Ўзбекистон – Ҳиндистон: Ахборот-коммуникация технологиялари борасида истиқболли ҳамкорлик
Ҳиндистон тараққиётида илм-фан ва технологияларнинг ўрни беқиёс. Ушбу соҳаларга эътибор натижасида Ҳиндистон 2005 йиллардаёқ дунёнинг саноати ривожланган, аграр-индустриал давлатларидан бирига айланган эди. Кейинги вақтларда инглиз тилида сўзлашувчи мутахассислари кўплиги туфайли бу мамлакатда халқаро корпорациялар сони йилдан-йилга ортмоқда.
Бой тарих, улкан иқтисодий салоҳиятга эга, маданияти, миллий анъаналари чуқур илдиз отган Ҳиндистондек давлат билан яқин ҳамкорлик Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидандир.
Таъкидлаш жоиз, Ҳиндистон билан Марказий Осиё халқлари азалдан ўзаро савдо-сотиқ қилиб келган. Жумладан, ўзбек ва ҳинд халқлари ўртасидаги иқтисодий-ижтимоий, маданий алоқалар тарихи жуда қадим даврларга бориб тақалади. 1966 йил 10 январда Тошкент декларацияси қабул қилингандан кейин Ҳиндистон билан Покистон ўртасидаги қонли урушга чек қўйилгани тарихий воқеа бўлган эди. Бу каби алоқалар Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин янада кенгайди.
Икки давлат ўртасида иқтисодий ҳамкорлик ривожида ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси алоҳида ўрин эгаллайди. Зеро, Ҳиндистон бугунги кунда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришда дунёнинг етакчи давлатларидан биридир. Ушбу мамлакатда АКТнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 7,7 фоизни ташкил қилади. АКТ соҳасида кадрлар тайёрлаш даражаси ҳам юқори рейтингларда баҳоланади. Ўзбекистон учун Ҳиндистон билан ушбу йўналишдаги ҳамкорлик соҳани замон талаблари даражасида ривожлантиришда муҳим омиллардан бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 30 сентябрь – 1 октябрь кунлари Ҳиндистонга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитиб, стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқди. Ташриф натижасида туризм, қишлоқ хўжалиги, фан-техника, инновация, тиббиёт соҳаларида 20 га яқин битим ва келишувлар имзоланди. 2020 йилга келиб ўзаро савдо айланмасини 1 миллиард АҚШ долларига етказиш мўлжалланди.
Президентимиз ташрифи натижасида Амити университетининг Тошкентдаги филиали очилди. Шунингдек, мутахассислар алмашинуви, технопарклар тажрибасини ўрганиш, электрон ҳукумат йўналишида ҳамкорлик, ҳиндлар тажрибасига таянган “электрон соғлиқни сақлаш”, “электрон божхона”, “электрон виза” каби электрон давлат хизматларини кўрсатишни жорий этиш мўлжалланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг таклифига биноан 2019 йил 17-18 январь кунлари ушбу мамлакатга ташриф буюриб, “Жўшқин Гужарат – 2019” IX халқаро инвестиция саммитида иштирок этди. Ушбу амалий ташриф Осиёнинг қудратли давлатларидан бири Ҳиндистон билан Ўзбекистон ўртасидаги тарихий муносабатларни янги босқичга кўтаришда яна бир муҳим қадам бўлди. Негаки, ташриф давомида Андижонда ўзбек-ҳинд эркин фармацевтика зонасини очиш, Андижон вилояти билан Гужарат штати, Самарқанд билан Агра шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик ришталарини боғлаш, шунингдек, Шимол-Жануб халқаро транспорт коридорига Ўзбекистоннинг қўшилиши борасида келишувга эришилди.
Ҳиндистондан нимани ўрганиш мумкин?
Ҳиндистонни ахборот технологиялари соҳасида дунёда пешқадам, дедик. Сўзимизнинг исботи сифатида бу мамлакатда АКТ йўналишида 4 миллионга яқин фуқаро меҳнат қилаётганини, ўтган йили шу соҳанинг ўзидан 185 миллиард АҚШ доллари миқдорида даромад олинганини айтиш кифоя.
Қизиғи шундаки, соҳага эътибор атиги 25-30 йил илгари бошланган эди. Ҳиндистон тажрибасини ўрганган ҳолда Ўзбекистон ҳам ахборот коммуникацияларини ривожлантириш сари дадил қадам ташлаяпти. Жумладан, Тошкент ахборот технологиялари университети билан Деҳли технология университети, Ҳиндистон технология институти, Ҳиндистон илғор компьютер технологияларини ривожлантириш маркази (CDAC) ўртасида ҳамкорликка доир ўзаро англашув меморандумлари имзоланган. Яна бир муҳим соҳа Электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш маркази билан Ҳиндистондаги NIC информатика миллий маркази ўртасида ҳам алоқалар йўлга қўйилган.
Мамлакатимизда янги устувор тармоқ шаклланиши арафасида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳукуматлари ўртасида космосдан тинчлик мақсадида фойдаланиш бўйича тузилган шартнома ҳам муҳим ҳужжатлар сирасидан. Космик тадқиқотларга ихтисослашган ISRO ташкилоти бу борада тадқиқотларни бошлаб юборган.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Тошкентда дастлабки IT-Park ташкил қилинди. Ҳиндистонда IT-Parkларни бирлаштирган STPI (Software Technology Parks of India) Ҳиндистон дастурий маҳсулотлари ва технология парклари уюшмаси фаолият олиб боради. Ўзбекистонда 2019 йил январь ойида ўз фаолиятини бошлаган IT-Park инновацион ғояларни амалга ошириш, соҳага етук мутахассислар тайёрлаш, умуман олганда, ахборот коммуникациялари соҳасида рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш орқали Ўзбекистон иқтисодиётига ўз ҳиссасини қўшишни мақсад қилган.
IT-Park ахборот технологиялари соҳасига алоқадор бўлган стартапларни ғоя кўринишидан то прототип кўринишига қадар олиб келишга кўмаклашади. Энг катта мақсад Ўзбекистонда ахборот технологиялари йўналишида стартап лойиҳалари учун эко-муҳитни ривожлантиришдир.
Мазкур ташкилий ишларга бош-қош бўлган STPI уюшмаси (Ҳиндистон) мутахассиси Жаярам Партасарти фикрига кўра, IT-Park таркиби қуйидагича тузилган: инкубация ва акселерация дастурлари; давлат жамғармалари ҳисобидан шакллантирилган венчур молиялаштириш ва хусусий инвесторлар; IT-мутахассисларни тайёрловчи IT-академия; замонавий, қулай коворкинг майдонлари ва офислари; бухгалтерия ва маркетинг хизматлари.
Иштирокчилар уч ой ичида ўз ишланмаларини синаб кўриш имконига эга бўлади. IT-Park дастурларида талабгор стаптаперлар саккизта йўналишдан бирини танлаб қатнашишлари мумкин. Ана шу ишга бош-қош бўлаётган Инновацион ривожланиш вазирлигининг кўзлаган мақсади шуки, iCreate DevX компаниялари билан ҳамкорлик доирасида юртимизда ташкил этилган стартап компаниялари Ҳиндистонга ўз технологияларини трансфер қилиш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, қўшма стартап лойиҳаларни ўзида бирлаштирувчи “Технологик хаб”ни ташкил этишга келишилган. Асли, бу дунё иқтисодий бозорларига кириб бориш йўли, дегани.
Ўзбекистонда ахборот коммуникациялар бозорини шакллантиришда Ҳиндистоннинг бой тажрибаси қўл келади. Масалан, бу мамлакатда махсус давлат дастури асосида ахборот технологиялари соҳасидаги экспорт салоҳиятига эга компанияларга барча турдаги компьютер ва бошқа қурилмаларни божхона тўловисиз олиб кириш имконияти берилган. У аввалига STPI (Software and Technology Parks of India – Ҳиндистон дастурий маҳсулотлар ва технология парклари) орқали амалга оширилди ва бунда IT соҳасида экспорт билан шуғулланувчи компаниялар юридик шахслар учун солинадиган фойда солиғидан озод этилди. Ахборот технологиялари иқтисодиётда ўз муносиб ўрнини топгач, Ҳиндистон ҳукумати турли тузилмалар, жумладан, стартап фондларини яратиш орқали стартап лойиҳаларга кўпроқ эътибор қаратмоқда.
Жамғарма ташкил қилиш, ундан стартапларни реализация қилишда фойдаланиш Ҳиндистонда 5 йил олдин йўлга қўйилганди. Ахборот технологияларида юқори натижаларга эришиш, масалан, стартапларни реализация қилиш учун маблағ асосий роль ўйнамайди. Тизимли ёндашув ва тўғри бошқарув орқали бошланган ислоҳот ўз ортидан маблағни ҳам олиб келади, деб ҳисоблайди мутахассислар.
Ўзбекистонда IT тармоғи ривожига асосий тўсиқ шуки, бизда IT-бозорнинг чуқур таҳлили ва мониторинги ўтказилмайди. Статистика қўмитасига кўра, юртимизда 7 мингдан ортиқ IT тузилмалар бўлиб, улар асосан веб-дастурлар, бизнес жараёнларини автоматлаштириш, тўлов тизимларини яратиш билан шуғулланади. Компаниялар қанақа интеллектуал маҳсулот ишлаб чиқаради ва бозори қаерда? ЯИМдаги улуши борми, деган саволларга ҳануз жавоб йўқ. Демак, бу истиқболли соҳага шарт-шароит ва имтиёзлар етарли бўлишига қарамай, катта имкониятдан фойдалана олмаяпмиз.
Ҳамкорликнинг янги йўналишлари
Президентимиз парламентга Мурожаатномасида иқтисодиётнинг барча соҳаларини рақамли технологиялар асосида янгилашни назарда тутадиган Рақамли иқтисодиёт миллий концепциясини ишлаб чиқиш, шу асосда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастурини ҳаётга татбиқ этиш, ахборот технологиялари асосида банк тизимини ривожлантириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиб, давлатимиз чегара хавфсизлигини кучайтириш ва назорат сифатини ошириш, умуман, илмий ёндашувлар асосида қатор соҳаларга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш вазифаларини белгилаб берган эди. Ҳиндистоннинг АКТ борасидаги тажрибасини ўрганиш бу борадаги вазифаларни сифатли ва самарали амалга оширишда айни муддаодир.
Тошкент ахборот технологиялари университети қошида Ж.Неру номидаги Ўзбекистон – Ҳиндистон ахборот технологиялари маркази 2005 йилдан бери фаолият олиб бормоқда. Марказ фаолиятини ривожлантириш бўйича Ҳиндистондаги ҳамкор ташкилот CDAC (Илғор ахборот технологиялари ўқув маркази) билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, малакали ўқитувчиларни ишга таклиф қилиш, университет ўқитувчиларининг малакасини ошириш имконияти мавжуд.
Тошкент шаҳар Олмазор туманида Лал Баҳодур Шастри номидаги 24-умумтаълим мактаби ҳинд тилини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослашган. Икки томонлама узвийликни таъминлаш мақсадида ўқувчиларга чет тилларини ўргатиш, ахборот коммуникация ҳамда илғор педагогик технологиялардан фойдаланиш йўналишида Ҳиндистон Республикасининг етакчи таълим муассасаларида амалиёт ўташи, ўзаро тажриба алмашиши бўйича яқин ҳамкорлик ташкил этилган.
Инновацион ривожланиш вазирлиги делегациясининг Ҳиндистоннинг Гужарат штатига сафари доирасида қатор лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Natural Storage Solutions Pvt. Ltd., Nath Bio-Genes, Paragon Irrigation Pvt. Ltd. ва бошқа компаниялар билан англашув меморандумлари имзоланди. Natural Storage Solutions Pvt. Ltd. компанияси билан инновацион технологиялар асосида мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйишга келишилди. Мазкур лойиҳа бўйича инновацион технологиялар асосида мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган завод қурилиши режалаштирилган.
Хулоса ўрнида, фан - бу пулни билимга айлантирадиган, инновация – билимни пулга айлантирадиган жараён. Ахборот технологиялари ушбу жараённи тезлаштирувчи восита. Ушбу олтин қоидани яхши тушунган Ҳиндистон ҳукумати сўнгги ўн йилликда асосан илм-фан, технологияларга эътиборни кучайтира бошлади. Бир олимга илмий адабиётлар сотиб олиш учун сарфланган маблағлар миқдори бўйича улар ҳатто Хитойни ортда қолдирмоқда (Хитойда – 159 АҚШ доллари, Ҳиндистонда – 510 АҚШ доллари).
Шуни таъкидлаш ўринлики, Ҳиндистон иқтисодий салоҳияти бўйича 2018 йилда ЯИМ 2,85 триллион АҚШ долларини ташкил этиб, жаҳонда 7-ўринни эгаллади. Мамлакатда дунёнинг 18 фоиз аҳолиси яшайди. Ғарб мамлакатлари прогнозига кўра, Ҳиндистон энг шиддатли ривожланувчи давлатлар қаторига киради, йиллик ЯИМ кейинги икки йилда 7 фоиздан ошиб, ҳатто келажакда Хитойдан ҳам ўзиб кетади, деган тахминлар айтилмоқда. Хитой, БАА, АҚШ, Европа Иттифоқи, Саудия Арабистони, Сингапур, Гонконг, Корея Республикаси бу давлатнинг асосий савдо ҳамкорлари ҳисобланади.
Олимларнинг фикрича, 2050 йилга келиб Ҳиндистон дунёдаги аҳолиси энг зич жойлашган мамлакатга айланади. Ўша вақтда аҳолиси сони 1,6 миллиард бўлиши мумкин. Бу эса АҚШ ва Хитой биргаликда қўшиб ҳисоблагандаги кўрсаткичга тенг бўлади.
Ҳақиқатан ҳам афсоналар ўлкаси, бугунда эса янги имкониятлари очилиб бораётган Ҳиндистон билан дўстлик, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистон учун фойдали бўлиб, ахборот технологиялари, дастурий таъминот ва фармацевтика каби устувор соҳаларга янги ёндашувларни шакллантириш ва ривожлантиришга ёрдам беради.
Бахтиёр ОМОНОВ,
Тошкент ахборот технологиялари университети доценти, сиёсий фанлар доктори.