Ўзбекистонда 300 мингга яқин эҳтиёжманд хонадон мавжуд

Бугун, 19 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Ялпи мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб бормоқда.

➖ Пандемия сабабли мамлакатимиз иқтисодий қийинчиликларни бошидан кечираётганлигига қарамасдан, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланди. Кам таъминланган эҳтиёжманд аҳоли рўйхати шакллантирилиб, уларни камбағалликдан чиқариш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.

Республика бўйича 7 миллион 192 мингдан ортиқ хонадоннинг 300 мингга яқини (4,1 фоиз) эҳтиёжманд хонадон ҳисобланади. Ушбу хонадонларнинг рўйхатлари маҳаллий Кенгашларнинг қарорлари билан тасдиқланган.

Тадбиркорлик билан шуғулланиш имкониятлари янада кенгайтирилмоқда. Амалдаги кўплаб талаб ва чекловлар қайта кўриб чиқилиб, соддалаштирилмоқда, катта имтиёзлар берилмоқда, тадбиркорлик қўллаб-қувватланмоқда. Бунинг натижасида эса 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти ва 8 миллиондан ортиқ фуқарога қарийб 30 триллион сўмлик имтиёз ва преференциялар берилди, - дея фикр билдирди Танзила Норбоева.