Ўзимизга бефарқликдан қачон қутуламиз?
Шундай юқумли касалликлар борки, улар ўз вақтида даволанмаса, онкологик хасталикларни келтириб чиқариши мумкин. Мутасаддиларнинг айтишларича, уларнинг олдини олиш бўйича кўплаб ишлар олиб борилаяпти, йирик маблағлар сарф этилаяпти. Аммо... муаммо нимада?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратонидан кейинги ўринда туради ва кенг тарқалган саратон хасталиги ҳисобланади.
Туғиш ёшидаги аёллар орасида касалликлардан ўлим кўрсаткичи бўйича эса бачадон бўйни саратони кўкрак бези саратонидан кейин иккинчи ўринда туради. Ўзбекистонда бачадон бўйни саратони ҳар 100 минг нафар аёлдан 11 нафарида учрайди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, KOFIH фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Вируссология илмий тадқиқот институти томонидан “Онкологик касалликларни олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар” мавзусида матбуот анжуманида шу масалалар юзасидан фикрлашилди.
- Аёлларга бачадон бўйни саратонига чалинмасликлари учун 25-49 ёш даврларида ҳар 3 йилда, 50-64 ёш даврларида эса ҳар 5 йилда скрининг текширувларидан ўтиб туришларини тавсия этади, - дейди Вирусология илмий-тадқиқот институти вакили Раъно Қосимова. - Қизларни келажакда бачадон бўйни саратони касаллигидан сақлаш учун эса уларни 9-14 ёш даврида одам папиллома вирусига қарши эмлаш лозим.
Шунингдек, гепатит В ҳамда С вируси билан касалланишнинг оқибатлари ҳам онкологик хасталикларни келтириб чиқариши мумкин. Бутунжаҳон гепатит алянсининг 2021 йил июль ойидаги маълумотларига кўра, гепатит B ва C вируси сабабли ҳар йили 1,4 миллион одам вафот этади. Бу эса ОИТС ва безгакдан кўпроқ деганидир. Бугун юртимизда ушбу хавфли касалликни ўз вақтида профилактика ва диагностика қилиш, уларни даволаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг “Айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштиришга хизмат қилди.
Мазкур қарорда вирусли гепатитларнинг “В” ва “С” турларини эрта аниқлаш учун республиканинг барча ҳудудларида скрининг текширувларини ўтказиш ва касалликни даволаш қамровини ошириш борасида бир қатор муҳим вазифалар белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда юртимиздаги 65 дан зиёд оилавий ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда ушбу касалликни аниқлаш учун бепул скрининг ташкил этилди. 2024 йилнинг ярим йили давомида республика ҳудудларида 1 059 083 нафар аҳоли гепатит В ва С турларига текширилди. Улардан 32 203 нафарида сурункали вирусли гепатит В ва 35 200 нафарида вирусли гепатит С аниқланди. Скрининг текширувларида вирусли гепатитнинг С тури тасдиқланган 6230 нафар беморларни даволаш ўтказиш мақсадида вирусга қарши дори воситаларининг Софосбувир ва Даклатосвир дори воситалари тарқатилди.
Анжуманда бу каби скрининг текширувлари республика бўйлаб бепул амалга оширилаётгани, афсуски, аҳолининг аксарият қисми бундан бехабар эканлиги айтилди.-Нафақат гепатит, балки бугун аёллар орасида энг кўп учрайдиган онкологик хасталиклар ичида кўкрак бези саратонининг олдини олиш мақсадида ҳам мана бир неча йилдирки, доимий равишда скрининглар ўтказилмоқда, - дейди республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали раҳбари Фирдавс Ўлмасов. – Бу муаммонинг олдини олиш бўйича давлатимиз томонидан жуда катта миқдорда маблағ сарфланаяпти, энг замонавий аппаратуралар келтирилмоқда. Биргина шу йилнинг ўзида филиалимизга 6,5 миллион доллалик замонавий тиббий жиҳозлар келтирилди. Кўчма маммография эса соҳа ходимлари узоқ йиллар орзу қилган ускуна. У орқали аҳолини жойида текширувдан ўтказиш ва касалликни эрта босқичларда аниқлаш имконияти мавжуд. Афсуски, энг олис қишлоқ ҳудудларига борганимизда, одамларни текширувга чақириб келишни ўзи муаммо бўлаяпти. Ўз саломатлигига нисбатан бефарқликдан қачон қутуламиз? Ахир клиникамизга келаётган беморларнинг 53 фоизи хасталикнинг уч ё тўртинчи босқичида бизга мурожаат этаяпти. Ваҳоланки, шу ташхис эрта босқичларда аниқланса, беморнинг соғайиб кетиш имконияти анча юқори, тўғрироғи у тўла соғлом ҳаётга қайтиши мумкин. Онкологик касал бемор нафақат давлатга, балки оиласига, ўз ҳаёт тарзига жиддий зарар келтиради. Ўз саломатлигини, афсуски, кўп ҳолларда азиз умрини ҳам бой бериб қўяяпти.
Аслида ҳар қандай касалликни эрта босқичда аниқлаш бемор ҳаёти учун муҳим аҳамиятга эга. Баъзи давлатларда эса фуқаролар ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтмасаю, вақти келиб хасталикка чалинса, унинг даволаниши тўлиқ ўзининг гарданида қолади ва жуда қимматга тушади. Кеч қолганингизда эса саломатликни ҳам сотиб ололмайсиз.
Гулруҳ МЎМИНОВА.