Ўзбек жанг санъати федерацияси вилоят бўлими ташкилотчиси Ўзбекистон спорт фахрийси дея эътироф этилди

Вилоятимизда Ўзбек жанг санъати бўйича илк тўгарак 2009 йилда шарқ якка курашлари устаси, тажрибали мураббий Ҳалим Юсупов томонидан ташкил этилган эди. Ўтган вақт давомида спортнинг бу тури билан шуғулланувчилар сони 10 минг нафардан ошди.

Бу ерда 100 дан зиёд мамлакат биринчилиги ва халқаро турнирлар ғолиблари, 20 нафардан ортиқ жаҳон чемпионларини тайёрланди.

Бугунги кунда ҳам катталар ўртасида жаҳон чемпиони, 7 даражали қора белбоғ соҳиби  Ҳ.Юсупов ташаббуси билан вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида ташкил этилган тўгаракларда 3 мингга яқин ёш “жангчи”лар мунтазам шуғулланиб, республика ва жаҳон чемпионатларига тайёргарлик кўрмоқда. Шунингдек, республикамизда фаолият юритаётган кўплаб ҳакам ва мураббийлар Ҳалим акани устоз деб билади.  

Яқинда Ўзбекистон спорт ташкилотлари Фахрийлар кенгаши томонидан юртимизда ўзбек жанг санъатини оммалаштириш ҳамда ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Ўзбек жанг санъати устаси, тажрибали мураббий Ҳалим Юсуповни «Ўзбекистон спорт фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирлади.

- Ҳар бир ишнинг бошланиши хайрли бўлади деб бекорга айтишмайди, - дейди Ўзбек жанг санъати федерацияси вилоят бўлими ижрочи директори Ҳалим Юсупов. – Умримни спортга бағишлаганман. Шу якка кураш турлари билан шуғулланиб кам бўлмадим. Ўзбек жанг санъати энди ривожланиб келаётган бўлса-да, халқаро майдонларда тан олинди. Жаҳоннинг спорти ривожланган давлатлари спортчилари ҳам биз билан ҳисоблашадиган бўлди. Жаҳон чемпионлари Ш.Қурбонов, З.Зубайдуллаева, Ж.Юсупов, А.Шамсиева каби шогирдларимни ютуқ ва ғалабаларини кўриб қувонаман.

2017 йилда Фарғонада, 2018 йилда эса Жанубий Кореяда бўлиб ўтган Бутунжаҳон шарқ якка курашлари фестивалида спортчи ёшларимиз совринли ўринларни қўлга киритиб, халқаро татамиларда эътироф этилди. Ҳ.Юсупов катталар ўртасида жаҳон чемпиони бўлиш билан бирга ҳакамлик вазифасини ҳам қойилмақом қилиб уддалади.         

Дилмурод Тўхтаев.