Ўзини “МИБ ходими” деб таништирган чилангарларнинг найранги фош бўлди
Каттақўрғон тумани Дўстлик маҳалласида яшовчи фуқаро Қ.Т. Мажбурий ижро бюроси туман бўлимига мурожаат қилди.
Унинг аризаси юзасидан ўтказилган текширув ҳаракатлари давомида Самарқанд вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиалига қарашли туманлараро 4-газ таъминоти участкаси туман ҳудудининг газ ускуналарини таъмирлаш ва ишлатиш бўйича чилангарлари Э.Ҳ., Ф.М., А.Т. лар олдиндан тил бириктириб, жиноятга қўл урган. Яъни, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида Қ.Т.нинг хонадонига табиий газдан фойдаланиш аҳволини кўрикдан ўтказиш учун боришган.
Э.Ҳ. ўзини “Мажбурий ижро бюроси ходими” деб таништириб, Қ.Т.нинг аризасига асосан 2014 йил март ойида хонадонда табиий газ тармоқдан узилганлигини билган ҳолда хонадонни табиий газ тармоғига улаш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида қайта улов тўлови учун Қ.Т.нинг пластик картасидан 420 минг сўм пулларни “Clik” дастури орқали ўзининг пластик картасига ўтказган.
Хонадон соҳибасининг ишончига кириш учун Э.Ҳ. газ ҳисоблаш ускунасини қиёсловдан ўтказиш учун ўрнатилган жойидан ечиб берган.
Шундан сўнг А.Т. фуқаро Қ.Т.нинг хонадонида ҳақиқатда фойдаланилмаган табиий газ учун 1 дона газ плита билан 2 дона иситиш печларини йиллик кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисидаги далолатномани тузган.
Э.Ҳ. пластик картасига тушган 420 минг сўмдан туманлараро 4-газ таъминоти участкаси туман ҳудуди кассасига 102 минг сўмни тўлов қилиб, қолган 318 минг сўм пулларни шерикларига тақсимлаган.
Текширув ҳаракатлари давомида Э.Ҳ., Ф.М. ва А.Т. ўз айбларига иқрор бўлди. Фуқаро Қ.Т.дан фирибгарлик йўли билан олинган 420 минг сўм ихтиёрий равишда қайтарилди ва тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон тумани бўлими томонидан жиноятчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, туман прокуратурасига юборилди.
Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон тумани бўлими.