Пандемия даврида Самарқандда онлайн омонатлар 59 фоизга ортди

Матбуот уйида Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Сувонқулов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда Президентимиз томонидан коронавирус пандемиясининг иқтисодий тармоқларга салбий таъсирини юмшатиш, аҳоли ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш юзасидан қабул қилинган қарор ва фармонларининг ижросини таъминлаш борасида вилоят банк тизимида амалга оширилган ишлар бўйича маълумот берилди.

Ҳозирда вилоятда 73 та банк филиали, 110 та банк хизматлари маркази ва минибанклар, 98 та валюта айирбошлаш шохобчаси, 119 та 24/7 режимда ишлайдиган шохобчалар доимий режимда ишламоқда.

Коронавирус пандемияси ва глобал иқтисодий инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини камайтириш юзасидан вилоятда 340 та “Хумо” тизимидаги, 224 та “Узкарт” тизимидаги, умумий 564 та банкомат етарли миқдордаги нақд пул маблағлари билан узлуксиз таъминланмоқда. Улардан банк хизматлари фойдаланувчилари 20 мартдан 26 октябрга қадар 2,8 триллион сўм маблағ чиқим қилинди. Бу миқдор ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 триллион сўмга ортиқ ёки икки баробарга кўп. Вилоятда банкоматлар тармоғини янада кенгайтириш мақсадида март-октябрь ойларида 165 та банкомат ўрнатилди. Йил якунигача яна 42 та банкомат ўрнатилади.

Масофавий банк хизматларини ривожлантириш мақсадида банкларимиз томонидан “онлайн” чакана кредитлар, халқаро пул ўтказмаларини масофадан туриб олиш ва жўнатиш, тўлов карталарини масофадан туриб очиш, “онлайн” омонат, автоматлашган айирбошлаш шохобчалари орқали кўрсатиладиган хизматлар ҳажми ва кўламини ошириш борасида ишлар олиб борилмоқда.

Мисол учун, апрель-октябрь ойларида ажратилган “онлайн” кредитлар 15 миллиард сўмни, жалб қилинган “онлайн” омонатлар 61 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 32 фоиз ҳамда 59 фоизга ортган.