Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар қандай имтиёз ва енгилликларга эга?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлдаги
566-сонли “Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини жорий этиш тўғрисида”ги қарори билан “Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси бериш тартиби тўғрисидаги Низом” тасдиқланди.
Кимлар ўзини ўзи банд қилган фуқаро ҳисобланади?
Ўзини-ўзи банд қилган фуқаролар – хизматлар кўрсатишни, ишлар бажаришни мустақил амалга оширадиган, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинмаган ва ёлланма меҳнатдан фойдаланмайдиган, меҳнат стажи ҳисобга олиниши ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи билан вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини расмийлаштирган шахслардир.
Ўзини ўзи банд қилганлар жумласига қуйидаги жисмоний шахслар киради:
- меҳнат даромади олишга йўналтирилган жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни мустақил амалга оширадиган;
- якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинмаган;
- ўз фаолиятида ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланмайдиган жисмоний шахслар.
Якка тартибдаги тадбиркорлардан ташқари, ҳунармандчилик фаолияти субъектлари ва деҳқон хўжаликлари аъзолари ўзини ўзи банд қилувчилар деб ҳисобланмайди.
Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори билан тасдиқланган рўйхатга киритилган 24 та фаолият (хизматлар, ишлар) турлари бўйича меҳнат органлари томонидан улар доимий яшаш жойидан қатъи назар (экстерриториаллик принципи бўйича) Вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилади.
Гувоҳнома қандай олинади?
Меҳнат гувоҳномасини бериш учун ариза ўзини ўзи банд қилган фуқаро томонидан меҳнат органига шахсан тақдим этилиши, вакили орқали, буюртма хат билан ёхуд электрон шаклда меҳнат гувоҳномаларини олиш учун онлайн-майдонча орқали юборилиши мумкин.
Аризада:
ариза берувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми;
паспорт серияси ва рақами;
солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);
ариза берувчи меҳнат гувоҳномасини олишни хоҳлаган муддат (ойлар сони);
ўзини ўзи банд қилган фуқароларга улар бўйича вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бериладиган тасдиқланган Фаолият (хизматлар, ишлар) турлари рўйхатидан хизматлар (ишлар) турлари (ариза берувчининг хоҳишига кўра) кўрсатилади;
ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини юритишнинг мўлжалланаётган жойи (ҳудуд) (ариза берувчининг хоҳишига кўра кўрсатилади);
ариза берувчининг почта манзили, мобиль телефон рақами ва у билан боғланиш мумкин бўлган бошқа маълумотлар;
ариза берувчи олишдан манфаатдор бўлган меҳнат органи томонидан тақдим этиладиган имтиёзли хизмат(лар) тур(лар)и кўрсатилади (ариза берувчининг хоҳишига кўра кўрсатилади).
Аризага:
ариза берувчининг 3х4 ўлчамли битта фотосурати;
меҳнат гувоҳномасини бериш учун ариза беришда ариза берувчи томонидан кўрсатилган муддатга мос миқдорда (ойлар сони) меҳнат гувоҳномаси берилганлиги учун белгиланган тўлов тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг нусхаси илова қилинади.
Тўлов миқдори ҳужжат бериладиган муддатга боғлиқ ва базавий ҳисоблаш миқдорига каррали ҳисобланади:
- 1 ойга – 0,5;
- 3 ойга – 1,4;
- 6 ойга – 2,6;
- 9 ойга – 3,7;
- 12 ойга – 4,5.
Ўзини ўзи банд қилган фуқаро онлайн-майдонча орқали ариза берган бўлса, уни тасдиқлаш ўз мобиль алоқа воситасига қисқа хабар “SMS-хабар” олиш орқали олинган тегишли кодни киритиш йўли билан тасдиқланади.
Бунда аризага қуйидаги файллар бириктирилади:
ариза берувчининг 3х4 ўлчамли фотосуратлари;
ариза берувчи меҳнат гувоҳномасини олишни хоҳлаган муддатга (ойлар сонига) мувофиқ миқдорда меҳнат гувоҳномаси берилганлиги учун белгиланган тўлов тўланганлигини тасдиқловчи сканерланган тўлов ҳужжати. Тўловни онлайн-майдонча орқали амалга оширишга йўл қўйилади.
Аризалар 3 кунда кўриб чиқилади.
Вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси нима беради?
Биринчидан, солиқ имтиёзлари:
- ўзини ўзи банд қилиш сифатида меҳнат фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган даромадларга Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди;
- ташкилотлар жалб қиладиган кўрсатилган фуқаролар меҳнатига ҳақ тўлаш Ягона ижтимоий тўловларни ҳисоблаб чиқариш объекти ҳисобланмайди.
Иккинчидан, меҳнат фаолияти ҳақиқатда бажарилган ёки бажарилмаганлигидан қатъий назар гувоҳномада кўрсатилган давр ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш стажига ҳисобланади.
Учинчидан, камида 6 ой амал қиладиган муддатга меҳнат гувоҳномасини расмийлаштирган ўзини ўзи банд қилувчи меҳнат органи тавсиясига кўра ўз фаолият тури учун имтиёзли микрокредитлар олиши мумкин.
Тўртинчидан, ўзини ўзи банд қилувчиларга (3 ойгача давом этадиган) қисқа муддатли касбга ўқитиш, қайта ўқитиш ва малака ошириш, шунингдек, тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш курсларида бепул ўқитиш кафолатланади.
Бешинчидан, ўзини ўзи банд қилганларга меҳнат қуролларини (мотокультиваторлар, ўт ўриш ўроқмашиналари, перфораторлар, пайвандлаш аппаратлари ва ҳоказо), шахсий ҳимоя воситалари ва иш кийимини имтиёзли асосда ижарага бериш пунктлари очилади.
Олтинчидан, гувоҳномада кўрсатилган давр пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг меҳнат стажига киритилиши билан биргаликда, фуқароларга банклардан Бандликка кўмаклашиш жамғармалари ҳисобига имтиёзли микрокредитлар ажратилади.
Меҳнат гувоҳномаси ариза берувчининг хоҳишига кўра 1 ойдан 12 ойгача муддатга, меҳнат органлари томонидан фуқароларнинг доимий яшаш жойидан қатъий назар берилади.
Амал қилиш муддати тамом бўлгунга қадар янги гувоҳнома олиш учун такроран мурожаат қилиш мумкин, бундай такрорий мурожаатлар сони чекланмаган.
Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори билан, ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари, уларнинг эгаларига меҳнат стажини ҳисобга олиш ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилишини назарда тутадиган тартиб 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб жорий этилади.
САМАРҚАНД ВИЛОЯТ БАНДЛИК БОШ БОШҚАРМАСИ