Ўзбекистон - умумий уйимиз

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимизда бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, барча фуқароларга миллати, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Шу асосда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди. Миллатлараро дўстлик ва бирдамлик муносабатларини мустаҳкамлаш, барча миллатларнинг ўз қадриятларини сақлаб қолиши учун тенг шароитлар яратиб бериш, миллий маданий марказлар фаолиятини кучайтириш каби долзарб вазифаларни амалга ошириш борасидаги хайрли ишлар янги босқичга кўтарилди.
Амалга оширилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар натижасида бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари ҳамжиҳатликда, бир оила фарзандидек яшаб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Шунингдек, 143 та миллий-маданий марказ самарали фаолият юритмоқда. Республикамиздаги барча миллий маданий марказлар давлат миқёсидаги умумхалқ байрамлари, тадбирларида фаол иштирок этиб келмоқда. Мустақиллик байрамига бағишлаб ўтказиладиган «Ўзбекистон - умумий уйимиз», «Бизнинг кучимиз - бирлик ва ҳамжиҳатликда» каби фестиваллар миллатлараро дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.
Бундай тадбирлар вилоятимизда ҳам юқори савияда ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, вилоятимиздаги мавжуд 10 дан ортиқ миллий-маданий марказ вакиллари ўз тариxини ўрганиш, маданияти ва санъати, урф-одатлари ва анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантиришга кўмаклашишга катта ҳисса қўшмоқда. Аксарият маданий марказларда «Якшанба мактаблари» ташкил этилган. Уларда ёшларга ўзбек тили ва ўз она тили, урф-одат ва анъаналар, маданият ва санъат йўналишларида билим бериб борилади.
Бундай хайрли тадбирлар ташкил этишда партиямиз ҳам четда тургани йўқ. “Миллий тикланиш” партияси вилоят кенгаши 357 нафар турли миллат вакилларини ўзи сафига қабул қилди. Бундан ташқари, вилоят партия ташкилоти ва миллий-маданий марказлар билан ҳамкорликда 50 дан ортиқ турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Кенг жамоатчилик орасида бағрикенглик ва инсонпарварлик, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик ғоялари кенг тарғиб қилинди.
Шу йилдан бошлаб партиямиз аъзолари ва депутатлар жойларда миллатлараро тотувлик, бирдамлик ва якдилликни янада мустаҳкамлашга қаратилган анъанавий “Кўп миллатли оила” лойиҳасини амалга оширишни мақсад қилган.
Дилбар Муқумова,
“Миллий тикланиш” демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши “Аёллар қаноти” етакчиси.