сайфуллаев сотиб олинган уйни вақтинча маъмурий бино сифатида фойдаланиб туришга отамни кўндиради. Бу ҳақда бирон-бир ўзаро келишув битими ёки ижара шартномаси тузилмаган, розилик хати ҳам ёзилмаган.
Мамлакатимиз қонунчилигида мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги белгилаб қўйилган. Бу қонунларга орқа қилиб, мулкингни тергаб турмасанг оғзингдаги ошингни ҳам олиб кетадиган олғирлар бор экан.
Қўшработ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Т.Атаев 1994 йил 23 февралда имзолаган “Туман марказидаги давлат фондига қарашли уй-жойларни имтиёзга эга бўлган фуқароларга шахсий мулк қилиб бериш тўғрисида”ги 57-сонли қарорга назар солсангиз бунга ишонч ҳосил қилишингиз тайин. Мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти сарлавҳасидан кўриниб турибди. Лекин унинг битта бандида томдан тараша тушгандек: “Фуқаро Ирисов Б.га тегишли бўлган бино “Пичот” маҳалла қўмитаси жойлашганлиги муносабати билан “Пичот” қишлоқ фуқаролар йиғини ихтиёрига олинсин,” дея қистириб ўтилган.
Хўш, бу қайси қуюшқонга сиғади? Қайси қонун, қайси низомга тўғри келади? Ахир ҳокимликка бировнинг мулкини бировга инъом этиш ваколати берилмаган-ку. Мана шу қонунбузулишга қарши неча йиллардан буён курашиб келяпмиз. Отам раҳматли адолатни кўрмай оламдан ўтди. Хусусийлаштирилган иморат билан боғлиқ машмашалар фарзандлари - биз, меросхўрларга қолди.
Афсуски, бизнинг иддаомизни ҳеч ким тингламаяпти. Судга борсак “Мерос гувоҳномангиз йўқ, мерос иши очинг”, деб нотариал идорага йўллайди. Нотариус “Бинонинг кадастр ҳужжатини олиб келинг”, дейди. Кадастр идораси эса ҳокимнинг юқоридаги қарорини рўкач қилади. Хуллас, Отангга бор, онангга бор”, қабилидаги машмашалардан жуда чарчадик.
Яқинда бўлиб ўтган воқеа ҳаммасидан ошиб тушди: Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси отамиздан мерос бўлиб қолган Қўшработ шаҳарчаси, Мустақиллик кўчасидаги 109-уйни, унда биз яшаётганимизни била туриб, аукцион савдосига чиқариб сотибди. Бунга нима дейсиз? Битта қонунбузилиш ортидан иккинчиси туғиляпти-ку! Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга масъул идоралардан ёрдам сўрашдан ўзга чорамиз қолмаяпти.
Аҳмад Ирисов,
Қўшработ тумани.