“Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги Қонун экспертлар иштирокида муҳокама қилинди
Кеча, 8 июль куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси Ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Сенат аъзолари, экспертлар гуруҳи ҳамда бир қатор манфаатдор вазирлик ва идоралар масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Қонун Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши бир неча объектив сабаблар билан боғлиқ.
Жумладан, амалдаги, 1996 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги Қонун Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини тизимли ҳал этишни таъминлай олмайди.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари бўйича таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш тартиб-таомиллари ишлаб чиқилмаган ва тартибга солинмаганлиги, ўз навбатида, мазкур масалаларда чуқур таҳлил қилинмаган қарорларнинг қабул қилинишига замин яратиб келаётганлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, амалдаги Қонунда давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг ваколатлари ва вазифалари аниқ белгилаб берилмаган, тўғридан-тўғри амал қилувчи нормалар белгиланмаган. Аҳамиятлиси, амалдаги Қонун қабул қилинганда 31 моддадан иборат бўлган ва улардан бугунги кунда 15 таси турли сабабларга кўра ўз кучини йўқотган.
Муҳокама қилинган мазкур янги Қонун бир қатор муҳим асосий қоидаларнинг мавжудлиги билан ажралиб туради. Хусусан, унда ҳудудий тузилиш масалалари бўйича қарор қабул қилишда давлат органларининг ваколатлари ва вазифалари аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиши масалалари бўйича таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш механизмлари ўрнатилиб, мазкур масалаларда махсус коммиссиялар тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш ҳуқуқий нормалар асосида белгиланмоқда.
Шунингдек, мажлисда ушбу Қонун Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари билан боғлиқ муносабатларни тўғридан-тўғри амал қилувчи нормалар орқали қонуний тартибга солишга хизмат қилиши таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати.