Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Нормуродов неча йилдан буён сайловда қатнашади?
Самарқанд ветеринария медицинаси институтида жойлашган 115-сайлов участкасида 1600 нафардан ортиқ сайловчи рўйхатга олинган.
Улар қаторида “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Нормуродов ҳам бор.
Қаҳрамон отахон бугун биринчилардан бўлиб сайлов участкасига келди ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга кўрсатилган номзодларнинг энг муносибларига овоз берди.
– “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар!” шиори остида ўтказилаётган бу йилги сайловларга тайёргарлик ва бугунги овоз бериш жараёнлари ҳар қачонгидан ўзгача, юқори савияда эканлигини барчамиз кўриб турибмиз, – деди Ҳасан Нормуродов. – Бу аввало сайловнинг янги қонунчилик, яъни Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси асосида ўтаётгани билан боғлиқ. Қолаверса, кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар давлат ва жамият ҳаётида, халқимиз турмуш тарзида ҳам ўз аксини топмоқдаки, бугун сайловда иштирок этаётган номзодлар ва сайловчилар буни юракдан ҳис қилмоқда. Ўзим ҳам 1956 йилдан буён сайловларда иштирок этаман. Бу борада 63 йиллик тажрибага эга инсон сифатида айтишим мумкинки, жорий йилги сайловлар аввалгилардан тубдан фарқ қилади. Ва бу сайлов натижалари давлатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига хизмат қилишига ишонаман.