Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

Ассалому алайкум, ҳурматли ватандошлар!

Қадрли уруш ва меҳнат фахрийлари!

Аввало, мана шу улуғ айём кунларида, муҳташам Ғалаба боғида туриб, сиз, азизларни, бугунги тантанали маросимни жойлардаги студияларда, ҳарбий округларда, оила даврасида телевидение орқали томоша қилаётган барча фахрийларимизни кўпмиллатли бутун халқимизни Хотира ва қадрлаш куни ҳамда буюк Ғалабанинг 76 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман.

Барчангизга ўзимнинг юксак ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдираман.

Муҳтарам уруш ва меҳнат фронти фахрийлари!

Бугунги шонли санани биз доимо чексиз қувонч ва чексиз изтироб билан нишонлаймиз. Ватан озодлиги учун, ҳозирги тинч-омон кунлар учун жанг майдонларида ҳалок бўлган ота-боболаримизни, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, ҳурмат бажо келтирамиз.

Сиз, мўътабар фахрийларимизнинг беқиёс қаҳрамонлигингиз инсоният тарихига абадий ўчмайдиган, буюк саҳифа бўлиб ёзилганини чуқур миннатдорлик билан эътироф этамиз.

Улуғ ва табаррук ёшларга етиб, бугун орамизда соғ-саломат, дуогўй бўлиб юрган уруш ва меҳнат фронтининг барча жангчиларига яна бир бор юксак меҳр ва ҳурматимизни изҳор этиб, уларнинг барчасига чин юракдан ташаккур айтамиз.

Ҳаётнинг оғир ва аччиқ синовларини мардона енгиб ўтган Сиз, азизларнинг Ўзбекистонимизни ҳар томонлама ривожлантириш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида, мустаҳкам иродали инсонлар этиб тарбиялашга қўшаётган муносиб ҳиссангизни барчамиз юксак баҳолаймиз.

Сизларнинг мардлик ва матонатингиз коронавирус пандемияси давом этаётган ҳозирги мураккаб даврда ҳам ана шу хатарли касалликка қарши курашда бизга куч ва мадад бермоқда.

Биз – бугунги миннатдор авлодлар сизлар каби жасур оталаримиз билан умрбод фахрланамиз.

Мана шу ҳаяжонли дақиқаларда сизларнинг жанг майдонларида буюк қаҳрамонлик кўрсатганингиз, урушдан кейин мамлакатни тиклаш ва ривожлантириш йўлида қилган фидокорона хизматларингиз учун барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз.

Орадан яна қанча йиллар, асрлар ўтмасин, сизларнинг фашизмга қарши кўрсатган матонатингизни халқимиз ҳамиша қалбида, хотирасида сақлайди, бу жасорат ёшларимиз учун абадий ибрат намунаси бўлиб қолади.

Ҳурматли юртдошлар!

Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб бегуноҳ инсонларнинг ўлимига сабаб бўлган, мислсиз йўқотиш ва талафотларга олиб келган энг даҳшатли қирғин бўлганини ҳаммамиз яхши биламиз. Олти йил давом этган бу қонли урушда ўша пайтда дунёдаги мавжуд 73 та давлатдан 62 таси, Ер юзи аҳолисининг 80 фоизи иштирок этгани ҳам бу ҳақиқатни тасдиқлайди.

Европа, Осиё ва Африка қитъаларидаги 40 та давлатни бевосита қамраб олган уруш ҳаракатларига 110 миллион киши сафарбар этилгани ва бу қирғинда жами 70 миллион киши ҳалок бўлгани ҳар қандай одамни ларзага солади. Энг кўп қурбонлар собиқ Иттифоқ республикалари ҳиссасига тўғри келиб, қарийб 27 миллион кишини ташкил этганини бугун ҳам улкан қайғу ва изтироб билан эслаймиз.

Ўзбекистон халқи бутун тараққийпарвар инсоният қаторида урушнинг биринчи кунларидан бошлаб фашизмга қарши жангга кирди. Ёвуз душманни тор-мор этиш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этди.

Шу борада баъзи бир энг муҳим, илгари бизга номаълум бўлган факт ва рақамларни яна бир бор эслаб ўтиш ўринли, деб ҳисоблайман.

Маълумки, 1941 йилда республикамиз аҳолиси 6 миллион 800 мингдан зиёд кишини ташкил этарди. Уруш бошланиши билан қарийб 2 миллион юртдошимиз фронтга отланди. Ҳар бири том маънода қаҳрамон бўлган бу азиз инсонларнинг 500 мингдан зиёди шафқатсиз жангларда ҳалок бўлди.

Бизбу рақамларни ҳар йили 9 май – Ғалаба байрамида қайта-қайта эсга оламиз. Булар шунчаки оддий рақамлар эмас. Уларнинг замирида муштипар оналаримиз, момоларимиз, мард ва жасур оталаримиз, бутун халқимиз қалбидаги чексиз қайғу ва ҳасрат мужассам.

Бу дарду аламларни ҳеч қандай рақам, ҳеч қандай сўз билан ифодалаб бўлмайди, десак, янглишмаган бўламиз. Нега деганда, 500 мингдан зиёд қурбон – бу 500 мингдан ортиқ фожиа дегани. Бу умр йўлдошидан айрилган минг-минглаб аёллар, ота-онасидан жудо бўлган миллионлаб етим болалар дегани. Бу – орадан шунча йиллар ўтса ҳамки, халқимиз юрагидаги битмаган, ҳеч қачон битмайдиган мудҳиш яра, туганмас нола ва армон демакдир.

Ўзбекистон халқи ана шундай оғир талафотлар кўриб, буюк Ғалабага беқиёс ҳисса қўшди. Бу ҳақиқатни 200 мингдан зиёд аскар ва офицерларимиз жанговар орден ва медаллар билан мукофотлангани ҳам яққол исботлайди. Ватандошларимизнинг 301 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони деган юксак унвонга, 70 нафардан ортиғи учала даражадаги “Слава” орденига сазовор бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Инсоният тақдири ва келажаги ҳал бўлаётган ўша суронли йилларда Ўзбекистон фронтнинг мустаҳкам таъминот базаси бўлиб хизмат қилди.

“Ҳамма нарса – фронт учун, ҳамма нарса – Ғалаба учун!” деган ғоя эл-юртимизнинг ҳаётий эътиқодига айланди. Халқимиз туну кун тинимсиз меҳнат қилиб, улкан миқдордаги озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа, дори-дармон захираларини жанг майдонларига узлуксиз етказиб берди. Бомба ва снарядлар тинимсиз портлаб турган ҳудудлардан 170 га яқин завод ва фабрикалар Ўзбекистонга эвакуация қилинди ва қисқа муддатда қайта ишга туширилди.

Урушдан жабр кўрган 1 миллион 500 мингдан ортиқ кексалар, аёллар ва болалар республикамизга кўчириб келтирилди. Уларнинг 200 мингдан зиёди ота-онасидан айрилган етим болалар эди.

Эл-юртимиз мудҳиш уруш йилларида ўзининг юксак гуманистик фазилатларини намоён этди. Ўзбекистонга олиб келинган турли миллатга мансуб минг-минглаб  инсонларга бошпана берди, меҳр-шафқат, одамийлик кўрсатиб, энг сўнгги нонини ҳам улар билан баҳам кўрди. “Тошкент – нон шаҳри”, “Ўзбекистон – меҳр мамлакати” эканини амалда яна бир бор исботлади.

Халқимизнинг бундай улкан жасорати, олижаноблиги бутун дунёда ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлди. Ва бу билан биз ҳар қа%