Ўзини «ИИБ ходимиман» деб, фуқародан 5000 АҚШ доллари талаб қилган шахс қўлга олинди
Ички ишлар вазирлиги ШХББ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бир фуқаро ўзини Ўзбекистон Республикаси ИИВда ишлашини айтиб ички ишлар тизими билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиб беришини айтаётгани ва унинг эвазига фуқаролардан пул олаётганлиги тўғрисида маълумот олинган.
Олинган маълумотни текшириш мақсадида тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилган.
Ушбу фуқаронинг шахсига аниқлик киритилганда у 1992 йил Паст Дарғом туманида туғилганлиги, муқаддам ички ишлар органларида ишлаб кейин бўшаганлиги ва бугун вақтинча ишсиз эканлиги маълум бўлган.
Самарқанд шаҳрида яшовчи 40 ёшли фуқаро Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 7-сонли ИИБга мурожаат қилиб борган вақтида, ўзини Ўзбекистон Республикаси ИИВда ишлашини айтиб, нима сабабдан ИИБга келганини сўраб билган. Уни қўрқитиб ишини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига ундан 5000 АҚШ доллари талаб қилган. Фуқаро ҳам уддабуронлик қилиб ўрталарида бўлиб ўтган суҳбатни ўзига тегишли бўлган телефон аппарати ёрдамида ёзиб олган ва ёзиб олинган овозни ИИВ ШХББ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимларига топширган.
Шунга асосан жорий йилнинг 2 март куни ИИВ ШХББ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, ўзини ички ишлар ходими деб таништирган шахс фуқародан 5000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олаётган вақтида қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов боқармаси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.