Ўзбекистон элчихонаси Россиядаги юртдошларимизга мурожаат қилди
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси федерация ҳудудида бўлиб турган ҳамюртларимизга мурожаат қилди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Истеъмолчилар ҳуқуқлари ва инсон фаровонлиги ҳимоясини назорат қилиш бўйича Федерал хизмат (Роспотребнадзор) ахборотига кўра, Россия ҳузуридаги коронавирус инфекция билан касалланиш бўйича бир нечта ҳолат қайд этилган.
Ўзбекистон Элчихонаси ва Бош консулликлари томонидан Россиянинг ваколатли марказий ва ҳудудий органлари билан алоқалар ўрнатилган ва доимий мулоқот олиб борилмоқда. Коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият доимий кузатув остига олинди. 2020 йил 16 март ҳолатига кўра, Россияда янги инфекция билан касалланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган.
Элчихона ватандошларимизни ваҳимага берилмаслик ва хотиржамликка чорлаб, янги вирус билан касалланишнинг олдини олиш учун учун қуйидаги тавсияларга амал қилишларини сўрайди:
− жамоат жойлари: савдо марказлари, спорт ва бошқа оммавий тадбирларга боришдан тийилиш, тиғиз вақтда жамоат транспортидан фойдаланмаслик;
− жамоат жойларида бир марталик тиббий ниқобдан (респиратор) фойдаланиш ва уни ҳар 2-3 соатда алмаштириш;
− ўткир респираторли вирус инфекциясига (ОРВИ) оид сезиларли белгилар (йўтал, аксириш, бурундан сув оқиши) бор инсонлар билан бир хонада бўлиш ва яқин алоқага йўл қўймаслик;
− кўчадан қайтганда, бегона одамлар билан мулоқот қилингандан сўнг қўлларни сув ва совун билан ювиш;
− гаджетлар, компьютерлар ва бошқа техника, шунингдек, доимий фойдаланадиган мебелларни мунтазам равишда дезинфексиялаш;
− имкон даражасида қўл бериб кўришиш ва қучоқлашувлардан воз кечиш;
− фақат ўзингизники бўлган шахсий гигиена воситаларидан фойдаланиш (сочиқ, тиш тозалаш воситалари);
− имкон даражасида кўз, бурун ва оғизни қўл билан ушламаслик;
− эпидемиологик вазият ёмон бўлган мамлакатларга сафарга қилишдан воз кечиш;
− Россия ҳукуматининг тавсияларини диққат билан кузатиб бориш ва уларга амал қилиш.
Тиббиёт мутахассисларининг маълумотларига қараганда, коронавирус инфекцияси билан касалланишнинг асосий белгилари тананинг юқори ҳарорати, бош оғриғи, заифлик, йўтал, нафас олишнинг қийинлашуви, мушакларда оғриқ, кўнгил айниши ва қайт қилиш ҳамда ич кетиши ҳисобланади. Касаллик билан боғлиқ белгилар юзага келган тақдирда, зудлик билан 103 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, тез тиббий ёрдам чақириш лозим.
Мавзуга доир қўшимча ахборотларни Ўзбекистоннинг Москвадаги Элчихонаси ҳамда Владивосток, Екатеринбург, Казан, Новосибирск, Ростов-на-Дону ва Санкт-Петербург шаҳарларидаги Бош консулхоналари ҳузурида ташкил этилган ишчи гуруҳларга қўнғироқ қилиб олиш мумкин.