Ўзгаришлар сарсонгарчиликларнинг олдини олади

Кейинги 3-4 йилда суд тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Аксарият ҳолларда бу янгиликлар турлича талқин этилмоқда. Ваҳоланки, амалга оширилаётган ҳар бир ўзгариш аввало инсон ҳуқуқлари олий қадрият бўлишини амалда кафолатлаш, шу билан бирга халқаро амалиётни кенг қўллашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
2020 йил 19 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда жамият ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Жумладан, суд қарорларини қайта кўришнинг процессуал тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги ҳамда Жиноят, Иқтисодий ва Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунлар маъқулланди.
Савол туғилиши табиий – нима ўзгарди, янги тартибнинг фуқароларга яратган қулайлиги ва енгиллиги нимада?
Бугунги кунда апелляция ва кассация инстанцияси судлари бир хил вазифани бажариб, биринчи инстанция судларининг қарорларини қайта кўриб чиқади. Улар бири қонуний кучга кирмаган суд қарорлари устидан берилган шикоятларни, иккинчиси эса қонуний кучга кирган суд қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиши билан фарқланади.
Киритилаётган ўзгартишга кўра, апелляция инстанцияси судида қонуний кучга кирмаган суд қарорлари устидан берилган шикоятларни, апелляция инстанциясида кўриб чиқилган ишларни эса кассацияда кўриб чиқиш тартиби белгиланмоқда.
Яъни, Сенат маъқуллаган қонунлар билан бир-бирини такрорловчи инстанциялар бекор қилинмоқда. Жумладан, халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд - биринчи инстанция (туман, шаҳар судлари, айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйича вилоят судлари, апелляция инстанцияси (вилоят даражасидаги судлар) ва кассация инстанцияси (Олий суд) тизими яратилади. Бу билан кассация тартиби вазифа ва ваколатларини такрорловчи амалдаги назорат тартибида иш юритиш бекор қилинмоқда.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексида биринчи инстанция судининг ҳукми ва ажрими устидан апелляция тартибида шикоят бериш муддати 10 кундан 20 кунга, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича апелляция шикоятларини бериш муддатлари 20 кундан 1 ойга қадар узайтирилмоқда.
Бундан ташқари, кассация тартибида шикоят беришнинг 6 ой бўлган муддати 1 йил этиб белгиланмоқда.
Мазкур ўзгартиришлар фуқароларнинг ортиқ оворагарчиликларининг олдини олади, одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириб, суднинг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишини таъминлашга, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича халқаро рейтингларда мамлакатимиз нуфузи ошишига хизмат қилади.
Шу ўринда яна бир гап. Янги ўрнатилаётган тартиб биринчи инстанция судида кўрилган ишни бир-икки ой ичида апелляция тартибида, уч-тўрт ой ичида Олий судда кўриш имконини беради. Бу судма-суд сарсон бўлишнинг олдини олади. Ўз навбатида қисқа муддатларда жабрланувчи, даъвогар ва ишдаги бошқа тарафларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланади.
Албатта, амалдаги тартибга жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институтини янада такомиллаштириш, жумладан, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принципига риоя этилишини таъминлашга қаратилган яна бир қатор ўзгартишлар киритилмоқда.
Муҳими, бу янгиликлар халқаро стандартлар нормаларини миллий қонунчиликка мослаштиришга хизмат қилади.
Абдуҳаким ОЛТИБОЕВ,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди судьяси.