Ўзбекистон қуёши “таъми” акс этган фильм яратилмоқда
Ўзбекистон кинематография агентлиги Россиянинг "Спутник Восток Продакшен" кинокомпанияси билан "Қуёш таъми" фильмини суратга олиш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолаган эди.
Шу кунларда Самарқанд шаҳрида ушбу фильмни тасвирга олиш ишлари бошланди.
Дастлаб ижодий жамоа Бухоро шаҳрида бўлиб, сўнг Самарқанд ҳамда Тошкент вилоятида ижодий жараённи давом эттиради.
Самарқанд шаҳрида асосий суратга олиш жараёнлари Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Улуғбек расадхонаси, Афросиёб харобалари, Cиёб бозори ҳудудида олиб борилади.
- Мазкур фильм россиялик киноижодкорлар билан ко-продукция, яъни ҳаммуаллифликда суратга олинаётган фильмлардан бири, - дейди фильмнинг Ўзбекистондаги ижрочи директори Сайёра Худойбердиева. - Иккинчиси Россияда ижод қилиб келаётган ўзбекистонлик таниқли актёр Фарҳод Маҳмудовнинг Ўзбекистон кинематография агентлиги билан ҳамкорликда суратга олаётган "Пари совғаси" фильмидир. Ҳозирда фильмни Хива шаҳрида тасвирга олиш ишлари тугалланмоқда. Самарқандда тасвирга олинаётган “Қуёш таъми” фильми саргузашт жанрида бўлиб, оилавий томоша қилинадиган кино.
Ўтган йили биз Москвада бўлдик, улар бу ерга келишди. Умумий шароитларни ўргандик. Ва келишувга кўра, асосий тасвирлар Ўзбекистонда суратга олинадиган бўлди. Фильм продюссери Александр Кессель юртимизда бўлганида қуёшимизнинг ўзига хос “таъми” борлигини ҳис қилди. Эрта тонгда қуёшнинг чиқиши ва ботиши ижодкорларда ўзига хос таассурот қолдирди ва фильм “Қуёш таъми” деб номланди. Чунки россиялик ижодкорлар дастлаб фильмни Уралда суратга олишмоқчи бўлган. Ва номи “Дарё” эди. Фильм қаҳрамонлари бобо ва набира Бухоро амирининг хазинасини излаб, Самарқанд, Тошкент вилоятида бўлишади. Ҳатто, Регистон майдонидаги мадрасалардаги нақшлардан ҳам ҳикмат излайди. Фильмнинг қолган воқеалари сир бўлсин. Жорий йилнинг учинчи чорагида фильмнинг премьерасини ўтказишни режалаштирганмиз.
Бош роллар россиялик киноактёрлар Александр Ильин, Андрей Мерзликин, ўзбекистонлик актёрлардан Муҳаммадисо Абдулхайиров, невара образлари ёш дебютант Камола Усмонова ва ёш актёр Леонид Басов томонидан ижро этилади.
Ўзбекистон кинематография агентлиги вилоят ҳудудий бўлими маълумотига кўра, 2021 йил 8 апрелда қабул қилинган “Кино санъати ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” Президент фармонига кўра, 2021 йил 1 июлдан бошлаб савдо майдони 15 минг квадрат метрдан ортиқ янги қуриладиган савдо марказларида кинотеатр ташкил этиш мажбурий тартиби ўрнатилади. Кинотеатрларда жами ўриндиқлар сони 300 тадан ва 4 та кинозалдан кам бўлмаслиги зарурлиги белгиланган. 2024 йил 1 январга қадар кинотеатрлар рақамли проекторлар билан жиҳозланса, уларни харид қилиш харажатларининг 50 фоизи давлат бюджетидан қоплаб берилади.
Самарқанд шаҳридаги “Шарқ юлдузи”, Жомбой туманидаги “Зарафшон” ва Қўшработ туманидаги “Қўшработ” давлат кинотеатрларида таъмирлаш ишлари олиб борилади. Ҳозирда Ўзбекистон кинематография агентлиги билан вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида тарихий сиймоларимиз Баҳодир Ялангтўш ва Имом Бухорий ҳақида ҳужжатли фильмларни суратга олиш учун тайёргарлик жараёнлари кетмоқда.
Насиба Жонтўраева.