Пандемия шароитида иқтисодиёт: муаммоларнинг ечими бор
Коронавирус пандемияси натижасида бугун жаҳон иқтисодиётининг барча реал тармоқларида саноат, қишлоқ ҳўжалиги, савдо, қурилиш, транспорт, туризм ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларида сезиларли даражада пасайиш ва ишсизлик кузатилмоқда.
Инсоният ўз тарихида жуда кўп фалокатларни бошидан кечирган, бир неча бор турли кўринишдаги инқирозлар рўй берган бўлса-да бунақа ҳолат кузатилмаган, деб таъкидланмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) дунёни қамраб олган пандемиянинг чуқур ижтимоий ва иқтисодий оқибатлари кундан-кунга оғирлашиб бораётганлигини қайд этмоқда.
Олдинлари инқирозлар асосан иқтисодий бўлиб, маълум даражада ижтимоий ҳаётга ҳам салбий таъсир кўрсатган. Бугунги инқироз эса ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан баб-баравар баҳоланмоқда.
ЖССТ раҳбари Тедрос Адан Гебреисус Женевадаги ташкилотнинг бош қароргоҳида бўлиб ўтган кундалик брифингда карантин чоралари шошилинч равишда олиб ташлаланмаса, бу глобал иқтисодий секинлашувга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Халқаро экспертларнинг фикрича жаҳон савдо айланмаси 30 фоизга камаяди, 40 миллиондан ортиқ киши ишсиз қолиши эҳтимоли мавжуд. Европа иттифоқи давлатларида 2020 йилнинг бошида ишсизлик даражаси ўртача 6,2 фоизни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич Испания, Италия, Франция, Греция каби давлатларда ўртача 12 фоиздан ошиши кутилмоқда. Жорий йилнинг май ойида ишсизлик даражаси АҚШда ҳам мисли кўрилмаган даражада ошгани айтилмоқда.
Халқаро валюта жамғармасининг жорий йил биринчи ярмида базавий прогнозларига кўра, 2020 йилда жаҳон иқтисодиёти 3 фоизга қисқариши кутилмоқда. Иқтисодий пасайиш ривожланган давлатларда 6,1 фоизни (шу жумладан, АҚШда 5,9 фоиз, Евроҳудуд мамлакатларида 7,5 фоиз), ривожланаётган мамлакатларда 1 фоизни, шунингдек, Россияда 5,5 фоизни ва Қозоғистонда 2,5 фоизни ташкил этиши мумкин.
Жаҳонда содир бўлаётган бундай вазият Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини ўтказиб турибди. Жорий йил биринчи чорагида мамлакатимиздаги иқтисодий ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврга нисбатан 1,6 фоизга пасайиши кузатилган. Бундан ташқари, инвестициялар ўзлаштириш ҳажми ҳам сезиларли қисқарган. Бу ҳақда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан Ўзбекистон иқтисодиётининг жорий ҳолати ва кутилаётган тенденциялар бўйича маълумотида қайд этилди. 2020 йилнинг иккинчи чорагида эса иқтисодий ўсиш суръати 4,1 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичига (5,7 фоиз) нисбатан 1,6 фоиз камайиши кузатилган.
Ушбу ҳолатлар мамлакатимизда ҳам бир қанча муаммоларни келтириб чиқармоқда ва мавжуд айрим муаммоларни янада кучайтирмоқда. Шу сабабли давлатимиз томонидан карантин шароитида ишлаш, айниқса, ишсизлик ва озиқ- овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга жиддий эътибор қартилмоқда.
Ўзбекистонда пандемия шароитида вужудга келган умумий муаммоларни ҳал қилишнинг ўзига хос йўллари ишлаб чиқилди. Давлат раҳбари ва ҳукумат томонидан бир қатор муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди. Шу асосида молия вазирлиги ҳузурида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди. Иқтисодиётда банд бўлган жисмоний ва юридик шахсларга солиқ тўлаш муддати кечиктирилди, айрим субьектлар эса жорий йил охиригача солиқ тўловидан озод этилди. Тадбиркорлик субъектлари ва корхоналарга қатор имтиёзлар тақдим этилди, айрим қарздорликлар кечиктирилди, дебиторлик қарздорлик учун жарима қўллаш тўхтатилди, аудиторлик текширишлар йил охиригача бекор қилинди, коронавирус пандемияси туфайли кўрилган талофатларни камайтириш бўйича яна бошқа бир қатор енгилликлар берилди.
Мамлакатимиз ЯИМни яратишда хизмат кўрсатиш соҳасининг ўрни ва роли сезиларли даражада бўлиб, қарийб унинг ярмини ташкил қиларди. Ҳозирги кунда хизматлар соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ўртача 35 фоиздан юқори бўлса-да фаолияти чекланган хизмат турларининг ушбу кўрсаткичдаги улуши 10 фоизни ҳам ташкил этмайди. Хизмат кўрсатишнинг пасайиши талабнинг таклифга нисбатан юқорилигини таъминлайди, бу эса нархлар мувозанатига ҳам салбий таъсир ўтказади. Иқтисодий пасайиш ҳолатининг давомий бўлиши ишсизлик муаммосининг янада кучайишига олиб келади, унинг даражасини оширади ва аҳолининг тўлов қобилияти кескин тушиб кетишига сабаб бўлади.
Ишсизлик муаммоси Ўзбекистонда ҳам бошқа давлатлар қатори асосий муаммолардан бири ҳисобланади. Ушбу муаммо нималар эвазига пайдо бўлди?
Биринчидан, жуда кўп корхоналар фаолиятини тўхтатди.
Иккинчидан, ташқарида ишлаб юрган юртдошларимиз қайтиб келди ва уларнинг яна орқага қайтиб кетишга имконияти чекланган.
Учинчидан, ҳар йили минглаб меҳнатга қобилиятли аҳоли етишиб чиқади. Буларнинг ҳаммасига янги иш ўрни керак бўлади.
Мамлакатимизда фаолият кўрсатиб турган ходимларнинг ишсиз бўлиб қолиш жараёни асосан хизмат кўрсатиш соҳаларида намоён бўла бошлади, яъни хизмат кўрсатиш соҳалари – авиация, темир йўл, туризм, меҳмонхоналар тармоғи, овқатланиш ва бошқалар фаолияти деярли тўхтаб қолди.
Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларнинг 3 миллионга яқини Россия ва Қозоғистонда фаолият юритиши, ушбу давлатларда ҳам ҳозирги вақтда пандемиянинг таъсири туфайли ишсизликнинг юзага келиши натижасида уларнинг маълум қисми ватанимизда эканлиги, чегараларнинг ёпилиши ишчи кучи миграциясининг тўхташига олиб келди ва иқтисодий жараёнларга янада салбий таъсир кўрсатади. Қолаверса, айни пайтда юртимизда 12-15 фоиз ёки 4-5 миллион аҳоли камбағаллик даражасида яшаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Буларнинг ҳам аксарият қисми муносиб иш ўринларига эга бўлмаганлар ва ишсизлардан иборатдир.
Озиқ-овқат муаммоси – бу мамлакатимизда коронавирус пандемияси-нинг таъсири натижасида юзага келадиган нозик муаммолардан биридир. Бунга карантин пайтида ишнинг нисбатан “тўхтаб” қолиши сабаб бўлса, яна бир муаммо халқаро алоқаларнинг узилиши, чегараларнинг ёпилиши, ташиш хизматларининг пасайиши товар ва хизматларнинг алмашинуви билан боғлиқ. Бир қатор давлатларда эпидемиолигик вазият ва карантин қишлоқ хўжалик ишларини батамом тўхтатиб қўйди. Дунёнинг кўпгина давлатлари озиқ-овқат ҳавфсизлигини таъминлаш мақсадида маъмурий ва иқтисодий чекловларни қўлламоқда. Натижада бизнинг ҳамкорларимиз ҳам маҳсулотларини бизга ҳам сотишни тўхтатиб қўйди.
Жумладан, Россия 1 июлгача буғдойни четга олиб чиқишни тақиқлади. Жавдар, арпа ва маккажўхори экспортини ҳам вақтинча тўхтатди ва буни мамлакат ички эҳтиёжларини қондириш зарурияти билан изоҳлайди. Қозоғистон эса қўшнилари – Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистонга 1 августгача ҳар ой 200 минг тонна буғдой, 60 минг тонна ун экспорти квотасини жорий этди. ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи ҳудудидан ташқарига пиёз, саримсоқ, жавдар, шолғом, гуруч, ёрма, ғалла-дон, қорабуғдой, тариқ, бутун донли ун, тозаланган гречка, соя дуккаклари, кунгабоқар уруғларини олиб чиқиш 30 июнга қадар тақиқланди. Ушбу маҳсулотларнинг асосий ишлаб чиқарувчилари - Россия ва Қозоғистон ҳисобланади.
Украина эса жорий йилнинг 1 июлига қадар гречкани экспортга чиқаришни тақиқлади.
Осиё давлатлари дуккакли маҳсулотлар ва гуруч экспортига квота белгилади.
Умуман олганда, барча давлатлар аввало ўзида озиқ-овқат муаммосини ҳал қилишнинг чора-тадбирлари ишлаб чиқа бошлади. Бундай шароитда Ўзбекистон қандай йўл тутиши керак, ушбу муаммоларни ҳал этиш учун нима қилиш лозим ва яна нима ишларни амалга ошириш мумкин, деган саволлар кўндаланг бўлиб турибди.
Ишсизлик ва озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш йўлларидан бири – томорқадан самарали фойдаланиш билан боғлиқ. Бугунги кунда ҳукумат томонидан томорқада янги лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан 350 миллиард сўм ажратилди. Мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотлари етиштириш ҳажмини 2 баробар ошириш, қорамол боқиш бўйича оилавий кооперация фаолиятини йўлга қўйиш, ҳар бир оилани парранда боққан даври учун 500 минг сўмдан рағбатлантириш каби амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Албатта, бутун мамлакат аҳолисининг ҳаёти уйда кечаётган бир пайтда тўқ яшашнинг муҳим омиллардан бири қишлоқ жойларида томорқа ва қишлоқ хўжалигидан фойда олишдан бошқа яна нима бўлиши мумкин? Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатлардан келган меҳнат муҳожирларимизнинг асосий қисми қишлоқ жойлари истиқомат қилади. Давлатлар ўртасидаги чегараларнинг ёпиқлиги, халқаро ишчи кучи миграциясининг вақтинчалик инобатга олинганлигини ҳисобга олиб, томорқадан унумли фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш жараёнида вақтинчалик ишсиз ҳисобланган меҳнат муҳожирлари ҳам фаол қатнашса мақсадга мувофиқ бўлади.
Президентимиз 2020 йил 8 апрелда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, томорқачиликни ривожлантириш масалалари бўйича, 14 апрель куни эса ушбу масалани янада чуқурлаштириш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини янада оширишга қаратилган видеоселектор йиғилиш ўтказиб, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси вакиллари учун ушбу инқироз катта синов бўлиши билан бирга, кенг имкониятлар даври эканлигини қайд этди. Бу борада кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўриш йўллари ҳам кўрсатиб берилди. Чунки озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжнинг 80 фоиздан ортиқроғи айнан қишлоқ хўжалиги орқали қондирилади.
Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги мамлакатимизда аҳолининг даромадларини ошириш, бандлигини таъминлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини тўлиқ бартараф қилиш билан бирга, мева ва сабзовотларни хорижий мамлакатларга экспорт қилишдек катта имкониятларга ҳам эга. Чунки соҳа ходимларининг ўз кучларини тўлиқ сафарбар қилиб ишлаши, иш натижаси бўйича манфаатдорликка эга бўлиши учун имконият яратилган.
Мазкур вилеоселекторларда ва вазиятни юмшатиш бўйича қабул қилинаётган фармон ва қарорларда аҳоли, айниқса қишлоқ хўжалик ходимлари олдига бир қанча устувор вазифалар қўйилди. Булар нималардан иборат?
Биринчидан, мамлакатимизда мавжуд суғориладиган ва экин экаладиган ерлардан унумли фойдаланиш лозим. Ҳар бир қарич ердан имкон қадар уч марта, бўлмаса икки марта ҳосил олиш чораларини кўришга тўғри келмоқда.
Иккинчидан, ҳар бир ҳудудга мос экинларни экиш, янги ҳосилдор навларни етиштириш, имконияти бор жойларда замонавий инновацион технологияларга асосланган иссиқхоналарни кўпайтириш, томорқадан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиш. Бу борадаги ишларни бутун мамлакат бўйлаб оммалаштириш зарур.
Учинчидан, ҳосилдор ва сермаҳсул чорва молларини кўпайтириш, хориждан келтирилган, мамлакатимизга мослаштирилган чорва молларини барча ҳудудларда тарқатиб, маҳсулдорликни кўтаришга эришиш.
Тўртинчидан, янги ерларни ўзлаштириш, уруғчиликни ривожлантириш, четдан олиб келинаётган уруғларни ўзимизда етиштириш ва минерал ўғитларни шуларга мос ҳолда ишлаб чиқариш.
Бешинчидан, мамлакатимизга импорт қилинадиган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, айниқса ғалла ва бошқа маҳсулотлар ўрнини қоплаш билан бирга, уларнинг ўрнига мева-сабзовот маҳсулотларини экспорт қилиш.
Олтинчидан, чорва молларига озуқа, қишлоқ хўжалик экинларига минерал ўғит тайёрлаш масаласига алоҳида аҳамият қаратиш.
Еттинчидан, аҳоли уй шароитида банд қилиш мақсадида чорвачилик, парандачилик, балиқчилик, ипакчилик, асаларичилик, касаначиликни ривожлантириш.
Саккизинчидан, барча тадбирларни молиялаштириш, имкон қадар тадбиркорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан, етишмаган жойларда тижорат банклари маблағларидан самарали фойдаланиш механизмини янада такомиллаштириш.
Шу ва бошқа чоралар давлатимиз ва халқимизнинг бугунги пандемия давридан кам талофат билан, иқтисодий ва ижтимоий муаммолар кўпайиб кетишининг олдини олган ҳолда чиқишига ёрдам беради.
Мамаюнус ПАРДАЕВ, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори,
иқтисод фанлари доктори.
Алишер ЭШТАЕВ, Самарқанд давлат университети проректори,
иқтисод фанлари доктори, доцент.
ЎзА.