«Озодлик ороли»га қилинган ҳужум ёки Фидель Кастрога илк суиқасд

Узоқ йиллар Куба давлати АҚШнинг шакарқамиш етказиб берувчи майдонига айланиб келган. 1959 йилги инқилобдан сўнг ҳукумат тепасига Фидел Кастро келгач, 400 гектарга яқин ерни америкалик бойларнинг қўлидан тортиб олиб камбағал деҳқонларга бўлиб берди. Асосан америкаликларга қарам бўлган ўнлаб корхона ва банклар ҳам давлат ҳисобига ўтказилди. 1960 йилга келиб АҚШ бунга жавобан Куба билан сиёсий ва савдо-сотиқ алоқаларини бутунлай узди.

Бироқ бу босим «Озодлик ороли»ни қўрқита олмади. Кастро эса ёрдам сўраб СССРга мурожаат қилди. 1960 йилнинг февраль ойида Куба пойтахти Гаванага собиқ Совет иттифоқи раҳбарларидан бири Микоян келиб Совет-Куба савдо шартномасини тузишга муваффақ бўлди. Битимга кўра, СССР Кубадан шакарқамиш сотиб оладиган, океан ортига эса нефть ва нефть маҳсулотлари, шунингдек, 100 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит берадиган бўлди.

Кубаликларни иқтисодий таназзулга учратиш осон эмаслигини билган АҚШ президенти Эйзенхауэр Кастро ҳукуматини ағдаришга тайёргарлик кўра бошлади. У Куба революцияси туфайли Флоридада ўрнашиб олган кубалик эммигрантларнинг қўллаб-қувватлашига ишонди. Марказий разведка бошқармаси уларни тайёрлаш учун 13 миллион доллар маблағ ажратди.

Ёлғон ваъда

Куба ҳукуматини ағдариш ҳаракатлари энди бошланган вақтга келиб АҚШда президент ўзгарди. Янги президент Жон Кеннеди Кубага қарши режани маъқуллади. Майамида яшовчи кубалик эмигрантлар «Куба революцион кенгаши» номли ҳукумат тузишди. Бироқ янги президентга уларнинг бу қадар очиқ иш олиб бориши ёқмади. Мустақил давлатга ошкора ҳужум кўп давлатларга, жумладан СССРга ёқмаслиги мумкин деб ҳисобларди Кеннеди. Хуллас, «Озодлик ороли»га ҳужум режаси 1961 йил 4 апрелда тайёр бўлди.

Операция бошланишидан бир неча кун илгари Кеннеди матбуот конференцияда АҚШ қуролли кучлари ҳар қандай вазиятда ҳам Кубага ҳужум бошламайди, деб эълон қилди. Аммо Никарагуа, Гватемала ва АҚШнинг ўзидаги ҳарбий лагерларда жангариларни тайёрлаш давом эттирилди. Кастронинг рақиблари эса Кубанинг ўзида ҳужумга тайёрланаётган эди. Бироқ Куба хавфсизлик хизмати «Бешинчи колонна» раҳбарларини қамоққа олди.

Америкаликлар кубалик эмигрантлардан тузилган ҳарбий қўшин қўмондони Хосе Альфредо Сан-Романга ҳужум амалга ошмай қолганида денгиз пиёдаларини ёрдамга юборишларини ваъда қилишганди. 1961 йилнинг апрелида Кубада бор-йўғи 24 та ҳарбий самолёт бор эди. 15 апрель куни 8 та америкалик самолётлар кубаликлар аэродромига бомба ташлади. Бироқ кубаликлар ўз авиатехникаларини яширишга улгурди. Бор-йўғи иккита бузуқ учувчиларсиз турган самолёт портлади, холос. Кубаликлар 2 та америкаликларнинг самолётини уриб туширди.

Ҳужум ва мағлубият

Жангарилар 16 апрель куни кечаси икки марта Орьенте провенциясига қирғоқ бўйига ҳужум қилди, аммо, барча уринишлар зое кетди. 17 апрель кечаси кубалик эмигрантлардан иборат жангарилар Кочинос бўғозига ўтишга муваффақ бўлишди. Бироқ юз кишидан иборат халқ милицияси жангчилари уларга қаттиқ қаршилик кўрсатди. Натижада Куба ҳукуматини «бир нафас»да босиб олиш уларга насиб қилмади. 

Ҳукумат қўшинлари жангариларни қирғоқ бўйи туманларидан бирига қисиб, артиллерия ва танклардан ўқ тута бошлади. Кастро қўшини устига самолётлардан бомба ташлашдан жангарилар бош тортишгач, америкалик учувчилар осмонга кўтарилишди. Бироқ зенит тўплари остида қолишди. Натижада иккита самолёт уриб туширилди.

1961 йил 19 апрелда америкаликларнинг ҳужум режаси бутунлай барбод бўлди. Мазкур ҳужум натижасида Марказий разведка бюроси ходимлари ва жангарилардан 120 нафари ҳалок бўлди. 1200 киши асирга олиниб, 4 десант кемаси чўктирилди. Шунингдек, рақибларнинг 12 самолёти, 10 танки ва  20 бронемашинаси ишдан чиқарилди. Кубаликлар эса 156 жангчи, 2 самолёт ва 1 танкидан айрилди.

Қисқа муддат давом этган жанглардан сўнг нотўғри режа тузган Марказий разведка бюросининг директори ишдан кетди.

АҚШ қўшинларининг кутилмаганда мағлубиятга учраши халқаро майдонда катта шов-шув кўтарди. БМТ бўлиб ўтган йиғилишда 40 давлат вакиллари америкаликларнинг тинч Кубага бўлган қонли урушини қоралаб чиқди. Айрим давлатларда намойишчилар Америка элчихоналарини қамал қилишди. Куба ҳукумати етказилган зарарни 53 миллион долларга баҳолади. Келгуси йилда АҚШ ҳукумати асирларни қайтариши эвазига 53 миллион долларлик дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берди.

Шундай қилиб АҚШнинг Куба қаҳрамони Фидель Кастронинг йўқ қилиш режаси бутунлай барбод бўлган эди.

Дилмурод Тўхтаев таржимаси.