Ўз касбининг фидойиси эди

Ташаббускорлиги, камтаринлиги ва фидойилиги билан юрт корига яраган, ватанпарвар кишилар кўп. Ана шундайлардан бири санъатни жону дили деб билган устоз Абдулла Мўминов эди.
А.Мўминов 1947 йил 1 июнда Самарқанд шаҳрида туғилди. Ўрта мактабни тугатгач, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг тасвирий санъат ва чизмачилик йўналишинида ўқиди.
Қўлига дипломни олгач, 1970-1975 йилларда Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институтининг чизма геометрия кафедраси ўқитувчиси бўлиб ишлади. Шу даврда Украинанинг Киев шаҳрида стажёр тадқиқотчиси сифатида фаолият юритди.
А.Мўминов 1975-2007 йилларда Самарқанд шаҳар 1-сон педагогика коллежида директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, СамДУ тасвирий санъат кафедраси катта ўқитувчиси ва 2007 йилдан 2010 йилгача касбий таълим методикаси кафедрасида ўқитувчи лавозимларида ишлади.
Устоз фаолияти давомида тасвирий санъат, чизмачилик ва чизма геометрия фанларидан талабаларга сабоқ бериб, фан сирларини ўргатди, кўплаб шогирдлар тайёрлади. 30 га яқин илмий мақола ва услубий ишлар яратиб, тадқиқотлар олиб борди. Бугунга кунда улардан ўқитувчи ва талабалар таълим жараёнида фойдаланиб келмоқда.
Ажойиб мўйқалам соҳиби, педагог-рассом бугун орамизда бўлмаса-да, у кишининг эзгу амаллари, ширин хотиралари фарзандлари, жамоадошлари ва шогирдлари ишларида давом этмоқда.
Маржона Ҳасанова,
СамДУ ўқитувчиси.