Пальмадаги вулқон портлаш босқичида

Олимларнинг фикрича, бир ҳафта олдин Канардаги Пальма оролида бошланган вулқон портлаш босқичига етиб келди. Бу эса маҳаллий аҳоли учун катта хавф туғдиради. Пайдо бўлган янги ёриқдан олдингига нисбатан юқори тезликда оқаётган лава йўлида учраган ҳамма нарсани кул қилмоқда.

25 сентябрь, шанба куни ҳавога кул чиқариш кўпайди ва кўриш даражаси ёмонлашгани сабабли ҳаво майдони ёпилди. Учиш-қўниш йўлагини кулдан тозалаш катта ҳаракат талаб этади. Орол билан ҳаво қатнови ҳали тикланмаган ва Пальма шаҳрини тарк этмоқчи бўлган минглаб одамлар Испанияга сони ва рейслари оширилган паромларда кетмоқда. 6 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди.

Вулқон уйғонганидан буён 200 гектарга яқин майдон лава билан қопланди, 450 дан ортиқ уй вайрон бўлди. Агар фаоллик давом этса, яна 2 мингга яқин уй вайрон бўлиши мумкин.

Ҳозир лава оқими океан соҳилига яқинлашмоқда, унга икки километрдан ҳам озроқ масофа қолди. Қизиган жинснинг шўр сувга тушиши эса ҳавога заҳарли газлар ташланишига олиб келади.